Бугун деярли барча соҳа, ҳатто, шахсий ҳаётимиз ҳам рақамли муҳит билан боғланиб қолган. Бироқ бу қулайликлар билан бирга янги хавф-хатарлар ҳам пайдо бўлмоқда. Шу сабабли ахборотни ҳимоя қилиш ва киберҳужумларнинг олдини олиш долзарб вазифага айланди.
Жорий
йил 12 март куни Президентимиз кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш
ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг
олдини олиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишиши чоғида
ҳам ушбу жиҳатларга алоҳида тўхталган эди.
Бугун
интернет тармоғида ахборот тарқатиш ва маълумот излаш имконияти кенг. Жумладан,
Ўзбекистонда интернетга кирувчилар сони 31 миллиондан ошган бўлиб, шундан 14 миллиони ижтимоий тармоқлардан фаол
фойдаланмоқда.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузарларнинг интернет ва ижтимоий
тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кун сайин ортиб бормоқда.
Хусусан, сўнгги олти йилда юртимизда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48
баравар ошган. Ўтган йили фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирликларнинг 76
фоизи кибермаконда содир этилган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга
етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан кўп.
Кўриниб турибдики, киберхавфсизлик фақат техник воситалар билан боғлиқ эмас.
Бунда инсон омили ҳам муҳим. Яъни фойдаланувчининг билими, интернетни ишлатиши
ва масъулияти катта аҳамиятга эга. Амалиёт кўрсатадики, кўплаб киберҳужумлар
айнан одамларнинг эҳтиётсизлигидан келиб чиқади. Масалан, шубҳали ҳаволаларга
кириш, ишончсиз дастурларни юклаб олиш ёки шахсий маълумотларни ҳимоясиз ҳолда
тарқатиш катта хавф туғдиради.
Шунинг
учун киберхавфсизлик маданиятини шакллантириш жуда муҳим. Бунинг учун эса онгли
ҳаракат кўникмаси керак. Бу фақат АT
мутахассислари эмас, балки ҳар бир фуқаро учун зарур. Чунки глобал тармоқдан
фойдаланувчи ҳар қандай инсон киберхавфларга дуч келиши мумкин. Зеро, бугун
фишинг, вируслар, маълумот ўғирлаш ва аккаунтларни бузиш ҳолатлари кенг
тарқалган.
Бу
жараёнда таълим тизими алоҳида аҳамиятга эга. Болаларга ёшлигидан интернетдан
тўғри фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва хавфларни англашни ўргатиш
зарур. Шу билан бирга, ўқитувчилар ва ота-оналар ҳам бу борада етарли билимга
эга бўлиши керак. Чунки болаларнинг хавфсизлиги кўп жиҳатдан катталар
назоратига боғлиқ.
Жамиятда
рақамли саводхонликни ошириш муҳим. Одамларга интернетдаги фирибгарликларни
таниш, ишончли манбаларни ажратиш ва ўзини ҳимоя қилишни ўргатиш керак. Бу ишда
оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва давлат ташкилотлари фаол
иштирок этиши лозим.
Яъни
киберхавфсизлик маданиятини шакллантириш ҳаётий эҳтиёждир. Ҳар бир инсон интернетдан онгли ва
масъулиятли фойдаланишни ўрганса, хавфсиз ва ишончли рақамли муҳитни барпо этиш
мумкин.
Киберхавфсизлик
маданияти технологиялар тез ривожланиши шароитида алоҳида аҳамият касб
этаётир. Илгари киберхавфсизликка кўпроқ техник масала сифатида қаралган бўлса,
ҳозир у инсоннинг билими, одатлари ва хулқ-атвори билан боғлиқ кенг тушунча
сифатида ўрганилмоқда.
Халқаро
стандартларда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, ISO/IEC 27001
стандартида ташкилотларда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун ходимларни
ўқитиш, хабардорлигини ошириш ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиш муҳимлиги
белгиланган. Шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан тайёрланган ҳисоботларда
аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ва киберхавфсизлик маданиятини ривожлантириш
муҳим вазифа сифатида кўрсатилади.
Одамларга
шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернетда эҳтиёткор бўлиш ва шубҳали
ҳаволалардан сақланиш каби оддий, аммо жуда фойдали маслаҳатлар берилади.
Бундай манбаларнинг асосий мақсади ҳар бир инсонда хавфсизлик одатларини
шакллантиришдир.
Бугунги
кунда ахборотлашган жамиятда киберхавфсизлик масаласи тобора муҳим ва бир
вақтнинг ўзида мураккаб бўлиб бормоқда. Рақамли технологиялар тез ривожланиб,
интернет орқали маълумот алмашиш жуда осонлашди. Кўплаб хизматлар онлайн шаклга
ўтди. Шу билан бирга, киберхавфларнинг тури кўпайиб, таъсири кенгайиб бормоқда.
Кузатувлар
кўрсатадики, одамлар кўп ҳолларда оддий хатоларга йўл қўяди. Масалан, осон
парол қўяди, шубҳали ҳаволаларга босади, билмасдан зарарли дастурларни юклаб
олади ёки шахсий маълумотларини ҳимоя қилмайди. Бу эса киберхавфсизлик
маданияти етарли даражада шаклланмаганини англатади. Шунинг учун муаммони ҳал
қилиш фақат техникага боғлиқ эмас. У инсонлар фикри ва одатларини ўзгартиришига
ҳам дахлдордир.
Киберхавфсизлик
маданияти яхши ривожланган жамиятларда одамлар интернетдаги ҳар бир маълумотга
эҳтиёткорлик билан қарайди. Улар ҳар қандай хабар ёки ҳаволани текширмасдан
ишонмайди. Бу эса фирибгарлик ва киберҳужумлар таъсирини камайтиради. Масалан,
рақамли саводхонлик юқори давлатларда фишинг — ишончли ташкилотлар (банк,
ижтимоий тармоқлар, давлат идоралари ёки онлайн дўконлар номидан хат ёки хабар
юбориб, шахсий маълумотларни алдов йўли билан олиш) каби ҳужумлар камроқ учрайди.
Агар мактаб ва олий таълимда болаларга интернетдан тўғри
фойдаланиш чуқур ўргатилса, улар анча эҳтиёткор бўлади. Масалан, шахсий
маълумотларни ошкор қилмаслик, нотаниш манбалардан файл юкламаслик ва шубҳали
сайтларга кирмаслик каби одатлар шаклланади.
Шу билан бирга, ота-оналарнинг бу борадаги билими муҳим.
Агар катталар интернет хавфларини тушунмаса, болаларни тўлиқ ҳимоя қилиш қийин
бўлади. Шунинг учун киберхавфсизлик маданияти оилада ҳам шаклланиши керак.
Ташкилотларда
бу масала жуда долзарб. Агар корхонада ахборот хавфсизлиги қоидалари жорий
қилинса ва ходимлар доимий ўқитиб борилса, маълумотлар ўғирланиши камаяди.
Демак, киберхавфсизлик маданияти фақат шахсий эмас, балки жамоа даражасидаги
иш.
Ижтимоий
тармоқларда эса кўпчилик одамлар шахсий маълумотларини очиқ жойлаштиради. Масалан,
телефон рақами, манзил ёки шахсий суратларини барчага кўринадиган қилиб қўяди.
Бу эса фирибгарлар учун қулай имконият яратади.
Киберхавфсизлик маданияти муайян босқичлар орқали шаклланади. Аввало, инсон
билим олади — яъни интернет хавфлари ҳақида тушунчага эга бўлади. Кейин
билимларни амалда қўллай бошлайди. Шу орқали инсонда хавфни олдиндан сезиш
қобилияти пайдо бўлади. У интернетдаги ҳолатни баҳолаб, тўғри ёки нотўғри
эканини ажрата олади. Натижада тўғри қарор қабул қилади ва хавфсиз ҳаракат қилиш
одатини шакллантиради.
Шу
тариқа киберхавфсизлик инсоннинг кундалик одатига айланади. Бу нафақат шахсий
хавфсизликни таъминлайди, балки умумий хавфсиз рақамли муҳит яратишга ҳам
хизмат қилади.
Жамиятда
киберхавфсизлик маданияти барчада бир хил эмас. Масалан, фойдаланувчиларнинг
қарийб ярми — 45 фоизи паст даражадаги киберхавфсизлик маданиятига эга. Бу
гуруҳ интернетда энг кўп хавфга дуч келади. Чунки улар одатда шубҳали
ҳаволаларни текширмасдан очади, осон пароллардан фойдаланади ва шахсий
маълумотларини етарли даражада ҳимоя қилмайди.
Фойдаланувчиларнинг
35 фоизи ўрта даражада ҳисобланади. Улар киберхавфсизлик ҳақида маълум билимга
эга, лекин амалда ҳар доим ҳам қоидаларга риоя қилмайди. Шунинг учун бу гуруҳда
қўшимча ўқувлар ва тушунтириш ишлари олиб бориш муҳим.
Энг
кам қисм — 20 фоиз фойдаланувчилар эса бу борада юқори даражада билим ва
тушунчага эга. Улар интернетдан эҳтиёткор бўлиб фойдаланади, шахсий
маълумотларини ҳимоя қилади ва хавфларни тезда англай олади. Айнан шу гуруҳ
хавфсиз рақамли жамиятни шакллантиришда асосий таянч бўлади.
Бу натижалар жамиятда киберхавфсизлик маданиятини ошириш
зарурлигини кўрсатади. Айниқса, паст ва ўрта даражадаги фойдаланувчилар билан
мақсадли ишланса, умумий хавфсизликни сезиларли даражада яхшилаш мумкин.
Киберхавфсизлик маданияти — барчага
тегишли масала. Агар ҳар бир инсон ўз хавфсизлиги учун масъулиятни ҳис қилса,
жамиятда хавфсиз ва ишончли рақамли муҳитни яратиш мумкин бўлади.
Азизбек СОБИРОВ,
иқтисодиёт
фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент