У 9 марта очиқ космосга чиққан, орбитада жами 226 кун бўлган ва 3 та космик миссияни амалга оширган. Шунингдек, Ердан 560 километр баландликда жойлашган Хаббл телескопини очиқ космосда шахсан таъмирлаган астронавт сифатида танилган.
Жорий йилнинг 13 май куни “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжумани доирасида NASA астронавти, халқаро космик станция собиқ аъзоси Эндрю Фойстел билан суҳбатлашиш имконияти пайдо бўлди.
Суҳбат давомида у Ўзбекистоннинг космик соҳадаги режалари, илк ўзбек фазогирини тайёрлаш жараёни, космосдаги ҳаёт ва ўз миссиялари ҳақида қизиқарли фикрлар билдирди. Айниқса, унинг “космосдан 6 миллисекунд ёшариб қайтдим” деган ҳазиломуз, аммо илмий асосга эга гапи катта қизиқиш уйғотди.
— Космосга биринчи марта чиққанингизда қандай ҳисларни бошдан кечиргансиз? Қўрқув, ҳаяжон ёки ҳайрат бўлганми?
— Бу жуда кучли ва унутилмас тажриба. Космосга биринчи марта чиққанингизда бир вақтнинг ўзида бир неча ҳислар аралашиб кетади: кучли ҳаяжон, юқори масъулият ҳисси ва мутлақ янги муҳитга тушганингиз учун диққатнинг максимал даражада жамланиши.
Дастлаб инсон танаси вазнсизлик ҳолатига мослашгунча бироз ноқулайлик сезиши мумкин. Лекин жуда қисқа вақт ичида организм янги шароитга ўрганади ва қўрқув ўрнини тўлиқ профессионал диққат ва вазифага эътибор эгаллайди. Энг таъсирли дақиқалардан бири — Ерни биринчи марта орбитадан кўриш бўлади. Шу пайтда инсон чегаралар, давлатлар ва география эмас, балки битта умумий ва жуда ноёб сайёрада яшаётганини ҳис қилади. Бу ҳис одатда қўрқувни эмас, балки ҳайрат, ҳурмат ва инсониятга нисбатан масъулият туйғусини кучайтиради.
— Ўзбекистоннинг 2028 йилгача ўз фазогирини фазога юбориш режаси ҳақида қандай фикрдасиз?
— Биз Ўзбекистон томони билан анчадан бери мулоқот қилиб келяпмиз. Шу вақт ичида тўғри қадамлар қўйилаётганини кўряпмиз. Айниқса, қайси имкониятлар мамлакат учун фойдали ёки камчиликли эканини таҳлил қилишга жиддий ёндашилаётгани ижобий ҳолат. Энг муҳими — биринчи навбатда астронавт танланиши керак. Бу жуда муҳим босқич. Биз VAST компанияси сифатида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва 2028 йилгача парвоз амалга ошиши учун ёрдам беришимиз мумкин.
— Космосда вақт ҳақиқатдан ҳам бошқача ўтадими?
— Ҳа, бу илмий жиҳатдан ҳақиқат. Мен Халқаро космик станцияда 197 кун бўлиб, Ерга қайтганимда 6 миллисекунд ёшроқ бўлиб қайтганман. Албатта, бу жуда кичик рақам, лекин назарий жиҳатдан мен ҳақиқатдан ҳам ёшариб қайтганман.
— Космосдаги энг муҳим миссияларингиз қайсилар бўлган?
— Биринчи миссиям Hubble телескопини таъмирлаш билан боғлиқ бўлган. Биз орбитада телескопга етиб бориб, беш марта очиқ космосга чиққанмиз ва уни таъмирлаганмиз. Бугунгача у ишлаётган бўлса, бу ўша миссиянинг натижаси. Иккинчи миссиям икки ҳафталик Space Shuttle парвози бўлиб, Халқаро космик станцияни кенгайтириш ва янги модулларни жойлаштириш ишларида иштирок этганмиз.
Учинчи миссиям эса энг узоқ давом этган — мен 6 ой Халқаро космик станцияда яшаганман ва миссия командири бўлганман. Ана шу вақтда космосда яшаш қандай эканини ҳақиқатан ҳис қилдим.
— Космик станцияда қандай илмий тажрибалар ўтказилади?
— Биз 6 ой давомида 350 тадан ортиқ илмий эксперимент ўтказганмиз. Улар турли соҳаларга оид эди: фармацевтика, материалшунослик, қишлоқ хўжалиги, суюқликлар физикаси ва бошқа йўналишлар.
Кўпчилик астронавтлар экспериментларни ўзи яратади деб ўйлайди. Аслида эса биз ижрочимиз. Биз — олимларнинг қўли, кўзи ва қулоғимиз. Айрим олимлар бир эксперимент устида ўн йиллаб ишлайди. Бизнинг вазифамиз эса уни космосда тўғри ва муваффақиятли амалга ошириш.
— Космос инсонни ўзгартирадими?
— Албатта. Космос инсонга Ерга бошқача нигоҳ билан қарашни ўргатади. Чегаралар йўқдек кўринади. Сиз фақат битта умумий сайёрани кўрасиз. Шу ҳис инсонга илм-фан, ҳамкорлик ва тинчлик қанчалик муҳим эканини янада чуқурроқ англатади.
Эндрю Фойстелнинг фикрлари Ўзбекистоннинг космик соҳадаги катта мақсадлари халқаро даражада ҳам жиддий қабул қилинаётганини кўрсатади. Айниқса, 2028 йилгача илк ўзбек фазогирини фазога юбориш режаси нафақат технологик, балки илмий ва маънавий аҳамиятга эга лойиҳа сифатида баҳоланмоқда.
Зулхумор Акбарова