Табрикни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти бошлиғи – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Давлат раҳбари ўз табригида ушбу анжуманни ташкил этишда ҳамкорлик қилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг Болалар жамғармаси – ЮНИСEФ, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро ижтимоий таъминот уюшмаси ҳамда барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Нутқда кенг қамровли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда туғруқ жараёнида оналар ўлими, болаларнинг ўсишдан ортда қолиши икки баробар қисқаргани, мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга оширилгани, олти ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи мактабга тайёрловга жалб этилгани ҳамда олий таълим билан қамров 5 баробар – 9 фоиздан 45 фоизга ошгани алоҳида қайд этилди.

Юздан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этаётган Анжуман доирасида болалар саломатлиги, ижтимоий ҳимоя, таълим, хавфсизлик ва оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари ўзаро боғлиқ йўналишлар сифатида муҳокама қилинмоқда.

Саммит Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича Махсус вакили, ЮНИСEФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Дастурда очилиш ялпи мажлиси, учта мавзули панель сессия, болалар саратони бўйича иккинчи халқаро конгресс, ёндош тадбирлар ҳамда муассасалар фаолияти билан танишиш назарда тутилган. Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши кутилмоқда; унинг якуний мақоми саммит натижаларига кўра маълум бўлади.

Саммитнинг марказий мавзуси — бола ҳаётидаги ўзгаришларни алоҳида нафақа ёки хизмат натижаси сифатида эмас, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва оилавий муҳитнинг биргаликдаги таъсири орқали баҳолаш. Ўзбекистонда ижтимоий хизматлар тури 26 тадан 140 тага етган, болалар камбағаллиги 21,5 фоиздан 5,4 фоизга камайган, мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга ошган. Мазкур кўрсаткичлар саммитга тақдим этилаётган миллий ислоҳотлар натижалари сифатида келтирилмоқда.

Саммит доирасида ташкил этилаётган кўргазма Ўзбекистонда ҳар бир боланинг саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган ўзгаришларга бағишланган. Унда соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларидаги ислоҳотларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда бу ислоҳотларнинг болалар ва оилалар кундалик ҳаётидаги аҳамияти ёритилади.

Кўргазманинг концептуал асоси — дунё бола нигоҳида. Кўргазма йўналиши катталарга давлат ислоҳотлари ортида боланинг ҳаётий тажрибасини — ўзини хавфсиз ҳис этиши, оиласи бағрида бўлиши, таълим олиши, мулоқот қилиши ва ўз келажагини танлаш имкониятларини кўришга ёрдам беради. Бола фаровонлиги давлат ва жамиятнинг узлуксиз масъулияти сифатида намоён бўлади — бу бўлажак онага ғамхўрлик қилиш ва хавфсиз туғруқдан тортиб, таълим олиш, касб танлаш ва мустақил ҳаётгача бўлган босқичларни қамраб олади. Ногиронлиги бўлган, узоқ муддат даволанаётган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Кўргазманинг мақсади — болаларга киритилган инвестициялар қандай қилиб оилада яшаш, соғлиқни асраш, таълим олиш, ҳимояда бўлиш ва жамият ҳаётида иштирок этиш имкониятларига айланишини ёритиб бериш.

Саммитнинг расмий очилиш маросими ва панель сессияларидан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистондаги ижтимоий соҳа объектларига ҳам ташриф буюради.

Рашид Хўжамов

Yuz.uz мухбири,

Самарқанд