Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, иқтисодий судларнинг маъмурий бошқарув тизимини соддалаштиришга қаратилган нормалар белгиланди.
Шунингдек, маъмурий судлар маъмурий ишларни муҳокама қилиш жараёнида маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланди.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи ҳам киритилди.
Янги тартибга кўра, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган, шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган аризалар бўйича ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида дастлабки эшитув ўтказилади.
Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказиши керак.
Дастлабки эшитувда судья:
— аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлайди;
— аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;
— аризачига зарур далилларни, жавобгарга эса ўз фикрини ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар беради;
— аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо беради.
Дастлабки эшитув якунлари бўйича аризани кўрмасдан қолдириш, келишув битимини тасдиқлаш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.