Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари ва коллеж раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

Вашингтон штатининг Оберн шаҳрида ўтказилган музокараларда коллеж президенти вазифасини бажарувчи Жорж Фрейзер ҳамда халқаро дастурлар ва қўшимча таълим бўйича вице-президент Венди Стюарт иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, амалий тайёргарликни кучайтириш ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишлар ҳақида маълумот берилди.

Коллеж раҳбарияти ушбу ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.

Музокараларда «1+1+2» таълим моделига алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, талаба дастлабки бир йилни Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган кампусда, кейинги бир йилни «Green River College»нинг АҚШдаги асосий кампусида ўқийди. Шундан сўнг яна икки йил давомида АҚШ университетида бакалавриатнинг 3–4-курсларида таҳсилни давом эттириши мумкин.

Коллеж вакилларининг таъкидлашича, қабул, ёш, тил ва академик талаблар бажарилган тақдирда, мазкур ёндашув 9-синф битирувчиларига тўрт йил ичида тўлиқ ўрта таълимни якунлаш ва бакалавр даражасини қўлга киритиш имконини бериши мумкин.

Учрашувда, шунингдек, ахборот технологиялари, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, киберхавфсизлик, бухгалтерия ва авиация йўналишларида қўшма дастурларни жорий этиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Коллеж раҳбарияти Ўзбекистондаги манфаатдор таълим муассасалари билан бевосита мулоқот бошлашга тайёрлигини маълум қилди.

«Green River College» 1945 йилда ташкил этилган. Таълим муассасаси бошқа олий ўқув юртларига ўтиш дастурлари, касбий ва техник таълим, амалий бакалавриат дастурлари ҳамда тайёрлов курсларини таклиф этади. Айни вақтда коллежда 15 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.