Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, бугун мурожаатлардаги масалаларнинг 80 фоизи бевосита маҳалла даражасида ҳал этилмоқда.
Сўнгги уч йилда эса ёрдамга муҳтож 600 мингдан ортиқ шахс ва оила янгидан аниқланган. Бу ёрдам сўраб келганлар билан ишлаш билан бирга, кўмакка эҳтиёжи бор инсонларни фаол аниқлашга ҳам эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Республика бўйлаб 208 та «Инсон» маркази ва 9 минг нафар маҳалладаги ижтимоий ходим ушбу жараёнда фаолият юритмоқда.
Республика миқёсида 4 та «Имкон» ва 1 та «Умид» марказлари мавжуд бўлиб, ҳафтасига 5 кунлик иш тартибида фаолият юритади.
Марказлар ўз ошхонасига эга ва тарбияланувчилар кунига 5 маҳал бепул овқат билан таъминланади.
Ташкилотларда болаларнинг 10,5 соат ва 24 соат давомида бўлишига мўлжалланган гуруҳлар мавжуд.
Марказлар қуйидаги касалликлар ва ривожланиш хусусиятлари бўлган 2 ёшдан бошлаб болаларни қамраб олади:
Таянч-ҳаракат тизими касалликлари ва нуқсонлари: туғма III–IV даражали сколиоз, оғир туғма маймоқлик, артрогрипоз, болалар церебрал фалажи ва остеомиелит асоратлари.
Ривожланишдаги бузилишлар: ақлий ва психонутқий ривожланишдаги бузилишлар.
Эшитишдаги бузилишлар: икки томонлама сурункали сенсоневрал эшитиш заифлиги.
Кўриш аъзоси касалликлари ва туғма нуқсонлари: туғма катаракта, кўрлик (амавроз), микрокорнеа, микрофтальм, анофтальм, колобома, ретинопатия ва юқори даражали миопия.
Туғма ва ирсий касалликлар: Даун, Вильямс, Прадeр–Вилли, Нунан, Корнелия де Ланге, Шерешевский–Тернер ва Клайнфелтер синдромлари.
Президентнинг 2026 йил 14 октябрдаги PQ-375-сон қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида халқаро Barnahus модели асосида «Нажот» болалар маркази ташкил этилди.
Марказ зўравонликдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш, уларга психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдамни мувофиқлаштириш ҳамда тергов ва суд жараёнларида такрорий руҳий жароҳатланиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Самарқанд шаҳар ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази 7 та асосий бинодан иборат бўлиб, уларда қуйидаги 11 та хизмат ва фаолият йўналиши ташкил этилган:
Марказ замонавий инфратузилма ва зарур шарт-шароитларга эга бўлиб, бир кунда 350–400 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Республикада бир кунда ўртача 9 минг нафар фуқародан 20 мингта мурожаат қабул қилинмоқда. Масалаларнинг 80 фоизи бевосита маҳалла даражасида ҳал этилмоқда. 2026 йилда 2 миллион нафардан ортиқ фуқародан 4,2 миллионта мурожаат келиб тушди, 3,4 миллионта ариза қабул қилинди, 261 мингта кейс юритилди ва 502 мингта хизмат кўрсатилди.
Сўнгги 3 йил ичида 3,9 миллион нафар фуқаро ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди. Маҳалла даражасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 600 мингдан ортиқ шахс ва оила янгидан аниқланди. Жумладан, 86,7 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс, 22,3 минг нафар ота-она қарамоғисиз қолган бола, 21,3 минг нафар парваришга муҳтож шахс, 17 минг нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бола ва 15,9 мингта боқувчисини йўқотган оила аниқланди. Шунингдек, 73,2 мингта тазйиқ ҳолати эрта аниқланди.
Пресс-тур давомида марказ ва муассасалар фаолияти билан яқиндан танишиш орқали болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд ёндашувлар ва амалий механизмлар ҳақида батафсил маълумот олинди.
Бу жараён халқаро саммит арафасида журналистлар учун алоҳида аҳамиятга эга. Бундай ташрифлар ислоҳотларни жойида ўрганиш, уларнинг амалий натижаларини таҳлил қилиш ва болалар ҳуқуқлари ҳамда фаровонлигини таъминлашга қаратилган ташаббусларни кенг жамоатчиликка холис етказиш имконини беради.