25 август куни янги ГЭСларни тантанали ишга тушириш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразаков, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқарув раиси Ислом Абдураҳмонов, туманлар ҳокимликлари мутасаддилари, қурилиш ташкилотлари вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.

Қўғай-1 ГЭСининг ўрнатилган қуввати 12 МВт, Қўғай-2 ГЭСиники эса 6 МВтни ташкил этади. Шу тариқа, икки станциянинг умумий қуввати 18 МВтга етди. Бу Наманган вилоятида фаолият юритаётган 10 та ГЭСнинг амалдаги 100,5 МВтлик қувватига нисбатан қарийб 18 фоизлик қўшимча қувватдир.

Мазкур объектлар Катта Андижон каналида кичик ГЭСлар каскадини барпо этишга қаратилган, умумий қиймати 54,7 миллион долларлик лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Қўғай-1, Қўғай-2 ва Бешқўрғон кичик ГЭСларини қуриш кўзда тутилган. Каскаднинг умумий қуввати 23 МВт бўлиб, йилига 172,5 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Қўғай-1 ва Қўғай-2 ГЭСларининг йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 132,1 миллион кВт·соатни ташкил этади. Бу қувват йилига ўртача 53 мингга яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, янги ГЭСларнинг тўлиқ ишга туширилиши йилига 40 миллион куб метргача табиий газ ёки 33 минг тонна кўмирни тежаш имконини яратади.

Кичик ГЭСларнинг муҳим жиҳати шундаки, электр энергияси мавжуд сув хўжалиги инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади. Яъни Катта Андижон канали ўзининг асосий вазифасини бажаришда давом этади, сув оқимининг энергетик салоҳиятидан эса қўшимча равишда фойдаланилади.

Лойиҳа доирасидаги иншоотлар гидрологик режимга таъсир қилмаслиги, гидробиологик объектларга зарар етказмаслиги ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслиги таъкидланган.

Қўғай-1 ва Қўғай-2 кичик ГЭСларининг ишга туширилиши Наманган вилоятида қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини ошириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилишга хизмат қилади.