Аслида, ахборот тайёрловчи ва тарқатувчида гап кўп. Шу ўринда бир мисол: тўртта ташкилот ҳамкорлигида ўтказилган тадбирни ҳар бир идора ўз корхонаси манфаати нуқтаи назаридан ёритади. Энди хорижда бўлиб ўтаётган муҳим жараёнлар ҳақидаги ахборотни иккинчи ёки учинчи манба орқали олишни ўйлаб кўринг. Улар ахборот мазмунини сездирмасдан бироз ўзгартириб, ўз қарашларига мослаб тақдим этиши ҳам мумкин. Аммо буни ҳамиша ҳам англаш қийин. Қолаверса, ҳар доим ҳам хабарни текширишга вақт ва ҳафсала бўлмайди.

Халқаро медиамаконда рақобат кучайган ҳозирги кунда дунёдаги ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ахборотларда қандай ғоя ва мақсадлар яширин эканини тўлиқ пайқаш мушкул. Тармоқларга жойлаштирилаётган ахборотлар бир қарашда ишончли кўринади — воқеа жойидан, муайян манфаатдан келиб чиққан ҳолда, ўта устакорлик билан олинган расм ва видеолар, интервьюлар эълон қилинади. Кейинги пайтларда бу борада сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳам кенгайиб бормоқда. Бу эса халқаро медиамакондаги материалларда ғаразли мақсадлар йўлида сохтакорлик кўпайиши эҳтимоли мавжудлигини билдиради.

Шундай экан, айни ҳолат журналист ва блогерлар, ижодкорларимизнинг ўта ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозимлигини, соҳага оид замонавий билимларни пухта эгаллаб бориши зарурлигини кўрсатади. Зеро, давлатимиз раҳбари бежизга икки йил аввал миллий контент яратиш ва ахборот хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратмади.

Луғатларда “миллий” сўзига “халқона, миллатга тегишли, бирор мамлакат, давлат ва унинг аҳолисига оид, бирор миллат, халқнинг ўзига хос бўлган, унинг хусусиятларини ифодаловчи” деб, “контент” сўзига эса “ўз-ўзини ифода этиш, тарқатиш, нашр этиш учун нутқ, ёзув ёки турли хил санъат турлари каби бирор восита орқали ифодаланиши керак бўлган ахборот воситаси”, дея изоҳ берилади. Бундан миллий контент тушунчаси қамровининг кенглиги англашилади.

Аввало, миллий контент деганда, миллий манфаатларимизни назарда тутган ҳолда юртимиз ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тайёрланган холис ва ҳаққоний материалларни тушунамиз.

Мамлакатимизда юртдошларимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, илм-фан, маданият, санъат, иқтисодиёт, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақидаги ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта, сифатли медиа маҳсулотлар ҳам миллий контентни бойитишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Юртимиз тарихи ва ўзига хос жиҳатлари, географияси, миллий давлатчилигимиз, жадид боболаримиз, улуғ саркардаларимиз, аждодларимиз ҳамда ижодкорларимиз ҳаёти ва фаолияти, миллий менталитетимиз, юртимиз табиати, миллий манфаатларимиз, ўзбек тили, урф-одат ва анъаналаримиз ҳақида тайёрланадиган ижодий ишлар ҳам миллий контент сирасига киради.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан қабул қилинган, айни кунда такомиллаштирилаётган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексининг олтинчи бўлимида “Журналист қандай мавзуга қўл урмасин, миллий ўзига хослик, миллий маънавият ва ахлоқий қадриятларга, шу билан бирга, бошқа миллат ва элатларнинг урф-одат ҳамда маданиятига нисбатан ҳурмат сақлайди. Материални тарқатишда адабий тил қоидаларига амал қилади. Журналист мамлакатнинг ахборот маконидаги нуфузи ва жаҳон ахборот майдонидаги имижига путур етказмасликка интилади”, дейилган. Аёнки, журналистик материал — миллий контент тайёрлашнинг ҳам ўз масъулияти бор. Қолаверса, оммага кенг тарқатиладиган контент ишончли, холис ва адолатли, маъно-мазмунли, ўқувчи учун қизиқарли бўлиши керак. Бундай материаллар тайёрлаш учун эса муаллиф етарлича билим, малака ва маҳоратга эга бўлиши лозим.

Жойларда фаолият олиб бораётган “Ёш журналистлар” тўгараклари, медиа соҳа вакилларининг малака ошириш курслари, жорий йилдан Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан мамлакатимиз бўйлаб ҳар йили ўтказиш йўлга қўйилган “Медиа ҳафталик”лар, ташкил этилаётган устоз журналистларнинг маҳорат мактаблари фаолиятини жонлантирилиши бу борада ўз самараларини бериши шубҳасиз.

Х. Салимов,

Yuz.uz мухбири