Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 октябрдаги «Илғор “яшил” технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун қўшилган қиймат солиғи ставкаси ноль фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналарининг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан олган фойдасига фойда солиғининг ноль фоизлик ставкаси қўлланилади.

Иссиқхона фаолиятидан олинган даромад жорий ҳисобот давридаги жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этган хўжаликлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январгача 1 фоиз этиб белгиланган.

2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача иссиқхона фаолиятидан олинадиган даромади жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1 апрелгача энергия тежовчи махсус қопланма «кўрпа» билан қопланган ёки энергия самарадор «яшил» иситиш воситаларидан фойдаланаётган иссиқхона хўжаликларига октябрь–март ойларида истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.

Бунда иссиқлик насослари, геотермал иситиш тизимлари, қуёш иссиқлик тизимлари ва электр энергияси асосидаги юқори самарали иситиш тизимларидан фойдаланиш назарда тутилган.

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги 2030 йил 1 январга қадар Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарни иситиш учун энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 40 фоизини қоплаб беради. Бир марталик субсидия миқдори 100 млн сўмдан ошмайди.

Субсидия қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналар учун ажратилади.

Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятининг иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳалласида ҳар бир оилага 200 млн сўмгача субсидия бериш белгиланган.

Марказий банк оилавий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида тажриба тариқасида томорқа ва деҳқон хўжалиги учун ер майдонига эга жисмоний шахсларга имтиёзли кредитлар ажратади.

Бунда «яшил» технологияларга асосланган иссиқхона барпо этиш учун 300 млн сўмгача, мавжуд иссиқхоналарни қайта жиҳозлаш учун эса 150 млн сўмгача кредит бериш назарда тутилган.

Иссиқхоналарни ташкил этиш ва ижтимоий дафтарлар бўйича субсидия ажратиш жараёнларида Адлия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ҳисобланади.