22 август куни Қизилўрда шаҳри орқали ўтувчи Шимкент–Самара автомобиль йўлининг Ақсай ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлган. Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг дастлабки маълумотларига кўра, авария ҳайдовчининг руль бошқарувида ухлаб қолиши ва юк автомобили билан тўқнашиши оқибатида юз берган бўлиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини Ватанга тезкор қайтариш бўйича зарур чораларни кўрди.

Жумладан, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини доимий яшаш жойи — Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига етказиш масаласи Қозоғистоннинг ваколатли идоралари билан оператив ҳал этилди.