Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий қилиш орқали халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган одил судловга оид стратегик мақсадларни изчил амалга ошириш мақсадида қарор қиламан:

I. Устувор йўналишлар

1. Суд тизимини ислоҳ қилиш қуйидаги устунлар асосида амалга оширилиши белгилансин:

(а) “халқчил суд” – судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантириш;

(б) “адолат қўрғони” – инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш;

(в) “кафолатланган адолат” – қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш;

(г) “адолат посбонлари” – халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш;

(д) “рақамли одил судлов” – суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш;

(ж) “халқаро эътироф” – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш.

II. Стратегияни тасдиқлаш ва уни амалга ошириш

2. Қуйидагилар:

(а) “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси 1-иловага мувофиқ;

(б) “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясини 2026–2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури 2-иловага мувофиқ;

(в) “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси доирасида эришиладиган асосий мақсадлар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

III. Одил судловга эришиш имкониятлари ва қуйи судлар қарорларини қайта кўриб чиқишда холислик даражасини янада ошириш

3. Суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холислиги ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан бошлаб жами 319 та бошқарув ходимлари штат бирлигидан иборат умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилсин. Бунда:

(а) 227 та бошқарув ходимлари штат бирликлари судларнинг амалдаги штат бирликлари доирасида шакллантирилади;

(б) қўшимча 92 та бошқарув ходимлари штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 июндаги ПФ–105-сон Фармонига мувофиқ 2026 йилда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қисқартирилган штат бирликлари ҳисобидан ажратилади.

4. Олий суд 2026 йил якунига қадар белгиланган тартибда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини киритсин:

(а) ҳудудлараро судларга вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни тафтиш тартибида, мазкур судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколатини бериш;

(б) Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг ишларни тафтиш инстанциясида кўриш ваколатини ҳамда ўзлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколатини тугатиш;

(в) ҳудудлараро судларда тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий судда қайта кўриш тартибини белгилаш.

5. Олий суд Бош прокуратура ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш мақсадида 2027 йил 1 апрелга қадар илғор хорижий тажриба ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлилидан келиб чиққан ҳолда Олий судда қайта кўриладиган ишлар мезонларини белгилаш юзасидан асослантирилган таклифлар киритсин.

6. Олий суднинг фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида 2027–2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судларини суд тизимининг мавжуд штат бирликлари доирасида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Бунда аҳоли сони, судга келиб тушаётган ишлар ҳажми ва динамикаси, судьяларнинг иш юкламаси, ҳудудий хусусиятлар ҳамда одил судловдан фойдаланиш имкониятлари инобатга олинади.

7. Олий суд Судьялар олий кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиб, уларнинг тузилмасини тасдиқласин.

8. Давлат активларини бошқариш агентлиги Олий суд билан келишилган ҳолда мазкур Фармонга мувофиқ ташкил этилаётган ҳудудлараро судлар ва фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судларини жойлаштириш чораларини кўриб борсин.

IV. Жиноят процессининг судга қадар иш юритиш босқичида суд назоратини кучайтириш

9. Олий суд ва Бош прокуратуранинг 2027 йил 1 июлдан бошлаб “асосли гумон” (Prima Facie) халқаро стандартига мувофиқ тергов судьясига тегишли процессуал мажбурлов чораларини қўллаш (санкция бериш) тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини, шубҳа туғилган тақдирда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш йўли билан текшириш ваколатларини бериш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

10. Қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан қонун лойиҳалари уч ой муддатда киритилсин:

(а) Олий суд томонидан Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда – мазкур Фармон 9-бандида назарда тутилган ваколатларни тергов судьяларига бериш;

(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти томонидан Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда – “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунда шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чеклаш билан боғлиқ тадбирларни ўтказишга санкция судлар томонидан берилишини белгилаш.

11. Қуйидагилар:

(а) Адлия вазирлиги Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда 2027 йил 1 апрелга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш доирасида илғор хорижий тажриба асосида айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатларини маъмурий органларга ўтказиш;

(б) Олий суд Судьялар олий кенгаши билан биргаликда 2027 йил 1 июнга қадар тергов судьяларининг амалдаги иш юкламаси ва янги берилаётган ваколатлардан келиб чиқиб, уларнинг штат бирликларини қайта кўриб чиқиш юзасидан асослантирилган таклифларни киритсин.

V. Ягона суд амалиётини шакллантириш ҳамда судлар ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлигини ошириш

12. Одил судлов сифатини яхшилаш ва мамлакатда қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича ягона суд амалиётига эришиш мақсадида Олий суд:

(а) 2027 йил 1 августдан бошлаб ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини белгиланган тартибда очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиётини (“Прецедентлар” реестри) жорий этсин;

(б) ягона суд амалиётини шакллантириш жараёнига илмий доиралар, малакали мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб этиш мақсадида жамоатчилик асосидаги экспертлар кенгашларини ташкил этиш чораларини кўриб борсин;

(в) уч ой муддатда экспертлар кенгашларини ташкил этиш тартибини белгиласин.

13. Олий суд Судьялар олий кенгаши билан биргаликда 2027 йил 1 мартга қадар судлар ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида шаффофликни ошириш, уларнинг фаолиятига оид ахборотни қонунга мувофиқ эркин олишни таъминлаш мақсадида судлар ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини киритсин.

14. Олий суднинг судларга мурожаат қилган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига замонавий стандартлар асосида қулайликлар яратиш, судлар фаолиятида бюрократияни камайтириш ва очиқликни таъминлаш мақсадида суд биноларининг кириш қисмида 2030 йилга қадар босқичма-босқич “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офислари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

15. Белгилансинки, судларнинг “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офислари томонидан аҳолига зарур ахборотларни бир жойнинг ўзида тақдим этиш, процессуал мурожаатлар юзасидан ташкилий ёрдам кўрсатиш, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва рақамли суд хизматларидан фойдаланишда амалий кўмаклашиш чоралари кўрилади.

16. Олий суд Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2027 йил якунига қадар судларга мурожаат қилишда қўшимча имконият ва қулайликларни яратиш мақсадида Олий суднинг интерактив хизматлар порталини (my.sud.uz) қуйидагиларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш чораларини кўрсин:

(а) порталнинг янгиланган мобил иловасини ишга тушириш;

(б) порталда “Судга мурожаат намуналари” интерактив хизматини такомиллаштириш. Бунда даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш орқали судга мурожаат қилишни осонлаштириш;

(в) жисмоний ва юридик шахслар сўровига кўра суд ҳужжатларини интерактив тарзда излаш имкониятини кенгайтириш.

VI. “Суднинг фаол иштироки” тамойилини қўллаш доирасини кенгайтириш орқали судга мурожаат қилишда қулайликлар яратиш

17. Иқтисодий низоларни тезкор ва адолатли ҳал этиш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг вақти ҳамда харажатларини тежаш мақсадида 2028 йил 1 январдан бошлаб судьяга ишларни кўриш жараёнида жузъий (формал) камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш мажбуриятини юклашни назарда тутувчи “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” (Proactive Case Management) стандарти жорий этилсин.

18. Олий суднинг “ягона дарча” тамойили асосида даъво аризасини (аризани) қайтариш институтини ислоҳ қилиш орқали судга мурожаат қилишни соддалаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

(а) фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда аризани қайтаришнинг “иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаслиги” асосини бекор қилиш ва аризани шу суднинг ўзи томонидан тегишлилиги бўйича бошқа судга ўтказиш;

(б) жузъий (формал) талабларга риоя этмасдан берилган даъво аризасини (аризани) қабул қилган ҳолда камчиликларни суднинг фаол кўмаги ёрдамида бартараф этиш тартибини жорий этиш.

VII. Судьяларни одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод этиш

19. Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг 2028 йил 1 январдан бошлаб халқаро стандартлар асосида судьялар мустақиллигини таъминлаш ва уларни одил судловга дахлдор бўлмаган вазифалардан озод этиш мақсадида қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

(а) суд маъмурчилиги (Court Administration) институтини жорий этиш;

(б) судьялар фаолиятини ташкилий, моддий-техник, молиявий ва ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлаш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш, шунингдек, суд аппарати ходимлари билан ишлаш учун масъул бўлган суд маъмуриятини ташкил этиш;

(в) судларда бошқарув лавозимларини мақбуллаштириш ва ортиқча бўғинларни қисқартириш.

20. Олий суд ва Судьялар олий кенгаши:

(а) 2027 йил 1 апрелга қадар мазкур Фармоннинг 18-бандида назарда тутилган таклифларни;

(б) 2027 йил ноябрга қадар суд маъмурчилиги бўйича илғор хорижий амалиётни жойларга чиққан ҳолда ўрганиш асосида мазкур Фармоннинг 19-бандида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритсин.

VIII. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

21. Олий суд ва Олий Мажлис палаталарининг суд амалиётини умумлаштириш асосида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича таклифларни ҳар йили тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб бориш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

22. Олий суд Судьялар олий кенгаши билан биргаликда 2027 йил якунига қадар илғор хорижий тажрибани ўрганиш натижалари асосида одил судлов сифатини баҳолаш индикаторлари тизимини ишлаб чиқиш ва ҳар йили Ўзбекистонда одил судлов сифати индексини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритсин.

23. Олий суд Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ва бошқа идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармон мазмун-моҳиятини кенг ёритиб бориш бўйича медиарежани тасдиқлаб, унинг самарали амалга оширилишини таъминласин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

25. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Олий суд раиси Р.А. Махмудова ва Судьялар олий кенгаши раиси Х.Б. Ёдгоров белгилансин.

26. Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н.Ж. Хакимова зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев