Қонун билан Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари қайта тизимлаштирилмоқда. Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш ҳамда қўриқлаш фаолияти билан боғлиқ вазифалар бирлаштирилиб, оммавий тартибсизликларга чек қўйиш бўйича янги вазифа белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат объектлари, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар, бошқа объектлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашга оид вазифалар амалдаги ваколатлардан келиб чиқиб оптималлаштирилади.

Қонуннинг муҳим янгиликларидан бири Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш тартибига тааллуқли. Эндиликда ҳарбий хизматчи фуқарога мурожаат қилганда ўз лавозими, ҳарбий унвони, фамилияси, исми ва отасининг исмини айтиши, мурожаат сабаби ва мақсадини тушунтириши шарт бўлади.

Фуқаро талаб қилган тақдирда ҳарбий хизматчи хизмат гувоҳномасини ҳам кўрсатиши лозим.

Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий махсус воситалардан фойдаланиш бўйича Миллий гвардиянинг ҳуқуқлари аниқлаштирилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ўзгартишлар Миллий гвардиянинг вазифа ва ваколатларини амалдаги функцияларга мослаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда фуқаролар билан муносабатларда очиқлик ва қонунийликни таъминлашга қаратилган.