Янги Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида энг муҳим саволлардан бири бундай: иқтисодиётимиз тез суръатда ривожланаётган, саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт, энергетика, аграр тармоқ ва рақамли технологиялар соҳасида янги касбий талаб­лар шаклланаётган бир пайтда меҳнат бозори учун зарур амалий кўникмага эга мутахассисларни ким ва қандай тайёрлайди? Бу саволга энг тўғри ва ҳаётий жавоб касбий таълим тизими орқали берилади.

Шу маънода, касбий таълим бугун оддий ижтимоий соҳа эмас, балки мамлакат иқтисодий сиёсатининг амалий таянч нуқтасига айланмоқда. Техникумларда тайёрланаётган ҳар бир малакали мутахассис корхонага кириб борадиган ишчи кучигина эмас, балки маҳсулот сифати, хизмат маданияти, ишлаб чиқариш интизоми ва ҳудудий иқтисодиётнинг барқарор ўсишига таъсир кўрсатадиган инсон капитали демакдир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда касбий таълимга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Ривожланган давлатлар тажрибаси рақобатбардош иқтисодиёт, аввало, рақобатбардош кадрдан бошланишини кўрсатади. Кадр эса назарий билимдан ташқари амалиётда синовдан ўтган кўникма, касбий масъулият ва натижага йўналтирилган тайёргарлик билан шаклланади.

Ислоҳотлар марказида — меҳнат бозори талаби

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида ­ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқди. Унда касбий таълимни оммалаштириш, ўқитиш мазмуни ва сифатини ошириш, дуал таълимни ривожлантириш, ҳудудларда илғор касбий маҳорат техникумларини ташкил этиш, сифатни таъминлаш ва молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш каби устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Шу билан бирга, Президентимизнинг ушбу санадаги “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида касбий таълим ва касбга ўқитишни ягона ёндашув асосида бош­қариш, илғор хорижий тажрибаларни самарали жорий этиш ҳамда халқаро стандартларга мос, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш асосий мақсад сифатида белгиланган. Мазкур ҳужжатлар касбий таълимдаги ўзгаришлар фақат шаклий янгиланиш эмас, балки бошқарув, мазмун, сифат, молиялаштириш ва меҳнат бозори билан интеграцияни бир бутун тизим сифатида қайта кўришга қаратилганини кўрсатади.

Энг муҳими, энди касбий таълим муассасаси меҳнат бозоридан ажралган ҳолда фаолият юритиши мумкин эмас. Ҳар бир дастур, ҳар бир ўқув модули, ҳар бир амалиёт машғулоти “бу кўникма битирувчига иш жойида керакми?” деган саволга аниқ жавоб бериши лозим. Агар таълим мазмуни корхона эҳтиёжидан ортда қолса, диплом бор, аммо ишга тайёргарлик етарли эмас деган муаммони юзага келтиради. Шунинг учун касбий таълимнинг асосий мезони битирувчининг ишга тайёрлиги, иш берувчининг ишончи ва меҳнат бозоридаги натижаси бўлиши шарт.

Маҳсулдорликни ошириш зарурияти

Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил апрелда Фарғона вилоятига ташрифи давомида билдирган фикрлари касбий таълим тизими учун ҳам муҳим сиёсий ва амалий сигнал бўлди. Президентимизнинг “Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти” деган сўзлари фақат бир ҳудудга берилган баҳо эмас. Бу ҳар бир соҳада, жумладан, касбий таълимда ҳам натижадорлик, тезкорлик ва масъулиятни ошириш зарурлигини англатадиган қатъий талабдир.

Фарғона аэропортини ривожлантириш жараёнида давлатимиз раҳбари аэропорт ҳар қандай ҳудуднинг дарвозаси эканини таъкидлади. Шу фикрни касбий таълимга нисбатан ҳам қўллаш мумкин: техникумлар — ҳудуд иқтисодиётининг малакали меҳнатга очиладиган дарвозаси. Агар бу дарвоза замонавий билим, ишлаб чиқариш билан боғланган амалиёт ва рақобатбардош кўникмага очилса, ҳудудда саноат ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам, тадбиркорлик ҳам тезроқ ривожланади.

Демак, касбий таълимдаги ҳар бир ислоҳот қоғоздаги режа ёки ҳисобот бўлиб қолмайди. У ҳудудда янги иш ўрни, корхонада сифатли маҳсулот, ёшлар ҳаётида барқарор даромад ва жамиятда қадр топган касбни шакллантириш учун хизмат қилиши керак.

Қуруқ ҳисоботдан амалий самарадорликка

Касбий таълимдаги энг муҳим ўзгариш­лардан бири дуал таълимни кенгайтириш билан боғлиқ. Унинг мазмуни оддий, аммо таъсири катта: ўқувчи назарий билимни таълим муассасасида, касбий кўникмани эса ишлаб чиқариш ­муҳитида эгаллайди. ­Натижада ­битирувчи корхонага у ­ердаги муҳит, техника хавфсизлиги, иш тартиби, ускуналар билан ишлаш маданияти ва жамоавий масъулиятни олдиндан англаб боради.

Шу боис, дуал таълимни фақат шартнома тузиш ёки амалиётга юбориш билан чеклаб бўлмайди. Унда уч томон — таълим муассасаси, иш берувчи ва ўқувчи учун аниқ мажбуриятлар бўлиши керак. Таълим муассасаси дастур ва методикани таъминлайди, корхона реал иш муҳитига олиб киради, ўқувчи эса касбий натижага эришиш учун зиммасига масъулият олади. Ана шунда дуал таълим қоғоздаги ҳамкорлик эмас, амалдаги кадр тайёрлаш механизмига айланади.

Халқаро дастурлар ва миллий эҳтиёж уйғунлиги

Бугун касбий таълимни ривожлантиришда халқаро таълим дастурларини жорий этиш, касбий стандартларга асосланган модулли дастурларни ишлаб чиқиш ва ўқувчиларни халқаро меҳнат бозори талабларига яқинлаштириш муҳим.

Бироқ халқаро тажрибани жорий этиш уни тайёр ҳолда кўчириш дегани эмас. Ҳар қандай дастур миллий иқтисодиёт эҳтиёжи, ҳудудлар ихтисослашуви, маҳаллий корхоналар талаби ва ўқувчиларнинг реал имкониятлари билан уйғунлаштирилганда натижа беради. Шунинг учун касбий таълимда “халқаро стандарт — миллий амалиёт — иш берувчи талаби” занжири шаклланиши зарур.

Касбий таълимда энг замонавий дастур, энг яхши жиҳоз ва энг мукаммал қарор ҳам ўқитувчи ҳамда ишлаб чиқариш таълими устаси салоҳиятисиз кутилган натижани бермайди. Шунинг учун соҳадаги ислоҳотлар марказида педагог кадрлар малакасини ошириш, уларни ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш ва методик таъминотни кучайтириш туриши лозим.

Бунинг учун педагогларнинг малака ошириш курслари ҳам замон талабига мос бўлиши шарт. Малака ошириш назарий маърузалар билан чекланмай, корхоналарда стажировка, замонавий ускуналар билан ишлаш, рақамли симуляторлар, баҳолаш воситалари ва амалий кейслар асосида ташкил этилиши зарур. Чунки амалиётни кўрмаган педагог ўқувчини амалиётга тайёрлашда қийналади.

Тизим олдидаги аниқ вазифалар

Ислоҳотлар кенг кўламли бўлишига қарамай, тизим олдида ҳал қилиниши зарур бўлган вазифалар ҳам мавжуд.

Биринчидан, айрим техникумларда моддий-техник база ҳали барча йўналиш бўйича замонавий талабга тўлиқ жавоб бермайди.

Иккинчидан, таълим дас­турларини янгилаш суръати меҳнат бозоридаги ўзгариш­лар суръати билан ҳар доим ҳам уйғун эмас.

Учинчидан, иш берувчиларнинг таълим жараёнидаги иштироки ҳудудлар кесимида турлича.

Тўртинчидан, битирувчиларнинг ишга жойлашиши, касбий ўсиши ва иш берувчи томонидан баҳоланишини мунтазам таҳлил қиладиган рақамли мониторинг тизимини янада кучайтириш зарур.

Касбий таълимнинг нуфузини ошириш ҳам жамият тафаккури билан боғлиқ. Айрим ота-­оналар ва ёшлар касбий таълимни ҳали ҳам олий таълимга нисбатан иккинчи даражали йўл сифатида қабул қилади. Ваҳоланки, замонавий иқтисодиётда яхши электромонтёр, мехатроник, пайвандчи, автомобилларга хизмат ­кўрсатиш ­мутахассиси, дастурлашга ихтисос­лашган техник, агротехнолог ёки меҳмонхона сервис ходими ҳам мамлакат ривожи учун стратегик аҳамиятга эга.

Натижавий малакани шакллантираётган методик марказ

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Касбий таълимни ривож­лантириш институти томонидан касбий таълим мазмунини халқаро стандартлар, хорижий тажриба ва миллий меҳнат бозори талаблари асосида тубдан янгилашга қаратилган тизимли ишлар бажарилмоқда. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича 60 та таълим дастури хорижий тажриба асосида тўлиқ қайта ишланди. Ушбу дастурларда фақат назарий билимларни бериш эмас, балки ўқувчиларда аниқ касбий компетенция­лар, иш жойида зарур бўладиган амалий кўникмалар, технологик жараёнларни тушуниш, замонавий ускуналар билан ишлаш маданияти ҳамда иш берувчи талаб қиладиган натижавий малакани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими, мазкур дастурлар халқаро институтлар ва ташкилотлар иштирокида экспертизадан ўтказилиб, уларнинг мазмуни халқаро таълим стандартлари, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва миллий касбий стандартлар билан уйғунлаштирилди.

Бу жараёнда институт касбий таълим тизимига илғор халқаро ёндашувларни олиб кирувчи, уларни маҳаллий шароитга мослаштирувчи ва амалиётга татбиқ этишни ташкил этувчи методик марказ сифатида майдонга чиқмоқда. Таълим дастурларини такомиллаштиришга хорижлик икки мутахассис маслаҳатчи сифатида жалб этилди. Уларнинг тавсиялари асосида модуллар мазмуни, ўқитиш натижалари, баҳолаш мезонлари ва амалиёт билан боғлиқ топшириқлар қайта кўриб чиқилди. Шу билан бирга, халқаро лойиҳаларни касбий таълим тизимига жалб этиш, техникумларда замонавий ўқитиш муҳитини шакллантириш, педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари салоҳиятини ошириш, шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан амалий алоқаларни кенгайтириш ишлари жадаллаштирилмоқда. Бундай ёндашув касбий таълимни ҳужжатларда белгиланган вазифалар даражасида эмас, балки реал натижа — янгиланган дастур, замонавий методика, кучли педагог, иш берувчига тайёр битирувчи ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизими сифатида намоён этишга хизмат қилади.

Шу маънода, институтимизда қилинаётган ишлар касбий таълимда “халқаро тажриба — миллий дастур — амалий кўникма — иш берувчи эҳтиёжи — меҳнат бозори натижаси” занжирини шакллантиришга қаратилган.

Тараққиётга кириш эшиги

Бугун касбий таълимга муносабатни тубдан ўзгартириш вақти келди. Техникум “олий таълим муассасасига кира олмаганлар жойи” эмас, балки иқтисодиётга энг зарур мутахассислар тайёрланадиган замонавий таълим майдонидир. У ерда шаклланган ҳар бир касбий кўникма эртага корхонада маҳсулотга, хизмат кўрсатишда сифатга, ҳудудда бандликка, оилада даромадга айланади.

Давлатимиз раҳбарининг катта натижа ҳақидаги талаби касбий таълим тизими учун ҳам энг муҳим мезон бўлиб қолмоғи лозим. Касбий таълимда катта натижа замонавий ўқув дастури, малакали педагог, иш берувчи билан ҳақиқий ҳамкорлик, ишга тайёр битирувчи ва жамиятда қадр топган касб демакдир.

Ана шу мақсадга изчил эришилса, касбий таълим янги Ўзбекистон тараққиётининг энг ишончли инсон капитали мактабига, ҳудудлар иқтисодиётининг барқарор ўсиш манбаига ва ёшлар келажагини амалий натижа билан боғлайдиган қудратли тизимга айланади.

Ҳаёт ҚОДИРОВ,

Касбий таълимни ривожлантириш институти директори