Мулоқотда мамлакатимиз транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар қўшма инвестиция платформаси ташкил этилганини олқишладилар.

Янги илмий-саноат биокластерини ташкил этиш лойиҳаси доирасида илм-фан, саноат ва замонавий технологияларни бирлаштирувчи яхлит экотизимни шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар Тошкентнинг янги халқаро аэропорти атрофидаги ҳудудни ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, унда аэропорт, илғор логистика хаблари ва турар жой инфратузилмасини ягона тизимга бирлаштириш зарурлигини қайд этдилар.