Бу ҳақда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 7 апрель куни Кармана тумани ҳудудидаги “Самарқанд” доимий ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган инспекторлар “Samarqand–Navoiy” йўналишида ҳаракатланган “Lacetti” русумли автомобилни тўхтатган.

Текширув жараёнида ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланиб, унга нисбатан тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Шундан сўнг ҳайдовчининг отаси ЙПХ ходимлари олдига келиб, ҳуқуқбузарликни ўғли эмас, ўзига расмийлаштириб бериш, ҳужжатларни судга юбормаслик ҳамда автомашинани жарима майдонидан чиқариш эвазига 1000 АҚШ доллари таклиф қилган.

Инспекторлар уни пора бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Бироқ фуқаро таклифини давом эттирган.

Шундан кейин ИИВнинг тегишли бўлинмалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда у 1000 АҚШ долларини пора сифатида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатда қонунийликни таъминлаб, пора олишдан бош тортган Йўл-патруль хизмати инспектори, капитан Шербек Турхонов Ички ишлар вазирлиги томонидан “Жамоавий миннатдорчилик” билан тақдирланган. Шунингдек, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида пул мукофоти топширилган.