Яъни уч минг йилликдан зиёд шонли тарихимизни янги Ўзбекистон билан боғлайдиган, инсон ва халқ қадрини улуғлайдиган ақл-тафаккур маркази айнан Хастимом мажмуаси ёнида бунёд этилиши бежиз эмас.
Хастимом мажмуаси нафақат
юртимизда, балки бутун ислом оламида алоҳида нуфуз ва эътибор қозонган табаррук
маскандир. Мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи
муборак мадрасалари, Тиллашайх ҳамда Намозгоҳ масжидлари асрлар давомида халқимиз
томонидан асраб-авайлаб келинмоқда.
Кўҳна
Тошкентнинг Себзор даҳасидаги Ҳазрати Имом зиёратгоҳи пойтахтнинг бош ёдгорлик
мажмуаларидан саналади. “Хастимом” сўзи “Ҳазрати Имом” иборасининг
қисқартирилган шаклидир. Мазкур жой атамаси шу ердаги асосий зиёратгоҳ —
Тошкент (Шош)да туғилган, мусулмон олами имомларидан бири Абу Бакр Муҳаммад
Қаффол Шоший мақбараси номидан олинган.
Маҳаллий халқ
Имом Қаффол Шоший ҳурматидан бу жойни шундай атаган. Мазкур табаррук маскан
кўҳна пойтахтимизнинг диний-маърифий, илмий-маданий марказларидан бири бўлган.
Зеро, Тошкентда ислом маданиятининг Шайх Хованд Тоҳур, Занги ота, Хожа
Аъламбардор, Сузук ота, Юнусхон мақбаралари ҳамда Абулқосим ва Кўкалдош
мадрасалари, шунингдек, Хожа Убайдулло Аҳрор Валий, Шайх Зайниддин номлари
билан боғлиқ кўплаб тарихий обидалари мавжуд.
ХIХ аср охирларида Тошкент тўртта
— Бешёғоч, Кўкча, Себзор ва Шайхонтоҳур мустақил ҳудудий мавзеларига бўлиниб,
алоҳида-алоҳида бошқарилган. Имом Қаффол Шоший зиёратгоҳи ва атрофи бевосита у
зотнинг номи билан боғланиб, юқорида айтилганидек, Хастимом (Ҳазрати Имом) деб
аталган.
Хастимом ўз даврида Тошкентнинг илм-фан, ҳунармандлик ва савдо-сотиқ
марказларидан бири саналган. Бунга ушбу ҳудуднинг жуғрофий жойлашуви,
ирригация иншоотлари — анҳор ва ариқлари гўё қон томирларидек чиройли таралгани
сабаб бўлган. Тошкентнинг серсув анҳор ва ариқлари азал-азалдан барчани
ҳайратга солиб келган.
Тарихий ривоятларга қараганда, бу ўлкада ҳукмронлик қилган Кайхисрав I
нинг ўғли Кайковус (айрим манбаларда Калковуз) давридан бери маҳаллий аҳоли
асосан заргарлик, маҳсидўзлик, кулоллик билан донг таратган. Ҳудуддан оқиб
ўтган Кайковус анҳоридан шаҳарга зилол сувлар тарала бошлагач, одамлар
чорвачилик, деҳқончилик билан ҳам шуғулланиб, боғ-роғлар барпо этадилар. Шу
тариқа Хастимом ҳунармандлик, савдо ва илм-фан, маданият маркази сифатида
ривожланиб борган.
Хастимом маҳалласи хусусида марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон
ҳазратлари бундай ёзиб қолдирган:
“Имом Қаффол Шоший номлари билан шуҳрат қозонган Хастимом маҳалласи
ўз замонасида Тошкентнинг диний, илмий, маънавий ва маърифий маркази сифатида
донг чиқарган. Ҳозирги диний идоранинг кутубхонаси жойлашган бино Мўйи муборак
мадрасасидир. Узоқ вақтлар ушбу мадрасада пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг
муборак мўйлари сақланиб келингани учун шундай деб атаганлар. Илм маскани
бўлган даргоҳда кўп вақт тасаввуф аҳлининг йирик намояндаларидан бири Хожа
Аҳрор Валийдек зот мударрислик қилгани ҳақидаги маълумотлар китобларда ёзиб
қолдирилган. Мўйи муборак мадрасаси ва Тиллашайх масжиди жойлашган ҳудудни
Маҳватайи муллаён, яъни муллалар ва аҳли илмлар билан ўраб олинган жой, деб
атаб келганлар. Маҳаллий халқ уни сал бузиб “Маҳвота”, дея талаффуз қилади.
Дарҳақиқат, XVI асрда Маҳватайи муллаён рўпарасида Бароқхон номи билан машҳур
ҳукмдор Наврўз Аҳмадхон томонидан Бароқхон мадрасаси ҳам қуриб битказилган. Бу
эса Хастимом маҳалласи халқнинг маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнаганидан
далолатдир”.
Рус шарқшуноси Нил Ликошин 1918 йили Тошкентда ташкил этилган Туркистон
халқ (мусулмон) университети очилишида аввало Қаффол Шоший номини эҳтиром билан
тилга олган: “Бугун Европа фани Эски Тошкент қисмида гражданлик ҳуқуқига эга
бўлган қувончли бир кунда Тошкент мусулмонларининг маърифати йўлида жонбозлик
кўрсатган фидойи, камтар шахснинг сиймоси кўз ўнгимизда гавдаланади. Мен
шаҳарнинг Себзор қисмида шу номдаги қабристонга дафн этилган Имом Муҳаммад
Қаффол Шоший ёки Ҳазрат Имомни эсладим. Бу шахс билан мусулмонлар
фахрланишлари ва бугун ўзларининг биринчи устозларини яхши сўзлар билан хотирлашлари
лозим...”.
Афсуски, шўроларнинг аждодларимиз қадамжо ва зиёратгоҳларига нисбатан
ўтмиш қолдиқлари сифатидаги атеистик муносабати натижасида бундай масканлар
эътибордан четда қолди. Лекин ҳар бир юртдошимиз қалбида ўзи туғилиб ўсган жой
номлари тарихи, урф-одатлари ва маданиятига меҳр, қизиқиш сўнмади. Истиқлол
аждодларимиз қадамжоларини обод этиш билан бирга уларнинг фаолияти ва илмий
мероси бўйича изланишлар олиб боришга кенг йўл очиб берди.
Умуман олганда, Ўзбекистондаги
Ислом цивилизацияси маркази Хастимом мажмуаси ёнида барпо этилиши тарихий
илдизларга эга. Муҳими, марказ маҳобати, майдони ва қамровига кўра дунёда ислом
тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган
йирик мажмуалардан бири саналади.
Неъматулло МУҲАММЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
профессори,
тарих фанлари доктори