“Биз табиатни аждодлардан мерос қилиб эмас, авлодлардан қарзга олганмиз”. Бу фикрда жиддий маъно яширин. Мерос тушунчасида танлов борки, олсанг ҳам бўлади, олмасанг ҳам. Қарзни эса олдингми, демак қайтарасан. Мерос кечирилиши мумкин, қарз эса йўқ.

Орадан икки йил ўтиб яна Самарқандда, бу сафар бошқа бир халқаро тадбир — Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиғилишининг очилиш маросимида Президентимиз экология масаласига алоҳида тўхталиб, “Марказий Осиё яшил белбоғи” минтақавий лойиҳасини амалга ошириш таклифини илгари сурди. Бу — Ўзбекистон экологик барқарорлик масаласини шунчаки зарурат эмас, балки авлодлар олдидаги қарзни қайтариш масъулияти, келажак тараққиётининг асоси, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамот масалаларидан бири сифатида кўраётганини англатади.

2026 йил апрель ойида Остонада иккита муҳим тадбир чақирилди. Биринчиси “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” шиори остидаги Минтақавий экологик саммит бўлса, иккинчиси Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари мажлиси. Иккала тадбирнинг кетма-кет бир вақтда ўтказилиши тасодиф эмас. Улар бир-бирини мантиқан тўлдиради. Биринчиси умумий экологик сиёсат ҳақида, иккинчиси эса ўша умумий муаммонинг энг дардли нуқтасига, яъни Орол фожиасига қаратилган.

Рейтинглар ортидаги реаллик

Бугун дунёда ҳарорат ошаётгани ҳақида катта минбарларда бонг урилмоқда. Аммо бу жараён Марказий Осиёда умумий кўрсаткичлардан икки баробар тез кечаётгани ачинарли ҳолат.

Марказий Осиёнинг тоғ музликлари минтақа учун биологик “сув банки” вазифасини ўтайди. Қор эриши ёз бошида дарёларни тўлдиради, дарёлар суғориш каналларини, каналлар эса деҳқончиликни тирик тутади. Ушбу занжирнинг ҳар бир бўғинида Марказий Осиё­нинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти осиғлиқ турибди, десак асло муболаға эмас. Гидрологлар “музлик суви банкини тугатиш” деб атайдиган ҳолат бор, яъни музликлар эрийди, кейин қурийди, сув манбаи батамом йўқолади. Бу сценарий энди назарий хавф эмас. Сирдарё ва Амударёнинг юқори оқими ҳудудларида бу жараён аллақачон бошланган ва музликларнинг учдан бир қисми йўқолган. Фарғона водийсида деҳқонлар сув навбатини кутиб, эртадан кечгача қанал бошида ўтиради, Қашқадарёда айрим йиллари суғориш мавсуми қийин кечади.

Атмосфера сифати масаласи ҳам кескин. Марказий Осиёдаги Тошкент, Олмаота, Бишкек ҳаво сифати пастлиги индекси бўйича дунё шаҳарлари рейтингига тез-тез кириб қолади. Бу индекс кимёвий лаборатория ўлчовлари, тиббий статистика ва транспорт таҳлили асосида тузилади. Нафас тизими касалликлари, болаларда астма тарқалиши, ишчи ёшидаги аҳолида нафас йўллари шикастланиши поликлиника статистикасида яширинган.

Чанг ва туз бўронларини алоҳида айтиш зарур. Орол денгизи қуриши билан унинг тубида йиллар давомида йиғилган кимёвий ўғитлар ва пестицидларни сингдирган заҳарли тузлар атмосферага кўтарилди. Ҳар йили миллионлаб тоннагача шундай заҳарли чанг ҳавога кўтарилади ва шамол уни юзлаб километрга тарқатади.

Минтақавий муаммолар кесишуви

Иқлим ўзгариши мантиғи билан қараганда, “фалон мамлакат кўпроқ зарар кўрди” ёки “фалон мамлакат кўпроқ айбдор” деб айтиш осондир, аммо Марказий Осиёда реаллик бош­қача. Бу ерда беш мамлакатнинг экологик тақдири биттагина гидрологик тизим, яъни Амударё ва Сирдарё ҳавзаси орқали чамбарчас боғланган.

Тожикистон ва Қирғизистон тоғ музлик­лари эрийдиган бошланғич нуқтани назорат қилади, аммо сув пастга оқади. Ўзбекистон ва Туркманистон сувнинг йирик истеъмолчилари, аммо сув манбалари улар ихтиёрида эмас. Қозоғистон геосиёсий ва иқлим жиҳатидан кенг ҳудуд, унинг чўлланаётган даштлари ва саноат чиқиндилари масаласи бор. Мана шу беш мамлакат яхлит тизим сифатида иш тутмаса нима бўлади? Бир давлат ирригация самарадорлигини оширса-ю, иккинчиси ўз каналларини кенгайтиришни бошласа, бир мамлакат саноатни тозаласа, қўшниси иссиқхона газлари нормасини эътибордан қолдирса, умумий натижа нолга тенг бўлмайдими? Иқтисодчилар бундай вазиятни “маҳаллий оптималлаштиришдан умумий зарарга” деб атайди. Яъни ҳар бир давлат ўзи учун тўғри қарор қабул қилади. Аммо умумий натижаси ҳаммага зарар беради. Марказий Осиёда айнан шу мантиқ ишга тушмаслигининг асосий ягона ечими умумий стандарт, умумий механизм ва умумий жавобгарликдир.

Ўзбекистон раҳбари томонидан Остонада тақдим этилган ташаббуслар айнан шу нуқтага йўналтирилган.

“Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” консорциуми

Остонада “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини тузиш таклиф қилинди. Консорциум ҳавони ифлослаш манбаларини аниқлаш, минтақавий ­ягона мониторинг тизимини йўлга қўйиш, ­саноат объектларини модернизациялашда “яшил” молиялаштиришни биргаликда бош­қариш учун вазифа олади. Бу минтақа мамлакатлари ҳаво сифати масаласида якка-якка иш тутиш ўрнига, ягона платформада ва ягона стандарт асосида ишлашининг биринчи марта расмий тилга олиниши бўлди.

Тошкент, Олмаота, Бишкекда қиш кунлари “ҳаво ифлосланиши юқори” бўлиши нормал ҳолга айланиб улгурди. Атроф-муҳит мутахассислари бу аҳволнинг уч асосий сабабини айтади. Яъни иситиш мавсумида кўмир ва маиший ёқилғи ёқиш, ўтган асрнинг 90-йиллар стандартидаги эскирган транспорт парки ва ишлаб чиқариш корхоналарида тозалаш инфратузилмаси заифлиги.

Муаммонинг ўзига хос бир жиҳати шундаки, ҳаво ифлосланишининг қиёсий таҳлили учун маълумот тўплаш ва ўлчашнинг минтақавий тизими мавжуд эмас. Қозоғистонда йирик шаҳарларда автоматик станциялар бор, Ўзбекистонда тизим кенгайяпти, лекин Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда ўлчов станциялари камчил. Натижада баъзи ҳудудлардаги ҳаво ифлосланиши раёсат баёнотларда муаммо ўлароқ тан олинса-да, аниқ рақамлар йиғилмайди. Қиёслашга ярайдиган умумминтақавий маълумот йўқ, демак, умумий чоралар ишлаб чиқиш учун асос ҳам йўқ.

Шундай экан, консорциум тузиш таклифи, аввало, шу тафовутни бартараф этишга қаратилган. Ягона мониторинг тармоғи, ягона методология ва ягона маълумотлар базаси мамлакатлар ўртасидаги ҳаво сифатини қиёс­лаш ва ортиқча чиқинди чиқарувчи объектларни биргаликда идентификация қилиш имконини беради.

Иккинчи муҳим жиҳат. Яшил иқлим жамғармаси (GCF) ёки Глобал экология фонди (GEF) каби халқаро иқлим институтлари билан мамлакатлар ҳозир алоҳида-алоҳида музокара қилади. Ягона консорциум орқали битта музокара, битта ҳужжат, битта ижро ва натижани кузатиш тизими яратилиши мумкин.

Бугунги кунда ҳавони ифлослантирувчи объект саноат зонаси бўладими, иссиқлик станцияси ёки катта транспорт тугуни бўладими, кўпинча давлат чегараси яқинида жойлашган. Аммо ўлчов тизими фақат ўз ҳудудида ишлайди. Фикримизча, Марказий Осиёнинг чегарадош ҳудудларидаги автоматик станциялар тармоғи ягона онлайн платформага уланса, ҳар бир мамлакат ўзи ва қўшнисининг ҳаво ҳолатини реал вақтда кўра олади. Маълумотлар журналистлар, тиббий мутахассислар ва фуқаролар учун очиқ эълон қилинса, жамоатчилик назорати механизми пайдо бўлади.

Тан олиш керак, тозалаш тизими ўрнатиш бизнес учун ортиқча харажат. Шундай экан, мажбуриятсиз ҳеч ким бу харажатни қилишни истамайди. Аммо иқтисодий рағбат мажбуриятдан яхшироқ ишлайди. Агар консорциум минтақа мамлакатларида бир хил тарзда тозалаш тизими ўрнатган корхонага солиқ имтиёзи, экспорт имтиёзи ёки арзон кредит каби механизмларни жорий этса, бизнес ихтиёрий равишда “яшил” йўналишга бурилади.

Марказий Осиёда ҳаво ифлосланишининг катта қисми транспорт туфайли вужудга келади. Шаҳарда юрадиган автобуслар, юк машиналари, эскирган хусусий автомобиллар кўпинча “Евро-1” ёки “Евро-2” стандартидан анча паст. Баъзи мамлакатлар 2030 йилгача “Евро-4” стандартига ўтишни ­режалаштирган бўлса, бошқалари ҳали аниқ жадвал ҳам қилмаган. Консорциум умумий минтақавий стандарт белгилаши, масалан, 2028 йилдан фақат “Евро-4” ва ундан юқори стандартли транспорт воситаларига рухсат бериш, 2032 йилга бориб, умумий паркда қуйи стандартли транспортни чеклаш ва ушбу жадвалга риоя этишни бирга назорат қилса, натижа сезиларли бўларди.

Чўлланишга қарши марказга минтақавий мақом бериш нима учун муҳим?

Чўлланиш секин кечадиган, кўринмас, аммо тизимли жараён. У тупроқнинг юза қатламини эрозия орқали олиб кетади, ўтлоқларни емириб, ер ости сув сатҳини пасайтиради, ҳосилдорликни йил сайин камайтириб боради. Масалан, Орол денгизи атрофидаги ерларда тупроқ шўрланиши натижасида 1 гектардан олинадиган ҳосил ўртача 30-40 фоиз камайган. Бу фақат аграр кўрсаткич эмас, у иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткич.

Минтақада ерни тиклаш тажрибаси асрлар давомида мавжуд. Аммо у тарқоқ ва умумлаштирилмаган. Бир ерда дарахт экилади ва яйлов тикланади, аммо бу тажриба қўшни ҳудудга тарқалмайди. Марказ минтақавий мақом олса, бу тажрибаларни тўплаш, таҳлил қилиш ва стандартлаштиришга масъул бўлади. Нигерия, Эфиопия ва Покистон тажрибаси кўрсатадики, ротацион яйловчилик ва дарахт экиш орқали 5-8 йилда деградацияланган ерлар тикланиши мумкин. Марказий Осиёда ҳам ана шундай салоҳият бор. Фақат умумий методология ва биргаликдаги куч ­зарур.

“Яшил” савдо йўлаги зарурати

Марказий Осиё “яшил” савдо йўлаги — “яшил” технологиялар ва экологик тоза маҳсулотлар учун минтақа ичида имтиёзли божхона тартиботи белгилаш ва ушбу маҳсулотларнинг сертификатларини барча беш мамлакат ўртасида ўзаро тан олиш ­тизимини яратиш таклифи илгари сурилди. Мақсад — минтақадаги корхоналарни “яшил” ишлаб чиқаришга реал иқтисодий рағбат орқали ундаш ва маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини ошириш.

Масалан, Европа Иттифоқи 2026 йилдан бошлаб углерод сарфи чегараси (CBAM) механизмини ишга туширди. Агар ЕИга экспорт қилинаётган металл, цемент, алюминий, ўғит, электр энергияси ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганда белгиланган чегарадан ортиқ углерод газлари чиқарилган бўлса, импортёр нормадаги фарқни солиқ сифатида тўлайди. Оддий қилиб айтганда, Марказий Осиё корхонаси “ифлос” технология билан маҳсулот ишлаб чиқариб Европага сотгандаги нархига қўшимча CBAM солиғи қўшилади. Бу маҳсулот нархини ошириши мумкин ва натижада Европа харидори бошқа “тозароқ” ишлаб чиқарувчини танлайди. Минтақа мамлакатлари CBAMни ҳозирдан жиддий қабул қилмаса, 5-10 йил ичида ЕИ билан савдода бозор улуши йўқотилиши мумкин.

Иккинчидан, ички бозорни унутиб бўлмайди. Агар минтақа ичида “яшил” маҳсулотга имтиёз берилмаса, ишлаб чиқарувчи нима учун янги технологияга инвестиция қилсин? У бозорда ҳеч қандай устунлик олмайди. Аммо агар “яшил” сертификатли маҳсулот минтақа ичида имтиёзли бож ставкасидан ўтса, давлат харидларида устунлик олса ёки ижтимоий реклама орқали нуфузи ошса, бизнес ўзини “яшил” томонга уради. Бунга давлат мажбурлови орқали эришиш ниҳоятда қийин. Чунки назорат харажатлари юқори, ижро кафолатланмаган. Бозор рағбати эса ижро механизмини бизнеснинг ўзига юклайди ва  давлат фақат ўйин қоидасини белгилайди.

Учинчидан, бугун “яшил” технологиялар, қуёш панеллари, шамол турбиналари, электромобиль батареялари ишлаб чиқаришда ҳеч бир давлат Хитой билан рақобатлаша олмайди. Марказий Осиё Хитойга яқин жойлашган экан, у ердан келадиган ушбу технологиялар учун умумий тендер, импорт канали, нарх музокараси имкони мавжуд. Бу технологияларни мамлакатлар алоҳида-­алоҳида харид қилса, кичик мижоз бўлади. Бирлашиб харид қилинса, мамлакат эмас, бозор мақомига чиқади ва катта нарх чегирмаларига йўл очилади.

Ҳозир минтақа мамлакатларида “экологик тоза маҳсулот” тушунчаси турлича талқин этилади. Қозоғистонда берилган сертификат Ўзбекистонда тан олинмайди, Ўзбекистон тасдиқлагани Қирғизистонда ишламайди. Ягона минтақавий сертификат эса арзонроқ ва тижорат жиҳатидан анча жозибали эмасми? Бу тизим ISO 14001 ва Европа муқобилига мувофиқ тузилса, халқаро харидорлар учун ҳам тушунарли бўлади ва Европа бозорига кириш имконини ошириш учун ишончли асос вазифасини ўтайди.

Кичик ишлаб чиқарувчи учун энг катта муаммолардан бири маълумот топишдир. У қайси технологиялар мавжудлигини, нархини, ким субсидия беришини, қай тартибда солиқ имтиёзи олишни кўпинча билмайди. Мамлакатлар ўртасида умумий онлайн платформа яратилиб, маҳсулот каталоги, молия­лаштириш базаси, маслаҳат хизмати шакллантирилса, турган гапки, кичик бизнеснинг “яшил” технологияни қабул қилиш тезлиги ошади. Масалан, Европадаги Enterprise Europe Network кичик корхоналарни “яшил” инновациялар билан боғлаш учун ишлайди. Марказий Осиё учун ана шундай умумминтақавий маслаҳат тизими лозим.

Иқлим лойиҳалари учун ягона инвестиция портфели

Форумда яна бир муҳим ташаббус — Марказий Осиё иқлим лойиҳаларини тарқоқ ташаббуслар эмас, ягона стратегик инвес­тиция портфели тарзида шакллантириш таклиф қилинди. Бутун минтақанинг барқарор ривож­ланишга оид кичик ёки йирик лойиҳалари яхлит ҳужжатда жамланади, устуворлик тартиби белгиланади ва халқаро инвесторлар, фондлар билан айнан шу портфель орқали ишланади. Мақсад — молиявий жозибадорликни ошириш, халқаро ёрдамни минтақанинг устувор эҳтиёжларига тўлиқ мувофиқлаштириш.

Бугунги тизим шундайки, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ҳар бири ўзи учун иқлим лойиҳасини тайёрлайди. Халқаро молия институтлари ҳар бир мамлакат билан алоҳида музокара ўтказади. Ҳар бир музокара ўз ҳужжатларини, ўз тизимини, ўз вақт жадвалини талаб қилади. Натижада лойиҳалари кечикади, маблағ камроқ ажратилади.

Муаммонинг яна бир томони — лойиҳалар орасида устувор тартиб йўқлиги. Баъзи мамлакатлар бир вақтнинг ўзида ўн ёки ундан ортиқ иқлим лойиҳасини молиялаштириш учун муайян халқаро манбага мурожаат қилаётган бўлади. Аммо ушбу лойиҳаларнинг бир қисми чала ишлаб чиқилган, бошқасида аниқ аудит механизми йўқ, учинчисида ижро жадвали кўрсатилмаган. Халқаро инвестор нима кўради? Тизимсиз, тасдиқланмаган, форматлари мувофиқлаштирилмаган лойиҳалар тўплами. Бундай ёндашув билан молиявий ёрдам олиш қийин.

Бунда айнан ягона инвестиция портфели муаммонинг тизимли ечими бўла олади. У, аввало, ягона баҳолаш мезонини белгилаб, қайси лойиҳа устувор, нима учун, қандай мезон асосида каби саволларга жавоб беради. Инвестор билан “беш мамлакат бир портфель” сифатида мурожаат қилиш самаралироқ. Зеро, молия бозорида умумий қоида бор. Йирик ва шаффоф бизнес кичик ва тарқоқ бизнесдан арзонроқ кредит олади. Минтақа учун ҳам шу мантиқ ишлайди.

Орол тарих эмас, давом этаётган ҳодиса

Орол денгизи қуриши жаҳон тарихидаги энг катта экологик фалокатлардан бири сифатида ҳатто мактаб дарсликларига кириб улгурган. Аммо дарслик мисоли одатда ўтмишни тасвирлайди. Фалокат 1960-1970 йилларда бошланган, аммо у ҳали тугамаган, унинг оқибатлари бугун ҳам давом этяпти ва айрим жиҳатлардан кучайяпти.

Денгиз ўрнида пайдо бўлган чўл ҳар йили миллионлаб тоннагача туз, чанг ва заҳарли моддаларни атмосферага кўтаради. Бу чанг совет даврида суғориш дельтасига сингиб кетган пестицид ва кимёвий моддалар билан тўйинган. У шамол билан 500-600 километр масофага тарқалади ва Ўзбекистон, Қозоғис­тон, Туркманистонни қамраб олади.

ОҚХЖ таъсисчи давлатлари раҳбарларининг Остонада ўтказилган мажлисида ушбу реаллик тан олинди. Жамғарма 1993 йилда, Орол инқирози авж палласида таъсис этилган ва у Марказий Осиёдаги энг узоқ яшаган минтақавий экологик тузилма. 30 йилдан ортиқ вақт ичида ОҚХЖ доирасида 34 та сув тежаш инфратузилмаси, Орол атрофида ўрмон экиш, ерни тиклаш каби минтақавий лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ирригация тизимини модернизациялаш бўйича қилинган ишлар аниқ натижа бера бошлади. Ҳозир ирригациядаги самарадорлик ошиши орқали йилига 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув тежалаётгани айтилди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 15 миллиард куб метрни ташкил этиши мўлжалланган.

Келаси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раислиги Ўзбекистонга ўтади. Бу раисликни кўп нарса сифатида кўриш мумкин — дипломатик ютуқ, минтақавий нуфуз кўрсаткичи, яна бир расмий мақом. Аммо прагматик жиҳатдан у, аввало, масъулият экани Ўзбекистон раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди.

“Келажак суви”

Мажлисда сувга эҳтиёткор муносабат маданиятини тиклаш учун “Келажак суви” дастурини ривожлантириш айтилди. Бу иборанинг ортида аслида жиддий ғоя бор. Марказий Осиё халқлари тарихан сувни асраб-авайлашни жуда яхши билган. Хоразм суғориш тизими, Фарғона водийсидаги сув улашиш анъаналари, Самарқанд ариқлари —
буларнинг ҳаммаси минтақада сув менеж­ментининг асрий тажрибасини кўрсатади. Совет даврининг “кўп сув — кўп пахта” сиёсати ушбу маданиятни бузди, сув давлатники, тежаш бефойда деб ҳисобланди.

“Келажак суви” дастури мактабларда сув тежаш ҳақида аниқ билим бериш, маҳаллий ва қишлоқ сув ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, жамоа даражасида сув аудити ўтказиш кабиларни назарда тутади. Бу чоралар техник ечимлардан кўра камроқ “зарарли” кўринади. Аммо ижтимоий норма ўзгарса, одамлар сувни тежашни шахсий масъулият деб ҳис этса, техник тизимлар ҳам кўпроқ самара беради. Маданий ва техник ёндашув бир-бирини кучайтиради.

Ёшлар, таълим ва келажакка нигоҳ

Остонада 2027 йилда Ўзбекистонда Жаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш таклифи берилди. Шу ўринда яна бир масала — умумтаълим мактабларида иқлим ва барқарор ривожланиш мавзуларини ўқув режасига киритилиши ҳам кун тартибига чиқади.

Остона ташаббусларини амалга ошириш, “яшил” технологияларни жорий этиш, ирригацияни бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, “яшил” бизнес тузиш учун зарур бўлган авлод ҳозир мактабда ўқияпти. Ушбу болалар 2035-2040 йилларда муҳандис, агроном, молиячи, сиёсатчи бўлиб етишади. Уларнинг иқлим саводхонлиги, экология ҳақида аниқ билими, барқарор ривожланиш ҳақида танқидий фикрлаш қобилияти бугун берилаётган таълим орқали шаклланади.

Финляндия 2000-йиллар бошида “барқарор ривожланиш”ни мактаб ўқув режасига интеграция қилди. Нафақат алоҳида фан сифатида, балки ҳар бир фан ичида тафаккур методи сифатида. Жанубий Корея ҳам шу йўлни тутди. Натижада ушбу мамлакатларда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш жараёни бошқа мамлакатлардагидан анча осонроқ кечди. Чунки ёшлар ўша тилни, ўша мантиқни ва ўша мезонни мактабдан билиб чиққан. Марказий Осиё учун бу тажриба таълим вазирликлари кун тартибига кириши лозим бўлган масала.

Ҳисоб-китоб вақти

Ўзбекистон Президентининг Самарқандда айтилган фикрига қайтайлик. Табиатни авлодлардан қарзга оляпмиз. Қарздор бўлиш айб эмас, агар қарз тан олинса. Остонада кўтарилган “Тоза ҳаво” консорциуми, Чўлланишга қарши марказга минтақавий мақом бериш, “Яшил савдо йўлаги” ва ягона инвес­тиция портфели каби ташаббуслар ана шу қарзни тан олишнинг тизимли ифодасидир. Ундан ташқари, ОҚХЖ ислоҳотлари, “Келажак суви” дастури — барчаси биргаликда Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишга реал ёндашаётганини кўрсатади.

Муз кутмайди. Тупроқ кутмайди. Орол атрофидаги аҳоли ҳам кутмайди. Агар Ўзбекистон раҳбари ташаббусларига жиддий ёндашилса, улар нафақат Марказий Осиё, балки ўхшаш иқтисодий ва экологик вазиятдаги бошқа минтақалар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин. Чунки сув, ҳаво ва ер чегара билмайди ва ҳар биримиздан бир кун ҳисоб сўрайди.

Ўктамжон ТИЛАВОВ,

Профессор