Ҳодиса 26 август куни Бхоте-Коши дарёси ҳудудида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Непал–Хитой чегарасидаги Лхенде дарёсида муз ва тоғ жинсларидан иборат кўчки дарё оқимини тўсиб қўйган. Кейин тўпланган сувнинг кескин оқиб кетиши натижасида кучли сел юзага келган. Айрим расмийлар бу жараёнга ҳудудда содир бўлган зилзила сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Сел Расува, Нувакот ва Дхадинг каби ҳудудларга тарқалиб, уй-жойлар, йўллар, кўприклар ва энергетика объектларига жиддий зарар етказган. Айрим қишлоқлар бутунлай лой ва сув остида қолган.
Непал Туризм кенгаши маълумотларига кўра, 384 нафар сайёҳ ва саёҳатчи бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган. Уларнинг 291 нафари хорижий фуқаролардир. Бедараклар орасида Ҳиндистон, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада ва бошқа давлатлар фуқаролари бор.
Қидирув-қутқарув ишларига Непал армияси, полиция ва қуролли полиция кучлари жалб қилинган. Бироқ ноқулай об-ҳаво ва сув сатҳининг юқорилиги қутқарув вертолётларининг зарар кўрган айрим ҳудудларга қўнишига халал бермоқда.
Хитойнинг Тибет ҳудудида ҳам кўчки оқибатида талафотлар қайд этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, Гьиронг уездида 3 киши ҳалок бўлган, 265 киши бедарак йўқолган. Хитой томонида жабрланганлар ва бедараклар сони ҳали аниқлаштирилмоқда.
Непал ҳукумати аҳолини Бхоте-Коши, Тришули ва Нараяни дарёлари бўйларидан узоқлашиб, хавфсиз ҳудудларга кўчишга чақирган. Ҳиндистоннинг Непал билан чегарадош айрим штатларида ҳам сел хавфи туфайли аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланган.