ТМК тасарруфидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш заводида комбинат Бошқарув раиси Фарҳод Абдуллаев ва ёш ходимлар иштирокида «Раҳбар ва ёшлар» очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

«Бугун бу ерга сизларга маъруза ўқиш учун эмас, сизларни эшитиш, фикр ва таклифларингизни билиш ҳамда ТМКнинг келажаги ҳақида биргаликда суҳбатлашиш учун келдим. Чунки ҳар қандай ташкилотнинг эртанги куни, аввало, унинг ёшларига — сизларга боғлиқ», — деди Фарҳод Абдуллаев.

Қайд этилишича, заводда 352 нафар ёш меҳнат қилмоқда. ТМК раҳбари ушбу кўрсаткични оддий статистика эмас, балки комбинатнинг истиқболини белгилайдиган инсон капитали сифатида баҳолади.

«Мен учун 352 нафар ёш оддий рақам эмас. Бу — 352 та тақдир, 352 та орзу, 352 та ғоя ва 352 та имкониятдир», — деди у.

Учрашувда ёш мутахассисларнинг касбий ўсиши, хорижий тилларни ўрганиши, рақамли кўникмаларини ривожлантириши, илмий ва технологик лойиҳаларда иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди. Ёшларнинг савол ва таклифлари бевосита тингланди.

Фарҳод Абдуллаевнинг таъкидлашича, замонавий саноат учун муайян мутахассисликни эгаллашнинг ўзи етарли эмас. Рақамли технологиялардан фойдалана оладиган, хорижий тилларни биладиган, мустақил фикрлайдиган ва ташаббус кўрсата оладиган кадрларга талаб ортиб бормоқда.

«ТМКнинг келажаги фақат замонавий технологиялар ёки янги ускуналар билан эмас, аввало, уларни бошқарадиган билимли ва ўз касбига садоқатли ёшлар билан бунёд этилади», — деди комбинат раҳбари.

Унинг қайд этишича, бугун муҳандис, технолог ва бошқа мутахассисликлар бўйича фаолият юритаётган ёшлар келгусида ТМКнинг янги авлод раҳбарлари сифатида шаклланиши керак.

Очиқ мулоқот якунида ёшлар салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий ва технологик ғояларни амалиётга татбиқ этиш комбинатнинг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.