Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишларда бир қатор санъаткорлар концертларининг рекламаларида томошабинлар учун муҳим бўлган маълумотлар кўрсатилмагани маълум бўлди.
Хабарда айтилишича, Лолита, Ани Лорак, Mayot, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ганиева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Instagram ижтимоий тармоғидаги рекламаларида ижро шакли ҳақида ахборот берилмаган.
Шунингдек, Toxi$, «Машина времени» ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам фонограмма ёки жонли ижро ҳақида маълумот акс эттирилмаган.
Шу муносабат билан қўмита тегишли реклама берувчиларга рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш юзасидан огоҳлантиришлар юборган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, концерт рекламаларида ижро шакли аниқ кўрсатилиши керак. Бунинг учун «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» каби иборалардан фойдаланилади.
«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддасига кўра, фонограммадан фойдаланилганда, рекламада унинг қай даражада қўлланилиши ҳақида маълумот берилиши шарт. Ташқи рекламада эса ушбу ахборот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим.
Бундан ташқари, концерт ташкилотчилари томоша бошланишидан олдин фонограммадан фойдаланилиши ҳақида аудиохабар берилишини таъминлаши керак.
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида ҳам концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш ҳақида ахборот тақдим этилиши белгиланган.
Рақобат қўмитаси концерт ташкилотчилари ва реклама берувчиларни реклама материалларида ижро шаклини аниқ кўрсатишга ҳамда қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақирди.
Қўмита мониторинг давомида бундай қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилишини маълум қилди.