Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 35 минг нафар бола паллиатив ёрдамга муҳтож, деб баҳоланмоқда. Бироқ ҳозирги қамров атиги 2–3 фоизни ташкил этади. Миллий режада ушбу вазиятни тубдан яхшилаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Хусусан:
барча ҳудудларда болаларга паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимлари ташкил этилиб, ихтисослаштирилган хизматлар босқичма-босқич кенгайтирилади;
беморларга уй шароитида оғриқсизлантириш, парвариш ва тиббий кузатув хизматларини кўрсатадиган мобил тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилади;
ҳудудларда 14 та реабилитация бўлими тармоғи шакллантирилиб, замонавий физиотерапия, роботлаштирилган ускуналар ва тикланиш технологиялари жорий этилади;
паллиатив ёрдам ва реабилитация бўйича шифокорлар, ҳамширалар, психологлар ва ижтимоий ходимлар тайёрлаш тизими ривожлантирилади;
телетиббиёт, масофавий мониторинг ва рақамли технологиялар орқали беморларни узлуксиз кузатиш имкониятлари кенгайтирилади.
2030-йилга бориб:
паллиатив ёрдам ва реабилитацияга муҳтож болаларни ушбу хизматлар билан қамров даражасини 90 фоизга етказиш;
реабилитациядан ўтган болаларнинг 80 фоизини мактабга қайтариш;
бемор болаларнинг 90 фоизини, улар оила аъзоларининг эса 75 фоизини психологик қўллаб-қувватлаш;
аҳолининг 95 фоизи учун 50 километр радиусда паллиатив ёрдам ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсад қилинган.
ССВ Матбуот хизмати.