– Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда ушбу ташаббуслар самараси, аввало, аҳоли учун зарур инфратузилма ва даромад манбаларида кўриниши лозимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини ривожлантириш, йўлларни янгилаш, саноат ва хизмат кўрсатишда янги лойиҳаларни амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида сув ва канализация таъминотини яхшилаш бўйича 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига яна 248 миллион доллар жалб этилади. Натижада 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади. Президентимиз, айниқса, сувни кутаётган 55 та маҳалла бўйича аниқ муддатларни белгилаш ва ишларни тезлаштиришни топширди.

Вилоятнинг транспорт алоқаларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда ҳудуддан ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш якунланади. Келаси йил М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километрини янгилаш бошланиб, лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрли айланма йўл қурилади.

Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали пулли автомобиль йўли ва тезюрар поезд учун янги темир йўл линиясини барпо этиш режалаштирилган. Янги автомобиль йўли сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириши кутилмоқда. Масъулларга ҳар икки лойиҳанинг мастер-режасини якунлаш ва ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш топширилди.

Бухорода 300 миллион долларлик янги халқаро аэропорт қурилмоқда. У бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади. Аэропорт шаҳар маркази билан 24 километрли автомобиль йўли орқали боғланади, автобуслар учун 5,5 километрли BRT йўлаги барпо этилади. Бухорога Туркиянинг “Pegasus” авиакомпанияси тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда. Келаси йил Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни бошлаш белгиланди.

Йиғилишда янги йўллар ва аэропорт билан бирга вилоят ичида ҳаракатланиш қулайлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Жорий йилда йўллар ҳолатини яхшилаш учун 900 миллиард сўм ажратилган бўлса-да, 2 минг километр ички йўл ва 266 та кўприк таъмирталаб. Уларни янгилаш ва эксплуатация қилишга хусусий инвестицияларни жалб этиш, асосий сайёҳлик йўналишларини боғлайдиган муқобил пулли йўллар қуриш имкониятларини ўрганиш топширилди.

Жамоат транспорти етарлича ривожланмагани сабаб аҳолининг 80 фоизи кундалик қатновларда енгил автомобилдан фойдаланмоқда. Шу боис, вилоятга қўшимча 120 та автобус келтириш жадаллаштирилади. Аэропорт ва темир йўл вокзаллари атрофида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, кўкаламзорлаштиришда эса Бухоронинг иқлими ва тарихий қиёфасига мос ягона ёндашувни қўллаш вазифалари белгиланди.

Туризм вилоят иқтисодиётини ўстиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Жорий йилда Бухорога 3,5 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилмоқда. Мазкур кўрсаткични икки баравар ошириш, уларнинг вилоятда қолиш муддатини узайтириш ва туризм мавсумини йилнинг бошқа ойларига ҳам кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуалар ягона туризм концепцияси асосида боғланади. Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда туризм маркази, Жалол Икромий маҳалласида халқаро тадбирларга мўлжалланган конгресс-холл ҳамда “Hilton” ва “Holiday Inn” брендлари остида меҳмонхоналар қурилмоқда.

Шаҳарнинг саккизта марказий кўчаси янгиланиб, олтита хиёбон барпо этилади. Бухоро туманида эса 1 минг гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластерини ташкил этиш режалаштирилган.

Президентимиз янги объектлар билан бирга хизматлар мазмунини ҳам бойитиш зарурлигига эътибор қаратди. Бухорода туризм мавсуми тўрт ойдан олти ойга узайган, келаси йил эса 30 га яқин халқаро тадбир ўтказиш режалаштирилмоқда. Бироқ вилоятда беш юлдузли меҳмонхона йўқ, йирик савдо ва кўнгилочар масканлар етарли эмас, мавжуд хизматларнинг асосий қисми Бухоро шаҳрида жамланган.

Масъулларга хорижлик сайёҳлар сонини 7 миллионга етказиш бўйича ойма-ой режа тайёрлаш топширилди. Унда янги турпакетлар, тадбирлар, туманларда очиладиган объектлар ва сайёҳлар жалб қилинадиган бозорлар аниқ кўрсатилиши лозим.

Йиғилишда вилоят иқтисодиёти бу йил илк бор 100 триллион сўмлик маррадан ошиши, ўсиш 10,1 фоизни ташкил этиши таъкидланди. Сўровда бухороликларнинг 98 фоизи ҳаёт сифати яхшиланганини билдирган, тадбиркорларнинг 83 фоизи эса келгуси уч йилга ижобий кутилма билан қарамоқда.

Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш табиий ресурслар саноати ва қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Уларнинг иқтисодиётдаги улуши 43 фоиз, хизматлар соҳасининг улуши эса ўн йилда атиги 33 фоиздан 36 фоизга ошган.

Президентимиз иқтисодиётни диверсификация қилиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва ҳар бир туманнинг ўсиш нуқталарини аниқлашни талаб қилди. Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигидаги кўрсаткичларни 1,5 баравар ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилади.

Саноат соҳасида Бухоронинг хомашё, энергия ресурслари ва тадбиркорлик салоҳиятини бирлаштириб, уч йилда 28 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти борлиги таъкидланди. Шундан 17 миллиард доллари нефть-газ ва кимё саноатига тўғри келади. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қувватларини оширишга нуфузли технологик компанияларни жалб этиш, Когон туманида эса нефть-кимё илмий-саноат кластерини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Энергетикада қисқа муддат ичида қарийб 2 минг мегаватт қувватли электр станциялари ишга туширилган. Келгуси уч йилда яна 3,1 минг мегаваттли шамол электр станциялари ва 1 минг мегаваттли энергия сақлаш тизимлари қурилади. Янги қувватлар билан бир вақтда узатиш ва тақсимлаш инфратузилмасини ривожлантириш, вилоятда 745 километр электр тармоғини барпо этиш режалаштирилган.

Енгил саноатда халқаро брендлар билан ҳамкорлик тажрибасидан фойдаланиб, Бухорода ишлаб чиқариладиган тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларга кенгроқ олиб чиқиш вазифаси белгиланди. Келаси йил соҳада камида 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва экспортни икки баравар ошириш кўзда тутилган.

Ижтимоий соҳадаги ишлар кўриб чиқилар экан, хусусий боғча ва мактабларни кўпайтириш, мактаб битирувчиларининг 50 фоизини техникумларга жалб этиш, техникумларни йирик тадбиркорлар ва инвесторлар билан боғлаш масалалари муҳокама қилинди. Вилоятдаги ўнта давлат ва хусусий олий таълим муассасасида дуал таълим қамровини икки баравар ошириш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда 29 та шифохона ва поликлиникани янгилаш ишлари амалга оширилди. Мамлакатимиз етакчиси тиббий хизмат сифатини, айниқса, бирламчи бўғин фаолиятини яхшилаш, соҳага инвестиция жалб этиш ва хорижда тажриба орттирган ватандошлар имкониятидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳамда келгуси йилга мўлжалланган режалари тингланди.

Президентимиз ўз ҳудудини комплекс ривожлантиришда Олот тумани ҳокими Наргиза Нематова алоҳида жонбозлик кўрсатаётганини эътироф этиб, давлат ва бошқарув идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлидаги хизматлари учун уни "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан мукофотлашга қарор қилганини эълон қилди.

Шунинг билан Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.