Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Қўмита тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда фуқароларнинг вақтинча яшаш жойи ўзгарган ёки хорижда бўлган даврида асосий яшаш манзили бўйича айрим коммунал хизматлар учун тўловлар ҳисоблангани ҳолатларини ўрганди.

Ўрганишлар давомида хорижда вақтинча истиқомат қилаётган, ишлаётган, иш қидираётган меҳнат мигрантлари ҳамда таҳсил олаётган абонентлар ҳақидаги маълумотлар амалдаги ҳолатга мос келмаслиги, шунингдек, янги абонентлар тўғрисидаги маълумотлар тизимга киритилмагани аниқланган.

Хусусан, тегишли даврда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати кўрсатилмаган қарийб 800 минг нафар фуқаро, шунингдек, ичимлик суви ҳисоблагичлари билан таъминланмаган хонадонларда яшамаган қарийб 100 нафар фуқаро ҳолати аниқланган.

Натижада хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан қарийб 800 минг нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 22 млрд сўмга яқин асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Рақобат қўмитаси биллинг тизимларини миграция маълумотлари базалари билан интеграция қилишни таклиф этди. Шунингдек, чет элда бир ойдан ортиқ бўлган абонентлар ва улар билан яшовчи шахслар учун Ўзбекистонга қайтиб келгунга қадар ҳар ойлик қайта ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш масаласи бўйича тегишли идора ва ташкилотларга таклифлар киритилди.