Жаҳон ҳамжамияти гувоҳ: мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида баҳор фаслининг илк ойи — март оламшумул тарихий воқеалар билан тўлиб-тошди. Келинг, тадрижий кетма-кетлик анъанасидан чекиниб, гапни давлатимиз раҳбари ғояси асосида бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқимиз учун чинакам улкан маънавий ҳодиса бўлгани борасидаги мулоҳазалардан бошласак. Миллат тафаккурини бойитишга хизмат қилиш миссиясини зиммасига олган бу муҳташам маскан юртимизнинг бой тарихи, бебаҳо маънавий мероси, асрлар давомида шаклланган илм-маърифат анъаналарининг ёрқин тимсоли сифатида барпо этилди.

Бугун Ўзбекистон тинчлик, билим ва маърифатли ислом мамлакати сифатида ривожланмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, янги Хоразмий, Беруний, Улуғбек, Фарғоний, Ибн Сино, Бухорий ва Термизийлар вояга етмоқда. Заминимиз асрлар давомида жаҳон тамаддунининг муҳим марказларидан бири сифатида ислом маданияти ва илм-фан ривожида беқиёс ўрин тутган. Буюк мутафаккирлар, аллома ва муҳаддислар етишиб чиққан бу заминда бой маънавий мерос шаклланган. Энди ана шу улкан меросни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш ишлари илмий-маърифий маскан воситасида бажарилади.

Давлатимиз раҳбари 17 март куни Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросимидаги нутқида халқимизга қарата “Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман. ­Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин!” дея алоҳида таъкидлади.

Бундан тўққиз йил олдин мазкур мажмуани барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинган бу эзгу ташаббус жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди. Марказ биноси Президентимизнинг меъморий ғоя ва таклифлари асосида лойиҳалаштирилди. Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага бир неча бор ташриф буюриб, бунёд этиш жараёнида унинг мазмунан ва шаклан янада мукаммал бўлиши юзасидан қимматли тавсия ва маслаҳатларини берди. Хусусан, 2025 йилнинг ўзида марказга бир неча марта келиб, экспозициялар, инфратузилма, маърифий ва илмий йўналишларни такомиллаштириш бўйича муҳим ғоялари билан ўртоқлашди.

Ўтган йили минглаб хорижий меҳмон ташриф буюргани Ислом цивилизацияси марказининг жаҳон миқёсида катта қизиқиш ва эътибор уйғотганини тасдиқлайди. Меҳмонлар орасида Президентлар, парламент ва ҳукумат раҳбарлари, депутатлар, сенатор ва лордлар, вазир ва элчилар, илм-фан ва жамоат арбоблари, диний ташкилотлар раҳнамолари борлигини таъкидлаш лозим.

“Ислом цивилизацияси марказини барпо этишга киришар эканмиз, мен, дунёнинг қаерида бўлмасин, тарихимизга тегишли бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, битта экспонат бўлса ҳам топиб, юртимизга олиб келишни орзу қилган ва шу вазифани ўртага қўйган эдим. Минг шукрки, бугун ана шу мақсадимизга аста-секин эришяпмиз. Бу ишларни, албатта, давом эттирамиз”, деди Президентимиз. Бу гапларда олам-олам маъно, мақсад ва мазмун мужассам эмасми?!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази маҳобати, ҳудуди ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири бўлиб майдонга чиққани ҳақида жаҳон матбуоти аллақачон бонг ура бошлади.

* * *

Факт. Ушбу ноёб мажмуа салкам 10 гектар ҳудудда жойлашган, бинонинг умумий фойдаланиш майдони 50 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ерда “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” ва бошқа заллар мавжуд. Ўтган йилнинг ўзида 1500 дан ортиқ экспонат, жумладан, 800 га яқин қадимий қўлёзма, археологик топилма ва тарихий хариталар экспозицияга жойлаштирилди. Айни вақтда хорижий аукцион уйлари, йирик коллекционер ва арт дилерлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, 743 та экспонатнинг асл нусхалари юртимизга келтирилди.

Зиё таратувчи қутлуғ масканлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти 18 март куни ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, соҳалардаги лойиҳалар билан танишиш ҳамда янгиларини ишга тушириш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича навбатдаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида Самарқандга борди. Ташрифнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва фаровонлик нафаси, муборак Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз байрами шукуҳига ҳамоҳанг равишда вилоятдаги қатор диний-маърифий йўналишдаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Имом Бухорий мажмуаси нафақат Самарқанд ёки Ўзбекистон, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук манзиллардан. Чунки буюк муҳаддис яшаган давр вақт нуқтаи назаридан ҳам, замон нуқтаи назаридан ҳам узоқ ўтмишга эга. Аллома яратган мактаб, таълим, илм, катта маърифий мерос ҳеч қандай вақтга бўйсунмайди. Зеро, у умрини бағишлаган илм барҳаёт.

Президентимиз Самарқанд вилояти Пай­ариқ туманида қайтадан бунёд этилган ушбу мажмуада ҳам бўлди. Зиёратгоҳнинг қоқ марказидан буюк ҳадисшунос бобомизнинг мақбараси ўрин олган. Давлатимиз раҳбари мақбарани зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

— Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик. Мана шундай табаррук маскан барчамизга муборак бўлсин, — деди давлатимиз раҳбари.

Мажмуа мамлакатимиз етакчиси ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламидаги юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.

* * *

Факт. Мажмуа ҳузурида туризм маркази очилди. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма яратилиб, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилди. Жумладан, 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та 176 ўринли оилавий меҳмон уйи ҳамда автотураргоҳ қурилган. Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг зиёратчини қабул қилиш қувватига эга. Майдони 45 гектарни ташкил этади. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди. Қадамжодаги 14 та мовий гумбаз, 75 метрли 4 та минора улуғвор қиёфа бағишлаб турибди.

Уйғониш ва руҳий покланиш рамзи

Наврўз арафасида мамлакатимизда Рамазон ҳайити кенг нишонланди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқига табрик йўллаб, юртдошларимизни эзгулик, меҳр-оқибат ва саховат айёми билан чин қалбдан самимий муборакбод этди. Табрикда кейинги йилларда шаклланган анъанага мувофиқ, мамлакатимизда Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича бу йил ҳам халқимиз билан биргаликда кўплаб хайрли ишлар бажарилгани таъкидланди.

“Аввало, махсус қарор асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги 35 йилда биринчи марта 1 триллион сўм маблағ ажратилиб, муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш каби эзгу ишларга сарфланганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 450 миллиард сўм 600 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага моддий кўмак тариқасида йўналтирилди. Бундан ташқари, ижтимоий ­реестрдаги даволаш режалаштирилган 6000 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, жумладан, оғир касаллар операция йўли билан даволанмоқда”, деди давлатимиз раҳбари.

Юртдошларимиз 20 март куни Рамазон ҳайити намозини адо этди. Ибодат чоғида юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, фаровонлик ва барқарор ривожланиш бардавом бўлиб, жаҳоннинг турли ҳудудидаги уруш ва низолар тезроқ барҳам топиб, барча халқ тинчлик ва барқарорликда ҳаёт кечиришини тилаб дуолар қилинди.

Шунингдек, 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Наврўз умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларни намоён этгани ҳолда ҳамда давлатимиз юритаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган

392 шахс афв этилди. Афв этилганларнинг 223 нафари асосий жазодан тўлиқ озод қилинди, 82 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озодликка чиқарилди, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

21 март куни “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Президентимиз иштирок этиб, бутун халқимизни қутлади. Давлатимиз раҳбари миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизни рози қилиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Бу йил байрам “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган ғоя асосида ўтаётгани ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси эканини қайд этди.

Минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган Наврўзнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари бугунги нотинч замонда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ушбу байрамни бир бўлиб, шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Ана шундай аҳиллик ва тотувлик янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этишнинг энг ишончли кафолати бўлиб майдонга чиқди.

Мамлакатимиз етакчиси шу куни пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Миллий маданий марказлар павильонига ташриф буюрди ҳамда юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари билан мулоқот қилди.

Дўстлик боғи ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биносига туташ майдонда барпо этилган, 22 миллатнинг ўзига хос архитектураси акс этган павильон юртимизда миллий маданиятларни ривожлантириш, миллатлараро тотувликни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, шу орқали ёш авлодни бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашга давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида қаралаётганининг ёрқин тасдиғидир.

Бу ерда қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқирд ўтовлари, корейс, беларусь, украин, грек, олмон, дунган, поляк, яҳудий, грузин, арман, татар ва қрим-татар, уйғур, турк, тожик, хитой, рус ҳамда озарбайжон халқларининг икки қаватдан иборат дўстлик уйлари жойлашган.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир миллий маскан фаолияти билан танишди. Иштирокчилар билан самимий мулоқот қилди. Учрашувлар чоғида миллий-маданий марказларнинг умумхалқ байрамларини юксак руҳда ­ўтказишдаги ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Юксак ватанпарварлиги, фидойи меҳнати билан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга қўшаётган ҳиссаси учун турли миллатга мансуб юртдошларимизга миннатдорлик билдирилди.

* * *

Факт. Юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона, аҳил оила бўлиб яшаб келмоқда, 157 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Бу хилма-хиллик кўп асрлик тарихий жараёнлар натижасида шаклланган ноёб ижтимоий ҳодисадир.

Аёллар эъзозда ва ҳимояда

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кейинги йилларда изчил ва тизимли тус олди. Эрта никоҳ, эрта ёшдаги туғуруқ ҳамда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, оила институтини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Президентимиз 3 март куни аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини янада кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан таклифлар ҳамда янги ташаббуслар билан танишди. Шу куни давлатимиз раҳбарининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармонни шунчаки навбатдаги ҳуқуқий қадам деб айтишнинг ўзи камлик қилади. Чунки бу ҳужжат жамиятда аёл ва бола шаъни, қадр-қиммати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган аниқ стратегик дастурдир. Унда давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, профилактика механизмларини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жабрланувчиларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ёндашувлари белгилаб берилди.

Баҳорнинг энг нафис ва гўзал байрамларидан бири 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ опа-сингилларимизнинг мукофотланиши эса айёмга янада кўтаринкилик бағишлади. Мамлакатимизда мўътабар аёл зотига улкан эҳтиром кўрсатиш, давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, шунингдек, самарали меҳнати, бой билими ва тажрибаси билан юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида алоҳида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони имзоланди.

Унга кўра, давлатимизнинг “Ўзбекистон Республикаси халқ шоири” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик”, II даражали “Соғлом авлод учун”, II даражали “Саломатлик” ордени, “Соғлом турмуш”, “Содиқ хизматлари учун”, “Келажак бунёдкори”, “Шуҳрат” медали каби юксак мукофоти ўз эгаларига тантанали топширилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари “Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган қизларимизни ҳам муносиб рағбатлантирди.

6 март куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган байрам тадбирида эса Президентимиз турли соҳалардаги меҳнати, истеъдоди ва ақл-заковати билан янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимизга, халқаро майдонларда Ватанимизни дунёга тараннум этаётган қизларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорчилик билдирди.

— Янги Ўзбекистонни аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантириш — менинг энг катта ниятим. Ишончим комил, сиздек фидойи, шижоатли, меҳнаткаш аёлларимиз, бутун халқимиз билан бирга эзгу мақсадларимизга, албатта, эришамиз! — деди давлатимиз раҳбари. Зеро, бу эзгу мақсад бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар мазмунида ўз аксини топяпти.

* * *

Факт. Хотин-қизлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида мамлакатимиз 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида эса 43 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллади.

Энг ёқимли калом

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳузурида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш масалалари, шунингдек, жорий йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди.

Дунёда кескинлик ва можаролар ўчоқлари сақланиб қолаётгани, геосиёсий рақобат кучайиб, янги хатар ва таҳдидлар хавфи ортиб бораётгани таъкидланди. Айрим минтақалардаги ҳарбий ҳаракатлар жиддий гуманитар ва иқтисодий оқибатларга олиб келаётган нотинч халқаро вазият шароитида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз 4 март куни Ўмон, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар, Баҳрайн, Иордания етакчилари билан телефон орқали суҳбатлашди. Мулоқотларда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Яқин Шарқ мамлакатлари етакчилари билан суҳбатда Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўл билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканини билдираркан, мулоқотлар чоғидаги муҳим бир сиёсий аспект бизни алоҳида ҳаяжонга солди, қалбимиз тўлқинланди.

Президентимиз телефон орқали суҳбатларда бу мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг тақдири, хавфсизлиги, саломатлиги ҳақида сўради. Юртдошларимизни Ватанга қайтариш масалалари муҳокама қилиниб, шу мақсадда кўрилаётган чора-тадбирлар учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Таҳликали ҳудудларда қолиб кетган юртдошларимизни Ватанга қайтариш бўйича Президентимизнинг шахсан ўзи тегишли идоралар раҳбарларига кўрсатмалар бергани, бу масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши кераклигини айтгани ва ниҳоят шу кунга қадар минглаб юртдошларимиз тинч-осойишта, файзли, азиз заминимизга соғ-омон олиб келингани ҳар биримизда меҳр ва бирдамлик туйғуларини жўш урдирди.

Шунингдек, мамлакатимиз етакчиси Озарбайжон Президенти билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Фуқароларимизни Эрондан Озарбайжон ҳудуди орқали хавфсиз эвакуация қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ва яратилаётган шароитлар учун Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирди.

* * *

Факт. Ўзбекистон Президентининг махсус топшириғи билан эвакуация ишлари бошлангач, резидент авиакомпаниялар махсус рейслар амалга ошириб, қисқа вақтда минглаб юртдошимиз Ватанга қайтарилди. Жараённи мувофиқлаштириш учун “Ўзавиация” агентлигида 24/7 режимда ишлайдиган штаб ташкил этилди.

Бир рубобнинг икки тори

Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкам тарихий илдизларга эга. Бир ўзандан сув ичган халқларимиз тарихи, тақдири туташ, урф-одатлари, қадрияту анъаналари яқин, мақсадлари муштарак, азалдан қуда-андалик, қариндошлик алоқалари мустаҳкамланиб келган. Асрий алоқалар янги Ўзбекистон шароитида замонавий босқичда янги мазмун билан бойиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил кенгайиб, сиёсий мулоқот билан бир қаторда савдо-иқтисодий, транспорт ва гуманитар соҳаларда ҳам аниқ натижаларга эришилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 26-27 март кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим босқич эканини таъкидлаб, “Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини бошлаб бермоқдамиз. Ушбу формат, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради, Ўзбекистон — Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун ва илғор ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади”, деди.

Ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгаш йиғилиши ўтказилди, икки давлат ўртасида Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнот имзоланди. Шунингдек, етакчилар йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этиб, 10 та қўшма лойиҳани бошлаб берди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Тожикистон элчихонасининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Президентлар рамзий тасмани кесиб, элчихона ва консуллик бўлимининг маъмурий бинолари, элчи қароргоҳи, дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари учун турар жойларни қамраб олган мажмуани кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари Тожикистоннинг янги қурилган элчихонаси фаолиятига баҳо берар экан, бу даргоҳ икки халқнинг орзуларига хизмат қилсин дея самимий, дўстона тилакларини билдирди. Ушбу тадбир Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

2024 йил 19 апрелда Президентимизнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида мамлакатимизнинг Душанбе шаҳридаги элчихонаси янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтганди. Ҳар икки давлатда элчихоналар биносининг янгиланиши мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани билан боғлиқ.

Ташрифнинг иккинчи куни Тожикистон Президенти Бухоро шаҳрида бўлди. Мартабали меҳмон давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Сўнг мамлакатлар етакчилари сомонийлар мақбарасига ташриф буюрди. Мақбараларга зиёрат чоғида Қуръон оятлари тиловат қилиниб, ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинди.

* * *

Факт. Ўтган йили икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, тайёр маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳисобига қарийб 1 миллиард долларга етди. 2028 йилга келиб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиарейслар, автобус ва поезд қатновлари йўлга қўйилган. Юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда.

Кун тартибида соҳалар ва тармоқлар ривожи

Март ойида Президентимиз иштирокида Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси устувор вазифалар юзасидан йиғилишлар бўлиб ўтди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри ва вилоятида амалга оширилаётган ­бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш, муҳим лойиҳаларни ишга тушириш маросимларида иштирок этди. Хусусан, 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти,

24 март куни Янги Тошкентда қад ростлаётган қатор йирик объектлар билан танишди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз етакчисига транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳалар, қишлоқ ва сув хўжалиги учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, кимё саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган таклифлар тақдимот қилинди.

Президентимизга нефть ва газ соҳасида белгиланган вазифалар ижросининг ҳолати, нефть-газ тармоғида қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш ва янги захираларни ўзлаштириш бўйича чора-тадбирлар ижроси юзасидан ҳисоботлар берилди. Давлатимиз раҳбари раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш, фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда соҳага илғор технологияларни жорий этишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишлари ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари март ойининг сўнгги кунида мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди.

* * *

Факт. Давлатимиз раҳбари Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қуввати билан нафақат Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуалардан бири, балки ­дунёдаги йирик бойитиш фабрикалари сирасига киради.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири