Халқимиз табиатан санъатсевар. Қўшиқсиз яшай олмайди. Қўшиқ унинг жону танига, руҳиятига сингиб кетган. Бошига тушган кулфатларни, азоб-уқубатларни, оғир замонлар кўргиликларини, талафотларни, қўйингки, турфа оғир кунларини қўшиқ билан, куй билан енгиб ўтган. Ҳамиша унинг дардларига куй-қўшиқларимиз малҳам бўлган. Яхши-ёмон, шодлик ва ғам, қувонч ва изтироб, оч ва тўқ кунларини қўшиқ билан баҳам кўрган, қўшиқдан мадад, куч олиб яшаган. Халқ куйлари, халқ мусиқаси деган иборалар бежиз пайдо бўлмаган.
Шу боис, миллий мусиқа халқимиз тафаккурида жуда юксак даражага кўтарилган. Мустақилликка эришгач, миллий санъатимиз ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Бу қадим миллий санъатимизни дунё тан олиб, юксак эътироф этаётгани ҳайратли воқеа. Бунга ўзим хорижий давлатларга ижодий сафарларга борганимда ҳамиша гувоҳ бўламан.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси, фармон ва қарорлари туфайли юртимизда Халқаро мақом ва бахшичилик санъати анжуманлари, халқаро “Лазги” рақс фестивалларини ўтказиш анъанавий тарзда йўлга қўйилгани, янги Ўзбекистон нуфузини дунёга ёйишда, боқий санъатимизни тарғиб қилишда жуда катта аҳамият касб этаётгани қувончли ҳодиса. Айниқса, “Шашмақом”нинг ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф қилиниши ҳамда унинг Репрезентатив рўйхатга киритилиши санъатимиз нуфузи янада юксалишида жуда улкан ва тарихий воқелик бўлди.
Сўнгги йилларда машҳур, эл севган буюк санъаткорлар — Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллиги, Ботир Зокировнинг 85 йиллиги кенг нишонланди. Яна бир воқеа — Андижонда машҳур ҳофиз Шерали Жўраевнинг ижод мактаби ташкил этилганини ҳам миллий қўшиқчилик санъатимиз ривожига қаратилган юксак эътибор деб биламиз.
Яқинда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва публицист Ашурали Жўраев қаламига мансуб “Олтин овозлар” китоби нашрдан чиқди. Ушбу тўплам ўзбек миллий қўшиқчилик санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва ўз овози, бетакрор ижро услуби билан мактаб яратиб кетган буюк устозларимиз — академик Юнус Ражабий, тенгсиз ҳофизлар Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Муҳаммаджон Мирзаев, Ботир Зокиров, Фахриддин Умаров каби эл севган санъаткорларнинг ибратли ҳаёти, ижод йўлидаги юксак маҳоратлари теран ёзилган эсселар билан бошланади. Аслида, бу улуғларнинг ҳар бири бир китобга арзийди.
Китобни завқ ва меҳр билан ўқиш жараёнида эл ардоқлаган, мухлислари беҳисоб бўлган машҳур санъаткорлар Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Ўлмас Саиджонов, Ҳасан Ражабий, Матлуба Дадабоева, Раҳматжон Қурбоновнинг бетакрор овозларини қайта тинглагандек бўласиз. Яна бир бор уларнинг қўшиқ дунёсига маънавий саёҳат қиласиз. Бу эл севган санъаткорлар сафида камина ҳақида ҳам мазмундор эссе ёзгани учун муаллифга миннатдорлик билдираман.
Мамнуният билан таъкидламоқчиманки, Ашурали Жўраев ҳар бир машҳур санъаткорнинг ҳаёти ва ижоди, ниҳоятда ўзига хослигини, бетакрорлигини, овозларидаги ноёб қочиримлар, авжларни, ижро услубларидаги ёқимли жозибани худди жонли ижродагидек, жонли мисраларда ёрқин очиб беришга астойдил интилган. Бу муаллифнинг, айниқса, миллий қўшиқчилик санъати сирларини пухта ўрганганини намоён этиб турибди.
Муаллиф машҳур санъаткорларнинг ижод йўллари ва барҳаёт қўшиқлари, юлдузлар каби порлаб турган репертуарларини жуда пухта ўрганиб, китобни “Олтин овозлар” деб номлагани ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқ. Аслида, ўзбек миллий ва мумтоз қўшиқчилик ва ашулачилик санъатимизда ҳақиқий олтин овозлар етарли. Бир китобда уларнинг ҳаммасини жамлаш имконсиз.
Бу китобни барча санъат мухлислари завқ-шавқ ва ҳарорат билан ўқишига ишонаман. Айниқса, республикамиздаги мусиқа санъати олий таълим муассасаларида, мусиқа мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчилар, мусиқашунос мутахассислар, бўлажак олимлар ва айниқса, талаба ёшлар ва ўқувчилар ўқиб-ўрганиши ҳамда қўшиқчилик санъати сирларини чуқур билиши учун ўзига хос теран манба ва қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Мен Ашурали Жўраевни талабалик йилларимдан яхши биламан, ёзганларини ҳамиша қизиқиш билан ўқиб келаман. Санъат соҳасининг турли йўналишларида бўладиган анжуманлар, тадбирлар, кўрик-танловларда мунтазам қатнашиб, ажойиб мақолалар ёзгани ва санъат соҳаси намояндалари билан қизиқарли суҳбатлари ўқувчилар эътиборидан четда қолмас эди. Санъатни ёзиш учун санъатни ҳис қилиш ва севиш керак. Бу соҳани Ашурали ака юксак маҳорат билан ёритиб келаётган ижодкор. Унинг ўзига хос қалами, айтар сўзи бор.
Танлаган мавзусини пухта ўрганиб, моҳиятига кириб, чуқур англаб сўнгра ёзади. Шу боис, Ашурали ака ёзган мақолалар кўпинча баҳс-мунозараларга сабаб бўлади.
Яхши эслайман, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Европанинг қатор мамлакатлари, АҚШга қилган ижодий сафарларимиз ҳақида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида салмоқли мақолалари ва суҳбатлари эълон қилинган. Хуллас, Ашурали Жўраев ўзбек матбуотида ҳақиқий санъат журналисти бўлиб танилди ва жамоатчилик томонидан эътироф этилди.
Айниқса, Ашурали Жўраевга ўзбек миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзган “Юрак бўронлари” маърифий романи катта шуҳрат келтирди.
Санъат соҳасининг фидойи ва жонкуяр ижодкорларидан бири, устозимиз Ашурали Жўраевнинг ушбу янги китоби яна бир бор санъат ихлосмандига муборак бўлсин. Умид қиламизки, муаллиф бошлаган эзгу ва хайрли ижодий ишларини давом эттириб, янги олтин овозларни кашф этиб, янги китобларни яна тортиқ қилишдан чарчамайди. Асрлар давомида завол билмай, юракларни мангу ҳайратларга тўлдириб келаётган ўзбекнинг олтин овозлари, боқий наволари абадий янграйверади!
Муножат ЙЎЛЧИЕВА,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Халқ артисти, профессор