Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юборилган вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига тегишли кўрсатма хатида маълум қилинди.

Унга кўра, айни вақтда белгиланган талаб даражасидаги, яъни камида B2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларининг меҳнат шартномаси бекор қилинмайди.

Аввал Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорига мувофиқ, 2025–2026-ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган эди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, мазкур талабга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган.

Муҳокама якунлари бўйича таклифлар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ўрганилиб, қарор лойиҳаси белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунга қадар B2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларига умумий ўрта таълим мактабларида меҳнат фаолиятини давом эттиришга рухсат берилади.

Тегишли қарор қабул қилингач, масала юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.