Илгари бир касбни эгаллаб, бир умр шу соҳада ишлаш мумкин эди. Бугун вазият бошқача – чипта сотувчи каби бир қатор касбларга эҳтиёж кескин камайди. Шунинг баробарида янги касблар пайдо бўлмоқда. Эндиликда корхона ва ташкилотлар ходимлари аввалгидек фақат (доимий равишда) мавжуд кўникма ва билимларига таяниб эмас, ўз устида тинмай ишлаши ва изланишига тўғри келмоқда. Акс ҳолда ишидан айрилиши мумкин. Шундай пайтда давлатимиз томонидан йигит-қизларимизни касбга тайёрлаш бўйича ишларни такомиллаштириш, соҳалар ходимлари малакасини янги технологиялар асосида ошириб бориш чоралари кўрилаётгани эътиборга молик.
Касбий таълим агентлиги тақдим этган маълумотларга кўра, юртимизда малакали кадрларга талаб юқорилигича қолмоқда. Айниқса, ишлаб чиқариш, қурилиш, логистика, киберхавфсизлик мутахассислари, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида ишчи касблар ҳамда техник мутахассисларга эҳтиёж катта. Янги лойиҳаларни бошлаш кўпинча мос мутахассис топилмагани сабабли кечиктирилмоқда. Шу билан бирга, касбий таълим муассасалари битирувчиларининг тайёргарлик даражаси иш берувчиларни тўлиқ қониқтирмаётгани, уларда амалий кўникмалар, замонавий ускуналар билан ишлаш ва ишлаб чиқариш маданиятига мослашиш борасида камчиликлар мавжудлиги кузатилмоқда.
Иш изловчиларнинг юқори ойлик маош исташи ҳар доим ҳам уларнинг реал малакаси ва тажрибасига мос келмаяпти. Бу ҳолат ишга қабул қилиш жараёнини мураккаблаштириб, бўш иш ўринларининг узоқ вақт тўлдирилмай қолишига олиб келмоқда. Аниқланган бу каби камчиликларни бартараф этишга қаратилган ишлар доирасида касб-ҳунар техникумларининг ихтисослашуви қайта кўриб чиқилган. Натижада 49 та касб ва мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш тўхтатилиб, 97 та янги касб классификаторга киритилган. Саноат, қурилиш, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари, туризм, тўқимачилик, умумий овқатланиш ва тиббиёт каби йўналишларга талаб ортаётгани сабабли ушбу соҳаларда кадрлар тайёрлаш кенгайтирилмоқда. Ўқитиладиган мутахассисликлар рўйхати иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжи, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва иш берувчилар талабидан келиб чиқиб шакллантирилмоқда.
Маълумки, касбий таълим тизимида шаклланаётган янги моделнинг марказида дуал таълим туради. Ушбу ёндашув таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги анъанавий узилишни бартараф этиб, уларни ягона тизимга бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Дуал таълимнинг яна бир муҳим жиҳати унинг иқтисодиёт билан тўғридан тўғри интеграциялашганидир. Ҳудудларда “инвестор–тармоқ–техникум” занжири йўлга қўйилгани ва 4 мингдан ортиқ йирик иш берувчининг техникумларга бириктирилгани кадрлар тайёрлаш жараёнини янги босқичга олиб чиқмоқда. Эндиликда ҳудудларда қайси мутахассисликларга эҳтиёж юқорилиги аниқланиб, кадрлар тайёрлаш шу эҳтиёждан келиб чиқиб режалаштирилмоқда. Бу меҳнат бозорида талаб қилинмайдиган мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни тугатиш ва битирувчилар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, жорий йил март ойида бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8% га ошган. Бироқ иш изловчиларнинг фаол резюмелари 31,5% га кўпайган, бу ишга киришда рақобат кучайганини кўрсатади.
Тахминларга кўра, 2030 йилга бориб рақамли технологиялар, киберхавфсизлик мутахассислари, автоматлаштириш ва робототехника, қишлоқ хўжалиги ва агротехнология, энергетика, логистика ҳамда хизмат кўрсатиш каби соҳаларда малакали кадрларга эҳтиёж янада ортиши кутилмоқда.
Х. Салимов,
Yuz.uz мухбири