Учрашувда энергетика ва нефть-газ соҳасида етакчилардан ҳисобланган ушбу йирик компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Энергетика соҳасидаги кооперация муваффақиятли кечаётгани мамнуният билан қайд этилди. “SOCAR” компанияси Устюрт платосидаги углеводород конларини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистоннинг шериги ҳисобланади. “SOCAR”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ушбу кенг кўламли лойиҳага “British Petroleum” компанияси қўшилганига юксак баҳо берилди.

Нефть-газ соҳасида углеводород хомашёсини қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, нефть ва нефть маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб беришни йўлга қўйиш ҳамда тармоқ учун мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Озарбайжон футбол федерациялари ассоциацияси раиси сифатида ҳам фаолият юритаётган Равшан Нажаф давлатимиз раҳбарига 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда ёшлар ўртасидаги U-20 жаҳон чемпионатини ўтказишга биргаликда тайёргарлик кўришдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирди.