Мулоқотда миллий кинода эришилган натижалар, соҳада ечимини кутаётган масалалар ва уни ривожлантиришнинг янги йўналишлари ҳақида сўз борди.

Давлатимиз раҳбари “Ўзбекфильм” бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати билан боғлиқ қадрдон маскан эканини таъкидлади. “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ўтган кунлар”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэль”, “Суюнчи” каби фильмлар ва уларнинг қаҳрамонлари халқимиз хотирасида сақланиб қолган. Бу анъана мустақиллик йилларида “Абдуллажон”, “Отамдан қолган далалар”, “Дилхирож”, “Ватан”, “Ўтов” сингари асарлар билан давом эттирилди.

– Мазкур даргоҳда миллий кино тарихимиз, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати, халқимизнинг экранга кўчган орзулари, интилишлари ва армонлари мужассам, – деди Президентимиз.

Сўнгги йилларда киностудия тўлиқ реконструкция қилинди. Соҳани қўллаб-қувватлашга доир иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинди. Фильмлар олиш учун давлат бюджетидан 2016 йилда 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, бу йил 218 миллиард сўм берилди. Ўн йилда ажратилган маблағ жами 1 триллион 200 миллиард сўмни ташкил этди.

Соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келди, миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқди. “Исломхўжа”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Абдулла Қодирий”, “Қўқон шамоли”, “Муқимий”, “Илҳақ”, “Ўзбек қизи”, “Баҳодир Ялангтўш” каби тарихий фильмлар яратилди. Яқинда “Олтин глобус” халқаро кино мукофоти доирасида Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросими илк бор Тошкентда ўтказилди. Унда санъаткор Гулчеҳра Жамилова “Меридиан” мукофотига сазовор бўлди.

Президентимиз эришилган натижалар билан бирга мавжуд муаммоларни ҳам очиқ кўрсатиб ўтди. Ижтимоий тармоқлар ривожлангани учун одамлар кинотеатрга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга қарамай, хорижий фильмлар намойишида кинозаллар тўлмоқда.

– Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди, – деди давлатимиз раҳбари.

Миллий фильмларнинг айни талабга жавоб беришига фильм ишлаб чиқаришдан уни томошабинга етказишгача бўлган яхлит занжир – дистрибуция шаклланмагани тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, профессионал кинотанқидчилар фикри билан етарлича ҳисоблашилмаяпти. Мамлакатимиз етакчиси холис таҳлил ижодкорга ўз камчиликларини кўриш ва ўсиш имконини беришини таъкидлади.

Амалдаги давлат буюртмаси ва хариди тизими ҳам замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаяпти. Бир вақтнинг ўзида битта режиссёрга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилган. Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорларнинг тенг рақобат қилиш имконини чеклаган. Сценарий суратга олиш жараёнида бойиши, ижодий ечимлар ўзгариши мумкинлиги боис, фильмни оддий товар ёки қурилиш объекти каби техник топшириқ асосида харид қилиш тўғри эмаслиги қайд этилди.

– Аслида, ижодкор меҳнатининг натижаси томошабинни чуқур ўйга солиб, қалбида из қолдирган фильм билан ўлчаниши керак, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари кино халқлар бир-бирини танишига хизмат қилишини, ўз тарихи, маданияти ва миллий қаҳрамонларини жаҳон экранларида муносиб кўрсата олган мамлакатнинг овози ва таъсири кенгайишини таъкидлади. Кино бугун мамлакатнинг халқаро нуфузини оширадиган “юмшоқ куч”га айланган. У фарзандларимиз онги ва дунёқарашини шакллантиришда ҳам катта аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз етакчиси “Ўз” ғоясининг кино санъатидаги ифодасини “Ўзлигимизни англаб, ўз ҳикоямизни ўз овозимиз билан дунёга айтиш” деб таърифлади. Экранда улуғ аждодларимиз билан бирга бугун ёнимизда яшаётган инсонларнинг ҳам ҳаққоний қиёфаси акс этиши кераклигини айтди. Ўқитувчилар, шифокорлар, спортчилар, Ватан ҳимоячилари, тадбиркорлар, қурувчилар ва ёшларнинг ҳаёти таъсирли фильмлар учун катта мавзу экани қайд этилди.

– Фарзандларимиз шундай қаҳрамонларда ўзини кўрсин, ўз кучига ишонсин, ўз юртининг келажагига дахлдорлигини ҳис этсин! – деди давлатимиз раҳбари.

Миллий кинони ривожлантириш учун соҳани бошқариш, молиялаштириш ва фильм яратиш вазифалари аниқ ажратилади. Кинематография агентлиги тугатилиб, давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига ўтказилади. Вазирликда Кино санъати департаменти ташкил этилиб, унинг раҳбари мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади. Масъулларга бир ойда янги департамент ишини йўлга қўйиш ва агентлик тизимини тугатиш ишларини якунлаш топширилди.

Давлат муассасаси бўлган “Ўзбекфильм” ўрнида замонавий бизнес модели асосида ишлайдиган “Ўзбекфильм” миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Компаниянинг ўзи фильм ишлаб чиқармайди – уларни яратиш тўлиқ хусусий секторга ўтади. Миллий кинокомпания лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, фильмларни тарғиб қилиш, тарқатиш ҳамда халқаро бозорлар ва фестивалларга олиб чиқиш билан шуғулланади. Унинг фаолиятини бир ҳафтада йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Киноларни молиялаштиришда давлат буюртмаси ўрнига субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.

– Бундан буён давлат фильмнинг буюртмачиси эмас, ижодкорлар ва хусусий секторнинг ишончли ҳамкори бўлади, – деди Президентимиз.

Янги тизимда техник топшириқларга эмас, ижодий жараён ва унинг талабларига устуворлик берилади. Молиялаштириш механизмини бир ойда жорий этиш, келгуси йилдан бошлаб миллий кинокомпания сўровига кўра ҳар йили бюджетдан тегишли маблағ ажратиб бориш топширилди.

“Ўзбекфильм”нинг 10 гектарлик ҳудудида кино хизматлари жамланган ягона индустриал кластер – “Ўзбекфильм кино шаҳарчаси” ташкил этилади. Бу мақсадга 400 миллиард сўм йўналтирилади. “Кино шаҳарчаси”да қуриладиган замонавий Дубляж ва овозлаштириш маркази учун 80 миллиард сўм ажратилади. Икки ойда шаҳарчанинг мастер-режаси ва лойиҳа-сметасини ишлаб чиқиш, қурилишни кейинги йил март ойидан бошлаш вазифаси қўйилди.

Киноижодкорлар учун яна бир ташаббус маълум қилинди. Қуйи Чирчиқ туманида замонавий талаблар асосида таъмирланган “Кўҳинур” сиҳатгоҳи тўлиғича улар ихтиёрига берилади. Шунингдек, ҳар йили соҳанинг камида 300 нафар ходимига республика сиҳатгоҳларида дам олиш ва даволаниш учун бепул йўлланма берилади.

Соҳада илм, таҳлил ва профессионал танқидчиликни ривожлантириш учун “Киношунослар клуби” ташкил этилади. Миллий кинокомпания унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, Халқаро кинотанқидчилар федерацияси – FIPRESCIга аъзо бўлишига кўмаклашади.

Ўзбекистон Кино арбоблари ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмалари бирлаштирилиб, Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси тузилади. Палата ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқлари ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг профессионал ўсишига кўмаклашиш билан шуғулланади. Ёш киноижодкорларнинг хорижда малака ошириши қўллаб-қувватланади.

Президентимиз “Ўзбекфильм” номини миллий киномизнинг ягона бренди сифатида мустаҳкамлашни таклиф қилди. Ҳозирги Чилонзор кўчасининг ушбу қисмига “Ўзбекфильм” номини бериш, Кино санъати музейи, Кино санъати саройи ва Миллий кинофондни ҳам шу ном остида бирлаштириш ташаббуси билдирилди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари тажрибали киноижодкорлар ва ёшларнинг фикрларини тинглади. Ижодкорларга зарур шароит яратилиши ва уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Яхши кино яратиш учун ҳалол меҳнат, ватанпарварлик ва халқимизни севиб ижод қилиш ҳам зарурлиги айтилди.

– Сизларга ишонаман. ўзлигимиздан куч олиб, бугунги ҳаётимизни теран англаб, миллий киномизнинг янги саҳифасини биргаликда ярата оламиз, – деди Президентимиз.