Ҳақиқий муҳандислик ғояси муайян муаммони бошқача усуллар билан ҳал қилиш йўлларини излашдан бошланади. Аммо ғоянинг ўзи етарлими? Уни синаб кўриш, текшириш, қайта ишлаш, охир-оқибат ғояни прототипга ва янги маҳсулотга айлантириш учун, биринчи навбатда, муҳит керак.
Қарши давлат техника университетида ишга туширилган “Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази” (фаб-лаб) ана шундай муҳитни шакллантиришга қаратилган. Бундан мақсад ёш олимлар ва талабаларнинг муҳандислик-техника йўналишидаги инновацион ғоя ва ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш, уларнинг тажриба нусхаларини тайёрлаш ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришдир.
Айни пайтда марказда 6 та цех ва 4 та лаборатория фаолият юритмоқда. 148 талаба иш билан таъминланган ҳамда илмий-инновацион фаолиятга жалб қилинган. Бу ерда 30 га яқин хизмат тури мавжуд бўлиб, касб-ҳунарга ўргатиш билан бирга 20 дан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ марказ оддий лаборатория эмаслигини кўрсатади. У — таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик кесишадиган нуқта.
Одатда
техникага ихтисослашган олий таълим муассасаларида талабалар тайёр технологияни
ўрганади. Лаборатория ишини бажаради ва имтиҳон топширади. Фаб-лаб фалсафасида
эса савол бошқача қўйилади: “Сиз нима ярата оласиз?”. Бу фарқ жуда муҳим.
Сабаби муҳандислик компетенцияси фақат назария орқали шаклланмайди. Яъни мазкур
тизимда талаба тайёр билимни ўзлаштиришдан янги ечим яратишга ўтади.
Университетимиздаги
марказнинг тузилиши ҳам комплекс хусусиятини ифода этади. Фаб-лабнинг биринчи
қаватида рақамли контент маркази ҳамда универсал муҳандислик, энергия аудити,
қуёш қурилмаларини ўрнатиш ва таъмирлаш, композицион материаллар ҳамда рақамли
муҳандислик дизайни йўналишларидаги цехлар фаолият юритади. Иккинчи қаватдан эса
мехатроника ва робототехника, чорвадор мутахассисларга илмий-инновацион
хизматлар, инновацион топогеодезия ва рақамли кадастр, экология, ноорганик
моддалар кимёси йўналишларидаги илмий лабораториялар ҳамда стартапчи ёшлар учун
коворкинг маркази ўрин олган.
Ҳар
бир тармоқнинг ўз йўли ва стратегияси бор. Масалан, рақамли муҳандислик дизайни
цехида турли дизайн хизматлари кўрсатилади. Бу ерда муҳандислик ғоясининг
биринчи босқичи — рақамли моделлаштириш ва дизайн ишлари бажарилади.
Цехда олинган композицион материаллардан буюмлар ишлаб
чиқарилади. Бу йўналиш материалшунослик ва янги материаллар асосида маҳсулот
яратиш имкониятини кенгайтиради. Бундан ташқари, “Energo Control Lab” энергия
аудит марказида ёш олимлар ва талабалар энергия аудити хизматини кўрсатади ва
энергиядан самарали фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш билан
шуғулланади.
Марказдаги лабораториялар мажмуаси илмий-тадқиқот полигони
вазифасини ўтайди. “Инновацион топогеодезия ва рақамли кадастр”
илмий-инновацион хизматлар кўрсатиш маркази эса геодезия, рақамли технологиялар
ва кадастр соҳаларини ўзида жамлаган бўлиб, талабаларнинг соҳага оид
билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Эко таҳлил” илмий-тадқиқот лабораторияси сув, тупроқ
таҳлили ва атроф-муҳит билан боғлиқ тадқиқотлар учун имконият яратади. Энг
қизиқарли йўналишлардан бири — ноорганик моддалар кимёси илмий-тадқиқот
лабораторияси. Бу ерда литий, рух ва калийли бирикмаларни синтез қилиш, янги
кимёвий бирикмалар синтези ҳамда уларнинг физик-кимёвий таҳлили ўтказилади.
Мазкур
лабораторияларнинг бир бинода жамлангани жуда муҳим. Сабаби келажакдаги
мураккаб технологиялар битта фан доирасида яратилмайди. Масалан,
робототехникага механика ҳам, электроника ҳам, дастурлаш ҳам керак.
Энергетикада эса материалшунослик, кимё, автоматлаштириш ва рақамли
технологиялар бирлашади. Фаб-лабнинг кучли жиҳати шунда, яъни унда фанлар
ўртасида “девор” бўлмайди.
Албатта,
фаб-лаб ғояси Қаршида пайдо бўлган маҳаллий ташаббус эмас. У бугун турли
мамлакатларда ривожланаётган глобал ҳаракатнинг бир қисми. Уларнинг халқаро
концепцияси ҳам айнан шу ғояга асосланган.
Бу ғояни дастлаб Массачусетс технология институти
профессори Нил Гершенфельд илгари сурган. У рақамли технологиялар ёрдамида
“деярли исталган нарсани ясаш” имкониятини ўргана бошлаган. Унинг фикри жуда
қизиқ эди: компьютердаги рақамли ғояни реал буюмга айлантириш. Масалан, талаба
компьютерда бирор деталнинг 3D моделини яратади ва кейин 3D принтер, лазерли
кескич ёки CNC станоги ёрдамида уни ҳақиқий буюмга айлантиради.
Кейинчалик Ҳиндистон, Коста-Рика, Норвегия, Гана, Финляндия, Испания каби
давлатларда шундай лабораториялар пайдо бўлди. Фаб-лаблар сони кўпайгач, уларни
бирлаштирувчи халқаро тармоқ шаклланди. 2009 йилда “Fab Foundation” ташкилоти
тузилди. Унинг вазифаси фаб-лаб тармоғининг кенгайишига, янги лабораториялар
ташкил этилишига, таълим ва технологиялар алмашинувига кўмаклашишдан иборат.
“Fab
Foundation” халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, фаб-лаб тармоғи бугун 100
дан ортиқ мамлакатда 1750 дан зиёд лабораторияни бирлаштирган. Айрим
маълумотларда глобал тармоқ кўлами янада кенгайгани қайд этилган. Бу
лабораториялар маҳаллий жамоалар, таълим муассасалари ва илғор тадқиқот
марказларигача бўлган турли форматларда ишлайди. Демак, дунё тажрибасида
муҳандислик марказларининг вазифаси вақт ўтиши билан оддий прототиплашдан
инновацион экотизимгача кенгайиб бормоқда.
2025
йилда хорижлик мутахассислар, Массачусетс технология институти битирувчилари
томонидан Қарши давлат техника университетида фаб-лаб фаолиятини ташкил этиш
мақсадида халқаро нормалар ва тажрибалар тарғиботига бағишланган учрашувлар,
мулоқот ва семинар-тренинглар ўтказилди. Бу, ўз навбатида, олийгоҳнинг
муҳандислик маркази фаолиятининг жаҳон тажрибаси билан интеграциялашуви йўлида
муҳим қадамлар ташланишига ҳисса қўшди.
Олийгоҳимиздаги
муҳандислик марказининг вазифаси ҳудуд иқтисодиёти ва эҳтиёжларига мос моделни
шакллантиришдан иборат. Қашқадарё эса саноат, энергетика, нефть-газ, қишлоқ
хўжалиги, қурилиш ва транспорт каби йўналишлар ўзаро туташган ҳудуд. Шу сабабли
фаб-лабнинг истиқболи жуда кенг. Масалан, маҳаллий корхонада бирор технологик
муаммо пайдо бўлса, уни университетга олиб келиш мумкин. Муаммони талаба,
профессор-ўқитувчи ва корхона мутахассиси биргаликда ўрганади. Марказда унинг
кичик модели ёки прототипи тайёрланади. Синовдан ўтказилади. Натижа ижобий
бўлса, кейинги босқичда ишлаб чиқаришга мослаштирилади.
Бу
ҳали илк қадамлар. Унинг ҳақиқий салоҳиятини очиш учун кейинги одимлар — бир
нечта стратегик йўналишларни белгилаб олиш муҳим.
Биринчидан, фаб-лабни университетнинг барча факультети учун умумий
инновация платформасига айлантириш керак. Чунки янги маҳсулот бир факультет
эмас, бир нечта соҳа билимлари кесишган нуқтада пайдо бўлиши мумкин.
Иккинчидан, марказда стартаплар инкубациясини йўлга қўйиш мақсадга
мувофиқ. Яъни ғоя — прототип — синов — бизнес-модель — инвестиция — ишлаб
чиқариш занжири яратилиши лозим.
Учинчидан, корхоналар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш керак.
Фаб-лабни ҳудуддаги саноат корхоналарининг технологик муаммоларини ҳал
қиладиган очиқ инновация марказига айлантириш мумкин.
Тўртинчидан, халқаро фаб-лаб
тармоғига кириш катта имконият беради. Дунёдаги лабораториялар умумий
ускуналар, методология ва билим алмашинуви орқали ўзаро боғланган.
Бешинчидан, “Fab Academy” каби халқаро таълим дастурлари билан
интеграция қилиш масаласини кўриб чиқиш даркор. Бу дастур рақамли ишлаб
чиқариш, дизайн, электроника, дастурлаш ва прототиплашни амалий лойиҳалар
орқали ўргатади.
Демак,
фаб-лабнинг энг катта вазифаси — талабани тайёр ечим кутадиган мутахассисдан
муаммони кўриб, унга ечим таклиф қила оладиган муҳандисга айлантириш. Шу
жиҳатдан Қарши давлат техника университетида ташкил этилган “Муҳандислик илмий-ишлаб
чиқариш маркази”ни оддий лаборатория ёки устахона сифатида баҳолаш камлик
қилади. Сабаби бу марказ — ғоя ва илмий маҳсулот ўртасидаги кўприк.
Дунё
тажрибасига кўра, фаб-лаблар илмий мактаб, инновацион ғоя, устоз ва талаба,
тадбиркор ва ишлаб чиқариш бир-бирини тўлдирадиган муҳитда энг яхши натижа
беради. Бу ҳаракатнинг бугун юзлаб марказлар ва минглаб илм эгаларини
бирлаштираётгани ҳам бежиз эмас.
Шерзод НЕЪМАТОВ,
Қарши
давлат техника университети ректори