Кўз шифокориман. Фаолиятим давомида минглаб кўзларга тикилиб, уларга даво қидиргандирман, шифо улашгандирман, умид чироқларини ёққандирман. Образли қилиб айтганда, кўзлар билан сўзлашганларданман. Зеро, офтальмолог учун ҳар бир кўз — алоҳида бир тақдир.
Аслида, бу менинг профессионал ишим — тақдирим. Шунга ўқидим, ўргандим, тажриба орттирдим. Бугун ўз тажрибамни ёшларга ўргатяпман. Хориж сафарларидан қайтиб, юртимиз заминига қадам қўйганимдан кўнглим ёришади. Қалбим ўзгача туйғуни туяди. Боиси, Ватанимизда мени кўзида шукронаси бор инсонлар кутиб олади. Бу шукрона ўз-ўзидан, нотабиий келмайди, кўнгилдан чиқади. Зеро, кўзлар алдамайди.
Тиббиёт олийгоҳини тугатиб, бир муддат қишлоқ амбулаториясида, сўнг Денов туманидаги тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонада ишлай бошладим.
Шифохонадаги ишларим яхшиланиб боргани сари мени ҳурмат қиладиган, яхши кўрадиганлар сони қанчалик кўп бўлса, ёмон кўрадиганлар ҳам шунчалик кўпайиб, тобора ортиб борарди. Дунёнинг бу сиру синоатини ечишга инсон ожизлик қилади. Қилган хизматларингиз, илмий устунлигингиз айрим кишилар қалбида фақат ҳасад ўтини ёқаркан.
Давлатлар ҳам худди шундай.
Юрт тинимсиз тараққиёт сари юзлана бораркан, унга ҳавас қиладиганлар қатори ҳасад қилгувчилар ҳам топилаверади. Бу ҳақда кейинроқ яна тўхталармиз.
Ҳозир эса яқин тарихимизга бир қур назар ташласак. Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари эди. Қишлоқ амбулаториясида ишлаганимда атиги икки хонали бино бўларди. Ташландиқ кулбачага ўхшаш бу жой на тиббий жиҳоз, на мутахассис, на хоналардан ёлчиганди. Айтсам ишонаверинг, касал ўтирса, шифокорга жой йўқ, шифокор ўтирса, бемор тик туришга мажбур эди.
Бу ҳолатни яқинда Президентимиз билан Кўксарой қароргоҳида тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашув чоғида ҳам айтдим.
Чиндан ҳам инсон қадрини таъминлаш учун қандай шароит керак дейдиган ҳозиргидек давлат бормиди у пайтларда?! Вилоят ва туман марказидаги мутасаддиларнинг қош-қовоғига қараб, идорасига қатнай-қатнай, икки хонали амбулатория ўрнига саккиз хонали бино қурдирдик.
Туман бирлашмасида бош шифокор бўлиб ишлай бошладим. Вилоятдаги энг аҳолиси кўп туман — Денов тиббиёти учун алмисоқдан қолган атиги 4 та автомашина бириктирилган бўлиб, ундан иккитаси яроқсиз, яроқлиларида ҳам махсус алоқа воситалари ва зарур жиҳозлар йўқ эди. Қизиғи, бемор олдига бориш учун машинага ёнилғини ким қуяди деган савол бериларди. Ҳозир айтишга ҳам бир оз тортинсак-да, айтақолай, ҳатто тез ёрдам чақирган беморнинг уйига борсак, 3-4 литр бензинга пул берармикан деб қўлига сарғайиб қараб турган кунлар ҳам кўп бўлган.
Юқорига дардингизни айтсангиз, гап айланиб, бошингизга калтак бўлиб тушадиган замонлар эди. Лекин виждонга содиқ қолсангиз, ҳаммасига эришаркансиз.
Ўша замоннинг куйди-ёндисига ўзимнинг фаолиятимдан кўп мисоллар келтирсам, ранжимассиз. Чунки шу орқали кеча ва бугунни таққослаш имкони бўлади-да. Хуллас, туман амбулаториясида ишлаб юрибмиз. Аста-секин асоссиз ёзди-чиздилар бошланди. Текширишга келганларга асосли иддаоларнинг қизиғи йўқ. Очиқлик, шаффофлик ва ҳақ гапни эшитувчи идора анқонинг уруғи эди ўша кезлар. Ҳозир-чи?..
Давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси ортидан бугунга келиб, халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа чинакам хизмат қиладиган бўлди.
Ўша йиллари шифокорлар орасидан икки нафари депутатликка номзодини қўя бошлади. Ажабланарлиси, уларнинг ким экани бировни қизиқтирмас, номзодларни, асосан, ҳокимлик вакиллари қўллаб-қувватларди. Бугунгидек биров аралаша олмайдиган халқчил ва шаффоф сайлов комиссияси қайда эди дейсиз?!
Ўз ишини виждонан бажармаганларга йўл бўлсин, ана соя остида юрган кўплаб соҳа фидойилари бор-ку десангиз, биров эшитмайди. Ёзув-чизувлардан, сайловлардаги қатор ноҳақликлардан кейин олдимга катта мақсадлар қўйдим. Янада кучли бўлдим. Ҳолатлар курашга даъват этди.
Сайлов — мардлар майдони. Халқ депутатлари вилоят кенгаши ва Олий Мажлисга депутатликка номзодимни қўйдим. Элни алдаб бўлмайди. Эл билади. Сайландим. Ўшанда Шўрчидан Деновга қараб кетяпман. Машина рулида ўғлим ўтирибди, мен эса орқа ўриндиқда. Шўрчидан Деновгача кўзимдан ёш отилиб бордим. Ўғлим мени кўриб: “Дада, нимага йиғлайсиз?! Ахир ютиб чиқдингиз-ку”, дейди. Менинг эса гапиришга тилим айланмайди, хурсандчилик ва севинч ёшларимни тўхтата олмайман. Негаки, адолат барибир ғалаба қозонишини ҳаётнинг ўзи исботлаганди.
Узоқ йиллар Афғонистоннинг Кобул ва Мозори Шариф, Покистоннинг Карачи, Лаҳор ва бошқа ўнлаб шаҳарларида беморларни даволадим. Франциянинг Париж шаҳридаги миллий офтальмология марказида, АҚШда тажриба алмашув амалиётини ўтадим. Термиз шаҳридаги кўз касалликлари диспансерида узоқ йиллар раҳбарлик қилиб, Англия, Япония, Хитой, Германия, Жанубий Корея, Малайзия, Франция ва АҚШ каби қатор давлатлар мутахассислари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйдим. Дунёнинг йирик шаҳарларида бўлиб ўтган илмий анжуман ва қурултойларда кўз касалликларини ташхислаш ва микрожарроҳлик йўли билан даволашнинг ўзим кашф этган янги усуллари ҳақида маърузалар қилдим.
Шу йилларда юрагимни кемирган савол бундай бўларди: қачон бизнинг тиббиётимиз ҳам ривожланган давлатлар тиббиёти даражасига чиқади?
Вақт ўтди. Бўларкан-ку, ҳозир биз ана шу тиббиёти ривожланганлар даражасидамиз. Дарвоқе, ўрни келганда айтай, ҳозир Термиздаги тиббиёт олийгоҳида чет элдан келган 200 дан ортиқ талаба таҳсил оляпти.
Ваҳоланки, авваллари хорижда менинг маърузам қанчалик долзарб бўлмасин, тиббиётимиз улардагидек эмаслиги боис ҳам эътибор суст бўларди. Бугун эса дунёнинг турли бурчакларида давлатимизни таништириб, минбарга чиқиб борарканман, энг яхши мутахассислар ҳам бизни тинглаётганининг гувоҳи бўляпман. Мана ривожланишнинг амалий ифодаси. Мана янгиланиш меваси, ислоҳотлар самараси.
Мутахассис сифатида айтаман: бугун янги Ўзбекистон тиббиётидаги ўзгаришлар қамрови жуда улкан. Жаҳон айланганман, биламан: дунё стандартлари даражасидаги тиббий ускуналар нафақат вилоятлар марказида, балки туманларда ҳам мавжуд. Авваллари туманда ишлаганимда бир ҳолат бўлган. Туман шифохонасига битта магнит резонансли томография ускунасини олиш учун ўн йил вилоят ва республика соғлиқни сақлаш масъуллари билан курашганман. Ололмаганман. “Фалон пул туради”, дейишган. Бугун битта туманда нафақат давлат тиббиёт муассасасида, балки хусусий тиббий секторда ҳам кўплаб шундай ускуналарни истаганингизча учратасиз. Энди янгилик бўлмай қолган. Хўш, ўшанда қизғанилган пул инсоннинг қадри, саломатлигидан устун турармиди?!
Бугун вазият тамомила бошқача. Ишлар кўлами кенг. Ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти бўлакча. Буни давлатимиз раҳбари ҳам ўша учрашувда алоҳида қайд этиб, “Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз”, дея таъкидлади.
Мен ҳамон битта нарсага тушунмайман. Нега шу пайтгача Ўзбекистонда трансплантация амалиётига рухсат берилмаган? Бундан ким манфаатдор эди? Мана, ниҳоят, янги давримизда бу амалиётга ҳам рухсат тегди. Осмон узилиб, ерга тушгани йўқ. Қайтанга ҳаммаси яхши бўлиб бормоқда. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, у пайтларда бечора одамлар юрак ва буйрак алмаштириш учун минглаб доллар маблағини кўтариб, хорижий давлатлар сари кетарди. Ҳозир ўзимизда — вилоят марказлари тугул, туманда ҳам шундай мураккаб жарроҳлик амалиёти самарали ўтказиляпти.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йили ташкил этилган Тошкент давлат тиббиёт университети Термиз филиалида таҳсил олиб чиққан биринчи қалдирғоч мутахассислар — шогирдларим, маҳаллий ёш шифокорлар томонидан Термиз шаҳрида яқинда очилган замонавий тиббиёт кластерида мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиляпти. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилади.
Аждодларим ҳозирги Узун тумани Боботоғ ҳудудида яшаб ўтган. Отам Омон бобо қирқ тўрт йил Боботоғдаги мактабда она тили ва адабиётидан дарс берган, мактаб директори бўлиб ишлаган. Ўша кезлари соғлиқни тиклаш, бозорлик қилиш ёки бошқа юмушлар учун туман марказигача узоқ йўл босиб, от-уловда эниб келинарди. Ҳозир ўзим туғилган ўша тоғли Чагам қишлоғига борганимда, равон йўлларни, кечаю кундуз ўчмайдиган тунги чироқларни, замонавий мактаб ва тиббиёт масканини, асосийси, одамларнинг шукронасини кўриб, яйрайман, хурсанд бўламан.
Бу ўз-ўзидан бўлган эмас, давлатимиз раҳбарининг катта сиёсий иродаси билан бўляпти дейман чагамликларга. Тўғри-да, мамлакатимиз етакчиси инсон қадрини улуғламаса, соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратмаса, бундай ўзгаришлар қайда эди?!
Эътибор қилинг: сўнгги ўн йилда юртимизда 10 миллион кишига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 минг шифо ўрни очилди. Замонавий муассасалар кўпайиши ва хусусий сектор ривожланиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди. Боя айтганимдек, илгари фақат чет элда бажарилган туғма юрак нуқсонларини даволаш, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб амалиётлар каби юздан зиёд хизмат бугун мамлакатимизда кўрсатилмоқда.
Одамзод яхшиликка тез кўникади. Бир-икки марта “Бўларкан-ку!” деб қувонади-ю, кейин худди ҳамиша шундай бўлгандай ўтиб кетаверади. Дориламон кунларнинг қадри кейин билинади. Шу маънода, азиз юртимиздаги бундай кунлар дунё тургунича турсин дегим келади.
Хорижда ўқиб юрган пайтларимда миопия хасталигининг хирургик усулини, яъни одам мурдасининг кўз қобиғини беморнинг юпқалашган кўз олмаси қобиғига тўрт тарафдан тикиб мустаҳкамлаш операцияси ўтказилганини кўргандим. Бу жараённи пухта ўрганиб, тажрибамни оширишга ҳаракат қилдим. Кейинчалик бу операцияни яхши бажарадиган бўлдим. Илгари хорижда мурда тўқимасини муаммоларсиз олардик. Кейинчалик бу ҳолат чекланиб қолди. Айрим қонунлар мурда тўқимасини ишлатиш мумкин эмаслигини кўрсатиб, имкониятларимизни чегаралаб қўйди.
Адабиётларни ўқиб-ўрганиб, қўй юрак пардасининг морфологик тузилиши одам кўз қобиғи (склера) тузилишига ўхшаш эканини билиб қолдим ва шогирдим Ўктам Сайдалиев билан қўй юрак пардасини олиб, кейинчалик эса қуён кўз органларидан беморларнинг хаста кўзини даволашда фойдалана бошладик. Бу эса жуда яхши клиник натижа берди. Беморлар ҳам хурсанд, биз ҳам мамнун эдик.
Аниқроқ тушунтирсам, биз дунёда биринчи бўлиб мурда тўқимаси аллоплант ўрнига қўйнинг юрак пардасидан кўз касалликларини даволашда қўллаш учун ксенотрансплантат яратгандик. Бу иш ўша пайтларда янги имкониятларни излаш нуқтаи назаридан офтальмохирургияда катта аҳамиятга эга эди.
Тасаввур қилинг: инсон кўриш қобилиятини йўқотиш хавфи билан юзма-юз турибди. Шифокор эса мавжуд имкониятлар билан чекланиб қолмайди. У “Яна қандай йўл бор?” деган саволни ўзига беради. Илмнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳам ана шу саволда. Янги ечим излаш, янги имконият яратиш — бемор учун умид эшигини яна бир бор очишда гап кўп.
2002 йили Германиянинг Ганновер шаҳрида ўтказилган жаҳон соғлиқни сақлаш кўргазмасида мазкур ксенотрансплантатнинг намойиш этилгани Ўзбекистон тиббиётининг илмий салоҳиятини халқаро майдонда танитишга хизмат қилди. Кейинчалик ушбу даволаш усули ва ихтиро турли давлатлар офтальмологларига ютуқ сифатида намойиш этиб борилди.
Аммо у пайтлари фанда бирор янгилик қилсангиз, қилганингизга пушаймон бўлардингиз. Ҳар хил идораларга чақиришлар, сўроқлар, тақиқларга дуч келардингиз. Ҳозиргидек давлат томонидан қўллаб-қувватловни тушимизда ҳам кўрмасдик. Аммо йиқилиб, яна ўрнидан туришни билган одам энг кучлидир. 1996 йилдан бошлаган ишимиз 2004 йилга келиб, барча мутахассислар, илмий ходимлар орасида, кўплаб мамлакатларда танилиб улгурди. Бу ихтиромиз республикамизнинг деярли барча йирик кўз касалликлари шифохоналарида қўллана бошлади.
Эл саломатлиги йўлидаги интилишларимиз, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашдаги камтарона меҳнатларимиз, жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон шон-шуҳратини улуғлашга қўшган ҳиссамиз учун “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирландик.
Қаҳрамонлик тушунчаси ҳақида ҳар ким ҳар хил фикрлаши мумкин. Кимдир уни жанг майдонидаги жасорат билан боғлайди. Кимдир оғир вазиятда инсон ҳаётини сақлаб қолишда кўради. Кимдир эса йиллар давомида ўз касбига садоқат билан хизмат қилишни қаҳрамонлик деб билади.
Бир шифокор сифатида мен учун қаҳрамонлик — ҳар куни бемор олдига масъулият билан кириш. Олим учун — жавоби ҳали топилмаган савол ортидан йиллар давомида изланиш. Устоз учун — билимларини шогирдларига бериш. Инсон учун эса имкониятидан бошқалар манфаати йўлида фойдаланиш деб биламан.
Бугунги ўзгаришлар, айниқса, тиббиёт соҳасидаги янгиланишларни кўриб, шу касб соҳиби бўлганимдан фахрланаман. Хурсанд бўламан. Бинобарин, ҳозирги шароит билан кечаги ҳолат, бугунги мутахассис билан кечагиси орасида катта фарқ бор. Бу нималарда кўринади? Ушбу саволга жавоб истаган инсонни чекка қишлоқларда барпо этилган тиббиёт муассасалари, ушбу йўналишда ўқиш истагидаги ёшлар учун қурилган замонавий ўқув муассасаларига олиб борган бўлардим.
Шунингдек, энди соҳада таълим, қурилиш, санитария-гигиена, беморлар хавфсизлиги ва ходимлар маданиятини қамраб оладиган “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари” жорий этиляпти. Бирламчи бўғинга эътибор янада кучайтириляпти.
Энг яхши шифокор ва ҳамшираларни рағбатлантириш қамрови кенгайтирилади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган энг яхши ўнта лойиҳа муаллифига грантлар ажратилади.
Ҳозир юртимиздаги давлатга тегишли 11 та ОТМда йилига 15 минг шифокор тайёрланмоқда. Бу — жуда катта куч. Яратилаётган шароитлар эса айни шу мутахассислар, бўлажак шифокорларнинг яхши билим олиши ва халқимиз саломатлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлардир.
Президентимиз Кўксаройдаги мулоқотда “Мен бир нарсани сўрайман: ҳар бир тиббиёт ходими ўзига савол берсин — бугун инсон саломатлиги учун кечагидан кўра кўпроқ нима қила олдим? Агар ҳар биримиз шу саволга жавоб қидириб ишласак, тиббиётимизда ҳам, халқимизнинг саломатлигида ҳам катта ўзгаришлар бўлади”, деди. Бу айни ҳақ гап. Зеро, ўз касбини севган инсон сидқидилдан меҳнат қилади. Бошқаларга фойда беради. Меҳнатининг самарасини кўради.
Касбим тақозоси билан айта оламанки, инсон кўзи — оламдаги энг нозик мўъжизалардан бири. Унда бутун дунё акс этади: тонгнинг илк шуъласи, она чеҳраси, фарзанд табассуми, китобдаги ҳарфлар, гулларнинг мафтункорлиги, тоғларнинг улуғворлиги, осмоннинг беқиёс кенглиги...
Кўриш — оддий физиологик жараён эмас. У — ҳаётни ҳис қилиш, инсонлар билан мулоқот ўрнатиш, дунёни англаш, ўз тақдирингизни эркин қуриш имконияти. Шунинг учун кўзга нур бағишлашни ҳаётининг бош мақсадига айлантирган инсонлар ҳақида сўз кетганда, оддий касб ёки лавозим доирасида фикр юритиш камлик қилади. Бундай инсонлар ҳаётида касб — тақдирга, илм — эътиқодга, шифокорлик эса инсонпарварлик фалсафасига айланади.
Қизиқ жиҳат шундаки, кўз билан ишлаган сари инсон қалбини ҳам ўрганишга интиларкансиз. Кейинги йиллардаги катта ўзгаришлар мени руҳлантирди. Қўлимга қалам олиб, китоблар ёзиб, чоп эттирдим. Хусусан, “Тақдир туҳфалари”, “Ҳаёт сабоқлари” номли китобларим нашр қилинди.
Ёшим саксоннинг бўсағасида. Термизда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган олийгоҳда талабаларга сабоқ берарканман, китобларимдаги айрим ҳаётий сабоқларни ҳам уларга улашаман.
Аввалроқ ривожланаётган юртга ҳавас қиладиганлар ҳам, ҳасадгўйлар ҳам бўлиши ҳақида сўз бошлагандим. Мавриди келди, айтай, Ўзбекистон бугун жадал ривожланмоқда, ҳар бир кунимиз янги бир хушхабар билан бошланишига ҳам ўрганиб қолдик. Дарвоқе, “ўрганиб қолдик” иборасини бежиз ишлатмаяпман. Ёдингиздами, Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимини бажаришга киришган илк кунлар, ойлар... Ўша вақтларда Шавкат Миромоновичнинг ҳар бир чиқишини телевидение орқали бутун вужудимиз кўз-қулоққа айланиб кузатармидик, ҳа, кузатардик. Интиқлик билан кутардик. Бутун халқимиз, ёшу қари бирдек кутардик. Прописка тизими бекор бўлгани, валюта айирбошлашдаги эркинлик, пластик картадаги пулимизни нақдлаштириш муаммоси йўқолгани, қишлоқлардаги чироқ ўчмай қолганида қанчалик қувонганимизни бир эслайлик! Ҳозир буларни деярли эсламаймиз, гўё шунча ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлиб қолгандек.
Буларни яна бир айтишдан мақсадимиз битта. Ҳар бир қувончли кунларни эслаб-эслаб туриш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш учун ҳам жуда-жуда зарур.
Шундай экан, яна бир айтарим бор: азизларим, шу Ватан бизники, ҳаётимиздаги ўзгаришлар ўзимизники! Ислоҳотларимиз ортга қайтмас тус олди. Энди олдимизда янада катта-катта марралар турибди. Бунинг учун ҳаммамиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевга елкадош бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Бу йўлда барчамизга Аллоҳ мададкор бўлсин!
Раҳмон МУҲАММАДИЕВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
тиббиёт фанлари доктори, профессор