Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Йиғилишда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан икки мамлакат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш, савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, энергетика, муҳим минераллар ҳамда илғор технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, таълим, маданий-гуманитар алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, янги мулоқот механизмининг ишга туширилиши икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим асос яратади.
Икки томонлама музокаралар якунида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио «Артемида келишувлари»ни имзолади.
Мазкур ҳужжат Ой, Марс, кометалар ва астероидлардан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳамда уларни тадқиқ этиш бўйича халқаро ҳамкорлик тамойилларини белгилайди.
Келишув Ўзбекистоннинг NASA ва унда иштирок этувчи бошқа давлатларнинг космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда космик технологиялар трансфери учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Ўзбекистон «Артемида келишувлари»ни имзолаган 77-давлат бўлди.