Давлатимиз раҳбарига Андижон вилояти Бобур шаҳрида барпо этиладиган меъморий ансамбль таркибида буюк давлат арбоби, саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган муҳташам ҳайкал ўрнатиш лойиҳаси тақдимот қилинди.
Буюк аждодимиз хотирасини муносиб улуғлаш, унинг бой илмий-адабий мероси, давлатчилик тафаккури ва жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасини ёш авлодга чуқур етказиш мақсадида ушбу ёдгорликни алоҳида мазмун ва бадиий ечим асосида яратишга алоҳида берилмоқда.
Президентимизга бўлажак ҳайкалнинг эскизлари, композицион ечими ва Бобур сиймосини акс эттириш бўйича илмий-бадиий ёндашувлар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, буюк тарихий шахс образи юртимиз олимлари томонидан хорижий ҳамкасблар билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқотлар, кўплаб тарихий манбалар, қўлёзмалар, миниатюралар ва маданий мерос намуналарини чуқур ўрганиш асосида яратилмоқда.
Шу билан бирга, Президентимизнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида Исломобод шаҳридаги боғлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталган эди. Мазкур боғда ҳам буюк аждодимизга ўрнатиладиган ҳайкал лойиҳаси кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ёдгорликларни яратишда Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини нафақат буюк адиб ва шоир, балки моҳир саркарда, қудратли давлат асосчиси ва донишманд ҳукмдор сифатида теран очиб бериш зарурлигини таъкидлади. Унинг иродаси, давлатчилик салоҳияти, юксак маънавияти ва бунёдкорлик ғоялари ҳайкалнинг умумий қиёфасида яққол ифода топиши лозимлиги қайд этилди.
Президентимизга Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати моддий-техник базасини такомиллаштириш, Бухоро шаҳрида туризм ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туманлардаги маданият уйларини модернизация қилиш юзасидан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириб, илғор тажриба асосида пухта ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.