Тошкент шаҳрида илк маротаба жорий йилнинг 18–20 май кунлари “Мусиқа таълими: жаҳон миқёсида ягона майдон сари” мавзусида йирик халқаро форум бўлиб ўтмоқда.
Унда, 200 нафарга яқин хорижий ва маҳаллий иштирокчилар қатнашмоқда.
Уч кун давом этадиган форумда 20 га яқин (Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Корея, АҚШ, Франция, Индонезия, Буюк Британия, Япония, Канада, Италия, Венгрия Тожикистон ва Арманистон) давлатлардан нуфузли олимлар, 20 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари ректорлари, шунингдек, проректорлар, профессорлар ва PhD олимлар, деканлар, этномузикологлар, тадқиқотчилар, маданият марказлари раҳбарлари, ўқитувчилар, талабалар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро форум мамлакатимизда мусиқа ва маданият таълимини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ва рақамли ёндашувларни кенг жорий этиш, халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Форумнинг илк кунида “Маданият таълимида сунъий интеллектнинг аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳам ташкил этилди. Ушбу конференцияда маданият ва санъат таълими тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, ўқув жараёнига СИ асосидаги креатив платформаларни мусиқа композицияси, визуал дизайн ва медиа санъат йўналишларида интеграция қилиш, шунингдек, СИ орқали миллий мусиқа чолғуларини ўргатишда автоматик товуш таҳлили, мақом ва бахшичилик ижроларини рақамли архивлаш, театр меросини виртуал форматда сақлаш ва маданият таълимига ихтисослашган интерактив платформаларни яратиш масалалари муҳокама қилинди. (Конференция дастури илова қилинади) Конференция якунида 10 банддан иборат конференция резолюцияси қабул қилинди
Шунингдек, халқаро форум доирасида Туркий давлатлар, МДҲ ва европадан ташриф буюрган ОТМ раҳбарлари иштирокида Ректорлар форуми ташкил этилди. Рекрорлар форумида Ўзбекистон ва хорижий ОТМ раҳбарлари томонидан ўқув жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, қўшма ижодий лойиҳалар, қўшма илмий-услубий нашрлар, институт профессор-ўқитувчилари малакасини оширишга кўмаклашиш ҳамда талабалар алмашинуви юзасидан 20 га яқин ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Пойтахтдаги “Tashkent city” боғининг амфитеатр мажмуасида форум иштирокчилари учун “OPEN AIR” гала-концерти бўлиб ўтади. Мазкур гала-концертда Ўзбекистон давлат симфоник оркестри, Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг таниқли хонандалари иштирок этади. Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Женисбек Пиязов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Арабов, таниқли хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид, халқаро танловлар лауреатлари Умид Исраилов, Дамир Рахмонов, Тўлқин Тожиев, Мусағали Молдабаев, Ёрқинхўжа Умаров, Шерзод Машарипов, Ясмина Ҳусниддинова “Дўстлик” ордени соҳиби Акжол Мелдебеков ва Ясмина Омар-Мун “Шуҳрат” медали соҳиби Расул Абдуллаев ва Сабина Ҳамдамова ҳамда “Бек” ансамбли, “Томоша” болалар мусиқали театр студияси ўз чиқишлари билан иштирок этишади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Гулянак Маммадова ҳамда россиялик таниқли хонанда Стас Пеха ҳам ушбу гала-концертда иштирок этади.
Форумнинг иккинчи кунида Маданият вазирлиги тизимидаги Олий таълим муассасаларида илмий-амалий анжуманлар ўтказилади, хусусан: Маданият вазирлиги тасарруфидаги 6 та олий таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Халқаро илмий амалий конференциялар ўтказилади.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг анжуманлар залида “Ўзбек миллий мусиқа санъатида янги тенденциялар ва инновацион жараёнлар интеграцияси” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий анжуман; Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг “Туркий мусиқа ва рақс анъаналарини сақлаб қолиш, ўрганиш, тадбиқ этиш ва ривожлантиришда Олий таълим муассасаларининг роли” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий анжуман; Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтининг “Ўзбекистонда мусиқий эстрада санъати: илмий таҳлил, таълим ва амалиёт” мавзусидаги илмий-амалий конференция; Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Маданиятлараро интеграцияни кучайтиришда ижодкорлик ва ижрочилик масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференция; Ўзбекистон давлат хореография академиясининг “Инклюзив таълимда хореография санъати ва унинг аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар; С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография университети Тошкент шаҳар филида “Ўзбекистон ва Россия кино мотографиясида – сунъий интелектдан фойдаланиш тажрибалари” мавзусида илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтади.
Форум давомида 80 дан ортиқ илмий ишлар, инновацион лойиҳалар ва амалий тадқиқотлар тақдим этилади.
Форумнинг учинчи куни Ислом Цивилизацияси маркази ҳамда Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига ташрифлар уюштирилади.
Форум якунлари бўйича 20 га яқин халқаро ҳамкорлик меморандумлари, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларни имзолаш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, 2017-йилгача вазирлик тасарруфида 333 та таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб Маданият вазирлиги тасарруфида ушбу кўрсаткич 382 тани ташкил этмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти каби қатор янги олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 6 тага кўпайди ва 4 тадан 10 тага етказилди;
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби Ўзбекистон давлат хореография академияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг Урганч, филиали ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиаллари ташкил этилди;
Рақс, мақом, опера ва бахшичилик санъати йўналишида ўрта махсус таълим муассасалари 23 тадан 29 тага етказилди. Жумладан: Урганч, Бухоро, Фарғона шаҳрида мақом санъатига, Термиз шаҳрида бахшичилик санъатига, Нукус шаҳрида опера санъатига, Урганч, Қарши, Бухоро шаҳарида рақс санъатига ихтисослаштирилган мактаб интернатлари ташкил этилди;
Ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари сони 21 тага кўпайиб, 305 тадан 326 тага етказилди;
Илмий тадқиқот муассасалари ва малака ошириш маркази 2 тага ортиб, 1 тадан 3 тага етказилди;
2017 йилда маданият ва санъат йўналишида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар қамрови 80,7 минг нафарни ташкил этган бўлса 2025 – 2026 ўқув йилида 110 минг 245 нафарни ташкил қилиб, йиллик қамров 29 минг 545 тага кўпайтирилди.
Ўқувчи-талабаларнинг халқаро ва республика танловларидаги йиллик ўртача иштироки 1 700 тадан 5 376 тага кўпайган.
Республикадаги барча 326 та болалар мусиқа ва санъат мактабида “Мақом алифбоси” ҳамда 29 та ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабида “Мақом санъати тарихи” ўқув фани киритилди.
Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузуридаги Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида “Мақом музейи” ташкил этилди.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг директор ва директор ўринбосарлари ойлик маошлари 50 фоизга, ўқитувчи-концертмейстерларнинг ойлик маошлари эса 25 фоизга оширилди.
95 та болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик санъати йўналиши ўқитилиши йўлга қўйилиб, 1 278 нафар иқтидорли ёш қамраб олинди.
Тошкентда бўлиб ўтаётган “Мусиқа таълими: жаҳон миқёсида ягона майдон сари” халқаро форуми илк маротаба ўтказилмоқда. Ушбу форум мунтазам ўтказилиши режалаштирилган.