Қарор Рақобат қўмитаси таклифлари асосида қабул қилинган.
Пешлавҳалар учун реклама паспорти талаб этилмайди
Қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъекти ўзи эгаллаб турган бино ёки иншоотнинг кириш қисмида жойлаштирган номи ва фаолият тури ҳақидаги ахборот, жумладан, фирма номи, товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси ташқи реклама объекти ҳисобланмайди. Бундай ахборот учун реклама жойи паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.
Автотранспорт воситаларига реклама жойлаштириш соддалаштирилади
Юридик шахслар ўзларига мулк ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли автотранспорт воситаларига товар белгиси, фаолият тури, ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари ёки кўрсатадиган хизматлари ҳақидаги реклама маълумотларини соддалаштирилган тартибда жойлаштириши мумкин.
Бунинг учун юридик шахс Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда хабарнома юборади. Хабарнома қабул қилингач, тегишли ҳудудий орган хабардор қилинган ҳисобланади ва реклама жойининг паспорти тизим томонидан автоматик равишда шакллантирилади.
Хабарномада нотўғри маълумотлар ёки бошқа шахсларга тегишли товар белгилари тақдим этилгани аниқланса, реклама жойининг паспорти автоматик равишда бекор қилинади. Бу ҳақда юридик шахсга асослантирилган хат юборилади.
Мазкур тартибда реклама жойи паспортини расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.
Реклама жойи паспортini онлайн бекор қилиш мумкин
Тадбиркорлар реклама жойи паспортidan ихтиёрий воз кечиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза юбориши мумкин. Бунда тегишли маълумотлар солиқ органларига автоматик равишда етказилади.
Қарорда қисқа муддатли рекламалар учун ҳам аниқ муддатлар белгиланган. Жумладан, қурилиш объектларида реклама қурилиш ишлари тугаллангунига қадар, байрамлар ва тадбирлар муносабати билан жойлаштирилган реклама эса 30 кунгача туриши мумкин.
«Дизайн-код»ни ўзгартиришда жамоатчилик фикри инобатга олинади
Қарорга кўра, «дизайн-код»га оид ўзгартишлар жамоатчилик муҳокамасидан, жумладан, махсус электрон портал орқали муҳокамадан ўтказилганидан кейин қабул қилинади. Қабул қилинган ўзгартишлар эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.
Шунингдек, рўйхатдан ўтказилган товар белгисидан фойдаланиш имконияти сақланиши шарт. Тошкент шаҳрининг «дизайн-коди»ни 10 декабрга қадар тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилиш белгиланган.
Реклама конструкцияларини демонтаж қилиш тартиби белгиланди
Қарорда ташқи реклама конструкцияларини мажбурий демонтаж қилиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланган:
Демонтаж санаси ва вақти ҳақида камида икки кун олдин веб-сайтда эълон берилади, конструкция эгасига эса ёзма хабар юборилади.
Демонтаж фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилади.
Демонтаж жараёнида эгаси иштирокида далолатнома тузилади. Унда сана, вақт, демонтаж сабаби, фотосуратлар ва конструкция сақлаш учун юборилган манзил кўрсатилади.
Тадбиркорга тааллуқли қарорлар ва хабарномалар унинг юридик манзилига ҳам ёзма равишда юборилади.
Бундан ташқари, ташқи реклама объектларининг жойлаштирилиши устидан жамоатчилик назорати «Халқ назорати» электрон портали орқали амалга оширилади.