Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирлар доирасида автотранспорт воситаларининг техник ва экологик ҳолати текширилмоқда.
Ойликнинг биринчи босқичи 10 апрелдан 10 майга қадар давом этган. Шу даврда 288 755 та транспорт воситаси махсус ускуналар ёрдамида текширилган.
Натижада 1 384 та автомобилда чиқинди газлар таркибидаги зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрдан юқори экани аниқланган. Шунингдек, меъёрларни қўпол равишда бузган 446 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.
Текширувлар ЙПХ стационар постлари, кўчалар ҳамда автотранспорт корхоналарининг кириш-чиқиш ҳудудларида ўтказилган. Меъёрдан ортиқ чиқинди чиқараётган транспорт воситаларининг ҳаракати зарур таъмирлаш ишлари бажарилгунига қадар вақтинча тўхтатилган.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, биринчи босқичдаги назорат тадбирлари натижасида атмосфера ҳавосига 836 тонна ифлослантирувчи модда чиқарилишининг олди олинган.
«Тоза ҳаво» ойлигининг иккинчи босқичи 10 августдан 10 сентябрга қадар республика ҳудудларида, Тошкент шаҳрида эса 10 сентябрдан 10 октябрга қадар давом этади.
Назорат тадбирлари автомобиль йўллари, ЙПХ постлари, автотранспорт корхоналари ҳудудлари ва объектларида ўтказилади.