Мутахассислар прогнозига кўра, октябрь ойи беқарор об-ҳаво билан бошланади.
1 октябрь куни республика марказий ва шарқий ҳудудларида сентябрь ойининг сўнгги куни бошланган нам ва нисбатан салқин ҳаво оқими таъсири давом этади. Айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши мумкин. Ёғингарчилик тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучлироқ бўлиши кутилмоқда. Баланд тоғли ҳудудларда ёмғирнинг қорга айланиш эҳтимоли ҳам бор.
2–4 октябрь кунлари ҳаво илийди
2–4 октябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудининг аксарият қисмида ёғингарчилик кутилмайди.
Бу даврда ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади. Бироқ илиқ ҳаво узоқ давом этмаслиги мумкин.
4 октябрь куни республика шимоли-ғарбий ҳудудларига салқин ва нам ҳавонинг янги тўлқини кириб келиши кутилмоқда. 5–7 октябрь кунлари эса совуқ ҳаво оқими аста-секин Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади.
Октябрда ҳарорат бир неча бор ўзгариши мумкин
Прогнозларга кўра, бундай «температура тебранишлари» ой охирига қадар давом этиши мумкин.
Илиқ ҳаво кузатилган даврларда тунда ҳарорат 10–13 даража илиқ, кундузи эса 25–28 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Совуқ ҳаво оқимлари кириб келганда эса ҳарорат сезиларли пасаяди. Бундай кунларда тунда 3–8 даража илиқ, кундузи 15–20 даража илиқ ҳаво кузатилиши мумкин.
Республика шимолида совуқ янада кучлироқ бўлади. Бу ҳудудларда тунда ҳарорат 0–2 даража совуққача, кундузи эса 10–15 даража илиққача пасайиши эҳтимоли бор.
Умуман, октябрь ойида Ўзбекистондаги ўртача ҳарорат иқлимий меъёр атрофида, айрим ҳудудларда эса меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.
Қайси ҳудудларда ёғингарчилик кўпроқ бўлиши мумкин?
Октябрь ойида ёғингарчилик республика ҳудуди бўйича бир текис тақсимланмайди.
Шимолий ҳудудларда ёғингарчилик миқдори иқлимий меъёрдан камроқ бўлиши кутилмоқда.
Марказий ва жануби-шарқий ҳудудларда ёғингарчилик миқдори асосан меъёр атрофида бўлади.
Айни пайтда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудлари ҳамда Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик иқлимий меъёрдан кўпроқ бўлиши эҳтимоли бор.
Шундай қилиб, 2026 йил октябрида Ўзбекистон аҳолисини илиқ кунлар, қисқа муддатли совуқлар ва ҳароратнинг тез-тез ўзгариб туриши кутмоқда. Ой бошидаги салқин ҳаводан кейин ҳарорат кўтарилади, аммо 4 октябрдан бошлаб янги совуқ ҳаво оқими кириб келиши прогноз қилинган.