Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилмоқда. Янги қонун билан болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни зўравонлик ва тазйиқдан асраш, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ўз вақтида ижтимоий хизмат кўрсатиш механизмлари кучайтирилмоқда.
Айни пайтда мамлакат аҳолисининг 28 фоизини, яъни 10,9 миллион нафарни болалар ташкил этади. Шу боис уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қабул қилинган “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан соҳада қатор муҳим ўзгартишлар белгиланди.
Янги тартибга кўра, таълим жараёнида вояга етмаган болага нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Мазкур тартиб 2026 йил 11 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-1174-сонли Қонун билан белгиланди. Бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин. Амалдаги БҲМдан келиб чиқиб, бу 440 минг сўмдан 2 миллион 200 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади. Шу билан бирга, жазо фақат жарима билан чекланмайди. Вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилган шахсга бир йил давомида таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш тақиқланади.
Мазкур чеклов мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим ҳамда болалар учун қўшимча таълим ташкилотларидаги педагогик фаолиятга тааллуқли. Зўравонлик деганда фақат болани уриш ёки унга жисмоний таъсир кўрсатиш тушунилмайди. Болани камситиш, ҳақоратлаш, хўрлаш, қўрқитиш ёки руҳий босим ўтказиш каби ҳолатлар ҳам унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилади.
Янги талаблар таълим муассасаларида болалар учун хавфсиз муҳит яратиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда педагогларнинг масъулиятини оширишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Оғир ҳаётий вазиятдаги болаларга ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Дилноза Ҳусанова: “Болага нисбатан зўравонлик деганда фақат уни уриш ёки жисмоний таъсир кўрсатишни тушунмаслик керак. Болани камситиш, ҳақоратлаш, қўрқитиш, руҳий босим ўтказиш, шунингдек, унинг асосий эҳтиёжларига бефарқ муносабатда бўлиш ҳам зўравонликнинг шакллари ҳисобланади. Амалдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда ҳам жисмоний ва руҳий зўравонлик билан бир қаторда, ғамхўрлик кўрсатмаслик каби ҳолатлар ҳам зўравонлик шакллари сифатида белгиланган.
Энг муҳим жиҳати шундаки, педагогик фаолият давомида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва ёки руҳий зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсга бир йил давомида педагогик фаолият билан шуғулланиш тақиқланади. Бу чеклов мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим ҳамда болалар учун қўшимча таълим ташкилотларига тааллуқли” деди, мутахассис.
Дилноза Ҳусанованинг таъкидлашича, таълим муассасаларида боланинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳим. “Педагогдан нафақат сифатли таълим бериш, балки бола билан соғлом ва хавфсиз муносабат ўрнатиш ҳам талаб этилади. Болани камситиш, ҳақоратлаш ёки қўрқитиш унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”.
Бундан ташқари қонун билан болаларни ижтимоий ҳимоя қилишда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, болаларга нисбатан васий ёки ҳомий тайинлаш ваколати ҳокимлардан “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директорига ўтказилмоқда.
Шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақида тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан васийлик ва ҳомийлик органларига хабар бериш муддати қисқартирилмоқда. Илгари бу муддат 7 иш кунини ташкил этган бўлса, энди бундай ҳолат ҳақида 24 соат ичида хабар бериш талаб этилади. Бундан ташқари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар фойдасига ундириладиган алимент масалаларида ҳам “Инсон” марказларининг иштироки кучайтирилади.
Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани фарзандликка олиш истагидаги шахслар махсус ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисида сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Шунингдек, тутинган оила институтининг ҳуқуқий асослари аниқлаштирилиб, унинг патронат ҳамда оилавий болалар уйи шакллари белгиланмоқда.
Болаларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, васий ёки ҳомийнинг бола номидан мерос ва ҳадяни қабул қилишдан воз кечиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда.
Яна бир муҳим янгилик — вояга етмаганларга оид жиноят ишларини маданият марказлари, ёшлар марказлари ёки бошқа жойларда ўтказиладиган очиқ сайёр суд мажлисларида кўриш тақиқланмоқда. Бу талаб боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилларни бартараф этишга қаратилган. Шунингдек, хорижда бўлган ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳам кучайтирилмоқда.
Умуман, янги ўзгартишлар болалар билан ишлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган.
Айниқса, таълим муассасаларида болага нисбатан зўравонлик содир этган педагогларнинг бир йил давомида педагогик фаолиятдан четлатилиши болалар учун хавфсиз таълим муҳитини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий чоралардан бири ҳисобланади.
Зулхумор Акбарова