Қонун лойиҳаси мактабгача ва мактаб таълими тизими ўртасидаги узвийликни таъминлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган.
Ҳужжат билан «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги ҳамда «Таълим тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлов умумий ўрта таълим тизимининг дастлабки босқичи сифатида белгиланади. Тайёрлов машғулотларини мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, болаларнинг бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаш бўйича ҳуқуқий асослар мустаҳкамланади.
Қайд этилишича, таклиф этилаётган ўзгартишлар таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш, болаларнинг мактаб таълимига тайёргарлик даражасини ошириш ҳамда таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.