Бундан тақрибан уч минг йиллар олдин ҳам бу ерда маданият ва санъат, илму маърифат гуллаб яшнаган, ўз чиройи ва латофати билан инсоният тафаккурига нур бериб турган. Хусусан, милоддан аввалги IV асрда Самарқандни эгаллаган Искандар Мақдунли (Александр Македонский)нинг “...У мен эшитганимдан ҳам гўзалроқ экан” деган иқрори тарихий манбалардан яхши маълум. Ўз даврида дунёнинг маданий-иқтисодий, ҳарбий-сиёсий таянчларидан бири бўлган Самарқанд нафақат “ер юзининг сайқали”, балки замонлар оша дунё тартибини белгиловчи қудрат (держава) пойтахти ҳам бўлган.
Бироқ бу муаззам кентнинг ҳаёти доим ҳам равон кечмаган. Соҳибқирон Амир Темур, сўнг унинг набираси Мирзо Улуғбек даври, яна икки аср ўтиб, XVII асрнинг биринчи ярмида (ўша вақтда Самарқанд Аштархонийлар сулоласи ҳукмрон бўлган Бухоро хонлиги тасарруфида бўлган) ҳоким Ялангтўш Баҳодир замонларида гуллаб-яшнагани мозийдан маълум. Аммо муаррихлар ундан кейинги паллалар ҳақида кўп сўзламайдилар. Бунинг сабаби оддий: чунки ундан сўнг шаҳарнинг ўтмишида таназзул даври кечган... Кўп узоққа бориш шарт эмас. XIX-XX асрлардаги аввал Чор Россияси, кейин большевиклар босқинида у катта талафотлар кўрганини барчамиз яхши биламиз. “Тенглар ичра тенг” бўлган ёки истиқлол тонги отган илк йиллар ҳам кўҳна кент тарихида таъсирчан аҳамият касб этмади.
Совет ҳокимиятининг Самарқанддан кўзлаган мақсади анча устакорлик билан ўйлаб топилганди: мустабид идеология шаҳар харобалари ва ўтмишини кўз-кўз қилиш орқали даҳрий ва репрессив империяни ислом ва шарқ маданияти ҳомийси сифатида тақдим этиш, ундан умумтарих ва қадриятлар витринаси — мультикультурализм, яъни советча тенглик ҳамда бағрикенгликни кўрсатиш учун фойдаланарди. Мустақилликдан кейин бу қадимий кентга бўлган эътибор бошқа томонга оғди. Энди унга кўпроқ ўзликни топиш, руҳиятдаги посттоталитар ҳолатни деформациялаш учун қўлланиладиган восита ўлароқ ёндашила бошланди. Тўғри, айни янгиланишларни шунчаки формал ўзгаришлар эди, дейиш адолатдан бўлмайди. Чунки обидалар, қадамжолар, меъморий ёдгорликларни тиклаш ва обод қилиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Аммо бу ҳаракатлар шаҳарнинг қадимий шуҳратини тиклаш ва энг муҳими, унинг асрий руҳиятини қайта уйғотишдек қудратни намоён эта олмади.
Нега? Чунки истак ва ҳаракат қанчалик самимий ва кўламли бўлмасин, уларда шаҳарнинг тарихий хотираси ва моҳиятини тўлиқ тиклаш учун зарур бўлган ички мазмун ва уйғунлик етишмади. Жўнгина айтганда, шонли ўтмиши, маънавий идентлиги унга “тарих иконаси” сифатида қарашдек узоқ йиллар онгимизда шаклланган гламур тасаввурлар соясида қолди.
Аслида, Самарқандни тушуниш, жуғрофий аҳамиятини аниқлаб олиш ўта муҳим эди. Нимага десангиз, бу кўҳна замин фақат мозий осори атиқаларига эмас, балки унинг бағрида минг йиллардан буён яшаб келаётган халқ учун ҳам ватан саналарди. Буни тўғри англаш учун бизга хийла узоқ вақт керак бўлди.
Айни масалада фикр юритишни бир нафас кечиктириб, диққатимизни бугунги кунларга қайтарсак.
Ўтаётган ўн йиллик Самарқанд ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Мен бугунги мақолада айни ўзгаришларни муфассал шарҳлаш фикридан йироқман. Зотан, шаҳарнинг ҳозирги қиёфаси, у ерда олиб борилган бунёдкорликлар ҳақида ҳаммамиз яхши биламиз. Бир пайтлар Соҳибқироннинг қудратли салтанатига бошкент бўлган, оламни ўзига маҳлиё айлаган, хорижий сайёҳлар ва сиёсатчилар қадами узилмаган шаҳар бугун асл шавкатини тиклаётганини барчамиз сезиб турибмиз. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, узоқ танаффусдан сўнг у яна дунё сиёсатчилари, иқтисодчилари йиғилиб маслаҳатлашадиган халқаро дипломатия саҳнасига айланди. Келаётган хорижлик меҳмонлар, ҳатто, сайёҳлар оғзидан ҳам бир эътирофни кўп эшитиш мумкин бугун: “Самарқандга эртаклардаги, тарих китобларидаги жозибаси қайтибди!”.
Энди айтинг, одамлардаги таассуротни янгилаш, замонлар юки монолитдай қуйиб қўйган стереотипларни парчалаш ўз-ўзидан бўлади деб ўйлайсизми?! Иддаомиз бекорга эмас. Зотан, шаҳарнинг кўрку таровати фақат беш-ўнта меъморий ёдгорлик билан ўлчанмайди. Қолаверса, “ўтмиш руҳи” тасаввури чечан гидларнинг мароқли ҳикоялари орқали тўлиқ шаклланади деб қараш ҳам унчалик тўғри эмас.
Қадим тароватни уйғотиш фақат бир амал — кўҳна деворлар, тупроқлар қарида кўмилиб ётган маданий оҳангларгагина тан. Уларни ҳаракатга келтириш учун эса тарихий-руҳий ҳаёт қатламини қайта кўриб чиқиш талаб этиларди. Яъни нафақат шаҳар, балки бутун ён-атрофдаги маданий ҳаётни тубдан ўзгартириш, илмий тилда айтганда, жамият ҳаётини десоветизация — мустамлакачиликнинг барча меросларидан тозалашни назарда тутарди. Ўз-ўзидан равшанки, бу катта масштабдаги юмуш эди. Шу маънода айтадиган бўлсак, Самарқанднинг қайта “оёққа туриши” осон кечди деган одам адашади.
2001-2003 йилларда шу йўлдаги машаққатли меҳнатни мен ўз кўзим билан кўрганман. Айнан ўша йиллари Шавкат Миромонович Жиззахдан бу ерга ишга ўтган ва айни масъулиятнинг оғир юки у кишининг елкасига тушганди. Бугун баъзи давраларда ҳам ҳайрат, ҳам таажжуб билан “Янги ҳоким иш бошлаган кезларда идора ҳудудидан фалон машина чиқинди олиб чиққан экан”, деган гаплар ҳам айни даврларга тегишли. Эшитган қулоққа гарчи лофга ўхшаб туюлса-да, ҳақиқатан, шундай бўлган. Бўлганда ҳам, у киши масалага кечиктириб бўлмас, энг муҳим юмушдек ёндашгани ҳозиргидек ёдимда. Ўшанда менинг ҳам “Шунча иш туриб фаолиятни нега бундан бошлади”, дея ажабланган вақтим ҳам бўлган. Аммо кейин тушундим. Англаганим шуки, бу ҳодиса нафақат ободончилик ҳаракати, балки узоқ йиллар эсдан чиққан, тузумлар ва сиёсатлар назаридан четда қолган, баъзан эса такаббурлик билан кўзга илмай қаралган руҳий янгиланиш сари солинган бир йўл экан.
Айни мулоҳазаларни қатъий айтишимнинг боиси бор, албатта. Чунки Шавкат Миромонович Тошкент ва Жиззахда бўлгани каби бу ерда ҳам ишни озодалик ва саришталикдан бошлаган эди. Эсимда, бутун вилоят бўйлаб бошланган ободонлаштириш ишлари нафақат ҳудудларни, балки одамлар кўнглини ҳам ёритиб юборганди ўша кезларда. Мавзу контексидан келиб чиқиб масалага фалсафийроқ ёндашадиган бўлсак, айни ўринда кўздан панада қолаётган мажозий маънони илғашимиз мумкин: Шавкат Мирзиёев ушбу ишга жазм қилар экан, ҳақли маънода афсонаю ривоятлар, зафар ва ғалабалар шавқи, шону шавкати чўкиб ётган қадимий ва буюк шаҳар бағрини ҳам қора ўтмиш ғуборларидан поклаётгандек эди. Ҳа, Самарқанднинг маънавий қиёфаси, руҳиятидаги юксалиш айнан шундай бошланганди, десам ҳеч ҳам адашмаган бўламан. Зотан, ҳар қандай буюк ишлар, улуғворлик, поклик пойдевори устига қурилади.
Баъзи давлатларга сафар қилган одамларнинг “Аэропортданоқ ёмон ҳиддан нафасим бўғилиб қолди, кўчалардаги ахлат уюмларини кўриб, кўнглим айниди, кайфиятим бузилди”, деганга ўхшаш ҳикояларини кўп бор эшитган бўлишингиз мумкин. Ҳа, аслида, беписанд қарайдиганимиз озодалик шунчаки “рўзғорбоп” тушунча эмас, у руҳият кўзгуси, ички маданият ифодасидир.
Аслини олганда, Шавкат Мирзиёев сиёсий йўналишида мен айни устуворликни бундан анча илгари, уни таниган йилларимдаёқ сезганман. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирлари, 90-йиллари бошида мамлакат сиёсий майдонида пайдо бўлган ёш йигит ҳаракатчанлиги, чечанлиги билан тезда кўпчиликнинг эътиборига тушганди. Ўрни келганда бир мушоҳадам билан ўртоқлашиб ўтишим зарур деб ўйлайман. Ўқиганларим ва ҳаёт тажрибамга таяниб аниқ айта оламанки, бу дунёда тасодифлар йўқ. Фикримни янада очиқроқ билдирадиган бўлсам, буюк шахсиятлар ўзлари ҳақида биринчи қадамлариданоқ ишора беришади...
Халқимизда “Яратганнинг назари тушмаса...” деган мағзи тўқ ҳикмат бор. Асрлар давомида ўз моҳиятини йўқотмаган, ота-боболаримизнинг фалсафадаги детерминизм тушунчасига уйқаш ушбу “хулоса”си, ҳақиқатан, биз одатда тасодиф ёки омад, дея таърифлайдиган воқеалар замирида инсон англаб етмайдиган қонуниятлар борлигини эсга солиб туради.
Бўлмаса айтинг, Жиззахнинг олис бир қишлоғида ўсган ёшгина йигит Олий советга депутат, пойтахтнинг марказий районларидан бирига ҳоким бўлади деб ким ўйлаган ўша дамлар. Ҳолбуки, совет ва ундан кейинги дастлабки даврларда ҳам “шаҳарга фақат шаҳарликлар” деганга ўхшаш мутлақо асоссиз, ёзилмаган қоида ҳукмрон эди.
Майли, расамади билан қуйироқда ҳали бунга вақт ажратамиз. Аслида, бош мавзумиз Самарқанд, Шавкат Мирзиёевнинг айни вилоятдаги фаолияти тўғрисида эди. Бироқ гапнинг ўзани сал нарироққа, у киши ижтимоий-сиёсий ҳаётга кириб келган илк дамларга бурилиб кетди. Эҳтимол, бунда ҳам бир ҳикмат бордир. Зеро, моҳиятни англаш учун, аввало, унинг замирига назар ташлаш лозим, дейишади-ку улуғларимиз.
II
Фавқулодда қобилиятли одамларга яшаш ва ишлаш ҳамма замонларда ҳам осон кечмаган. Масалан, ғайрат-шижоати, дунёқараши ва ғоялари жамиятдаги анъанавий тушунчалардан фарқ қиладиган, олмон файласуфи Иммануил Кант таъбири билан айтганда, одатдагидан илғорроқ “ақл” атрофни илҳомлантириш билан бирга теваракдагиларда етарлича хавотир ҳам уйғотиши мутлақо бор гап. Бунга тарихий-сиёсий адабиётлардан кўп мисоллар келтириш мумкин. Бироқ омадим шундаки, айни ҳодисани мен китоб ёки архив ҳужжатларида эмас, ўз ҳаётимда кўрганман.
У кишини ҳали институтда ишлаётган кезлариданоқ билардим. Чунки “горком”даги иш фаолиятим аввалига айнан фан ва ўқув муассасалари, кейин ҳам шунга яқин — мафкуравий йўналиш билан боғлиқ эди. Очиқ айтаман, ўша кезлар ҳаракатчан, кўзидан ўт чақнаб турадиган, ўта тарбияли ва ёшига нисбатан хийла мулоҳазали бу йигитга ортиқча эътибор бермаганман. Наздимда, у оддий бир олий ўқув юртининг илмий ходими, нари борса, навқирон педагог-зиёли эди. Унинг мен, қолаверса, шаҳар жамоатчилиги ва юқори элитанинг тасаввурларини тўзғитиб юборган, умумсиёсат саҳнасида Шавкат Миромонович деган ҳар томонлама ҳурмат-эътиборга сазовор исм-шариф билан ҳисоблашишга мажбур қилган даври 90-йиллар бошига тўғри келади.
Ўшанда Михаил Горбачёвнинг ҳамма ёқни остин-устун қилган “қайта қуриш ва ошкоралик” замонларининг сўнгги йиллари, олатасир, биров бировни эшитмайдиган, ҳамма гапирадиган даврлар эди. Айнан ўша йили Республика олий совети депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Эндигина 33 ёшга кирган, пойтахт ҳаёти, ҳокимиятнинг шафқатсиз “ўйинлари”ни ҳали ич-ичидан билмаган ёшгина йигит ўз номзодини халқ вакиллигига қўяди.
Шундайгина кўз югуртириб ўқиганда силлиқ ўтиб кетадиган бу гаплар жуда мураккаб вазиятни ифода этади, аслида. Чунки номзодлар анча номдор, тажрибали, бундан-да муҳимроғи, ҳукмрон сиёсий аъёнларга яқинроқ (очиқ айтганда, у кишидан бўлак бари “танланган”лар) эди. Келинг, даъвомиз асоссиз бўлмаслиги учун ўша йили Шавкат Миромонович билан “сиёсий марафон”га кирган фаоллар номини санаймиз. Шу ўринда эслатиб ўтай, асосий сайловга киргунча талабгорлар саккиз киши бўлган. Чиғириқдан эса уч киши ўтади. Булар ўша йиллардаги Тошкент милиция олий мактаби (ҳозирги ИИВ академияси) раҳбари Николай Иванович Ожиганов, Ўрта Осиё ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти (маълумот учун айтай, ўша вақтларда бу даргоҳ нафақат минтақада, балки бутун иттифоқда илмий-амалий салмоққа эга эди) директори Виктор Абрамович Духовний...
Табиийки, булар орасига маҳаллий миқёсдаги институт ўқитувчиси, бунинг устига “юқори” ҳали етарлича билмаган ёш йигитнинг қўшилиб қолиши кўпчиликни ажаблантирди. Баъзилар буни шунчаки расмиятчилик учун қўйилган қадам деб ўйлаган бўлса, бировлар кибрини очиқча кўрсатиб, муғомбирона жилмайди: “Кеча қишлоқдан келган болага бундай жиддий тадбирда нима бор экан?”.
Эътироф этиш керак, уларнинг иддаосида жон бордек эди. Нега десангиз, номзодлари қўйилганлар орасидаги Ожиганов ҳуқуқ-тартибот, қолаверса, республика ижтимоий-сиёсий ҳаётида анча эътиборга эга одам бўлган. Духовний эса, боя қавс ичида алоҳида атай изоҳ берганимдек, нафақат Ўзбекистон, балки иттифоқ миқёсида катта қудратга дохил аъён ўлароқ мутлақ ғолибликка ҳақлидек тасаввур уйғотарди. Чунки унинг қўлида муҳим дастак — ирригация ва сув масалалари жамланганди.
Яхши биласиз, ўша даврлар бутунлай аграр тармоққа “ўтирғизилган”, “киндиги бир” минтақа республикалари учун бу соҳа ҳаёт масаласи эди, гўё. Шунинг учун Духовний эгаллаган мартаба таъсири нафақат Ленин (бугунги мустақиллик) майдони биқинидаги ЦК (Центральный Комитет — Марказий Қўмита) биносининг серҳашам ҳужраларида, балки бизга қўшни бўлган барча республикаларни “маҳв” этиб, шимолда жойлашган “марказ”нинг қирмизи гумбазли саройларида ҳам тантанали тарзда акс садо бериб турарди. Шу сабаб сайловчилар учун ҳам, шунчаки вазиятни кузатиб турган томошаталаб одамлар учун ҳам натижа қизиқ эди. Якун шундай бўлдики, тўлиқ ошкоралик ва эркинлик асосида ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев рақибларидан катта фарқ билан устун келди...
Албатта, шу ўринда савол туғилади: қаторидаги сиёсий қудратга, обрў ва мартабага эга бўлган номзодларни у киши қандай ортда қолдириб, депутатлик мақомига эришди?
Мен ашаддий фаталист эмасман. Бироқ юқорида келтирганимдек, ота-боболаримиздан мерос “тақдир”, “пешонасига битган” деган азалий тушунчаларни тўлиқ инкор ҳам этолмайман. Қолаверса, у кишининг ғолиб бўлишида табиатидаги шиддат, ҳаракатчанлик ва инсонларга бўлган чексиз меҳр, ноёб одамгарчилик хислати ҳам асос бўлди деб ўйлайман. Чунки у институтда фаолият юритаётган ўша дамларда ҳам туманда фаол сифатида яхши танилган, маҳаллалар аҳли, талабалар меҳрини қозониб улгурган эди.
III
Юқорида бир мулоҳазани бошлаб, давом эттиришни ортга сургандик. Назаримда, энди унинг мавриди келди. Совет даврида гарчи “биз катта бир оила” деган баландпарвоз шиор устуворлик касб этган бўлса-да, бу чақириққа нисбатан скептик қараш йўқ эмасди. Дейлик, “оға-ини”ларнинг ҳар бирида, гарчи пинҳона бўлса-да, ўз манфаати ёки ижтимоий-сиёсий идентлигини юқорироқ қўйишга, барча имтиёзу рағбатларга, аввало, улар ҳақли эканини исботлашга тийиқсиз уриниш истаги бор эди. Айни шу “хусусият” миллий республикалар ичида ҳам кўзга ташланарди. Бошқаларни четга суриб, ўзимиз ҳақимизда гапирадиган бўлсам, ўша даврларда ким қайси вилоятдан, воҳаданми, водийданми, сал пастроққа қараб тушсанг, районма-район, уруғ-аймоқ суриштириш, хуллас, ҳокимият иерархияси шаклланишида очиқ айтилмаса-да, шундай ўлчовнинг борлигини тамоман инкор қилиб бўлмасди. Шавкат Миромоновичнинг депутатлик сайловларида ва ундан кейин, 1992 йилда Мирзо Улуғбек туманига ҳоким бўлишида ҳам бу сезилган.
Масалага кенгроқ ёндашганда, аслида, халқ тилида соддагина қилиб “маҳаллийчилик” дейиладиган, аммо жиддийроқ қарасангиз, қайсидир маънода ижтимоий дискриминацияга ҳам ўхшаб кетадиган бу хавфли қусур нафақат Тошкент, балки умумжамиятимизга хос хавфли иллат эди. Оддий тушунтирганда, Қашқадарёга қашқадарёлик, Бухорога бухоролик, Наманганга фақат Намангандан чиққан кадргина раҳбар бўлишга муносиб, деган халқни бўлиб ташлашга, бирлик ва якдилликка рахна солувчи қараш эди бу.
Мен аниқ билмайман, бундай радикал кайфият, қараш бизда қачон пайдо бўлган?.. Эҳтимол, унинг шаклланиши ўтган аср бошларига бориб тақалар. Билмадим. Ҳар қалай, коммунистларнинг ўша йиллари “миллий республикалар ва миллатларни “яратиш” сиёсати” олдин на этник ва на ҳудудий ихтилофларга борган туркистонликлар ўртасида ўзига хос айирмачиликни келтириб чиқаргани бор гап. Табиийки, бўлиб ташлаб, бошқариш уларнинг манфаатига мос эди. Жумладан, ўлкадаги миллий келишмовчиликлар — ҳудуд ва маданий мерос, этнос ёки этногенез атрофидаги “ғижиллашиш”лар пинҳона давом этаркан, бундан “марказ” атай кўз юмарди. Чунки ҳамжиҳатлик ва руҳий яқинликнинг йўқлиги минтақага доимий ожизлик бахш этиб туришини улар яхши тушунишарди. Бироқ советлардан ўзлаштирилган салбий тажриба, “бўлиб ташлаб идора қилиш сиёсати”, гарчи зараримизга бўлса-да, бизда кечагача давом этди. Хусусан, мустақилликдан кейин ҳам вилоятлар ва ҳатто туманларни бир-биридан ажратиб турадиган “блок пост”лар қўйилганини нима билан изоҳлаш мумкин. Аммо Шавкат Миромоновичнинг пойтахтда муҳим сиёсий персонга айланиши масаласи, юқорида ишора қилганимиздек, бундан ҳам жиддийроқ оқибатларни келтириб чиқарган, дангал айтганда, кўплаб ўзини энг муҳим аъён деб ҳисобловчи маҳаллий “зодагон”ларни безовта қилганди. Албатта, узоқ даврлардан бери бир маромда кетаётган “иш”лар динамикаси бирдан ўзгарса, табиий равишда хотиржамлик йўқолади. Бу беҳаловатликнинг қат-қатида ҳасад ҳам бор эди. Бироқ мен буни катта айб сифатида қораламайман. Зотан, ҳасад ҳам нафсга боғлиқ. Нафс эса ҳаммамизда бор.
Ҳатто башарият даҳолари деб ардоқлайдиган буюкларда ҳам ҳасад бўлган. Масалан, наинки рус халқининг, балки инсоният олий тафаккурининг даҳоларидан бири Лев Толстой ўз замондоши буюк адиб Фёдор Достоевскийни кунлагани (мавқе қизғониш, рашк қилиш) ҳақида кўп хотиралар бор. Дейлик, у кўп мақолаларида Достоевскийни “тилнинг расвосини чиқарган”ликда айблайди. Бундан ҳам аччиқроғи, Максим Горький хотираларида келади. Унда Толстой шундай дейди: “Достоевский ўзининг жинни қаҳрамонларидан бирини ўзи ишонмаган мақсадга хизмат қилгани учун, ўзидан ва бошқалардан ўчини олиш учун яшайди деб ёзади. Бу гапни у ўзи ҳақида ёзган, у ўзи ҳақида худди шундай дейиши мумкин эди...”.
Хуллас, ҳасад масаласи умуминсоний, табақаларга бўлинмаган бир туйғу дейишимиз мумкин. Қолаверса, бу юқорида айтганимдек, унчалик кечирилмайдиган қусур ҳам эмас. Аммо очиқ душманлик бу ноинсонийлик белгиси. Шавкат Миромонович Мирзо Улуғбек туманига ҳоким бўлганида бундай номардларча қилинган ҳаракатлар, душманона фитналарга кўп бор рўбарў келганди (ўша пайтлари шаҳарнинг Собир Раҳимов туманида ҳоким бўлганим учун бу воқеалардан яхши хабардор эдим).
Халқ орасида анча оммалашиб кетган, у кишининг ўзлари ҳам бир неча бор кулиб эслаган “Улуғбек ҳайкали” ҳақидаги ҳангома шулардан биттаси, холос. Аслида, кимнинг “ижод”и бўлса ҳам, бу ўта пухталик билан ўйланган иш эди. Эрталаб давлат раҳбари хорижлик меҳмон билан бирга гулчамбар қўйиши керак бўлган монументнинг бошини олиб кетиш... Чуқурроқ ўйласангиз, айни бузғунчилик ташаббускорлари топилмалари замирига “сиёсий мажоз”ни устакорлик билан беркитишган: Мирзо Улуғбек бошининг кесилиши аслида шахсан Шавкат Мирзиёев сиёсий фаолиятига қилич сермаш эди...
Албатта, шунча гапдан кейин ҳақли бир савол ўртага чиқади: Мирзиёевга қилинган кинли муносабатнинг боиси нима эди, унинг вилоятдан эканими?! Йўқ, бу ерда, ҳали айтганимдек, ундан-да жиддийроқ сабаб ҳам бор эди. Мотив шундайки, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига тайинланган ёш ҳоким шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ўз ғайрати, билим ва иқтидори, ноёб қобилияти билан фавқулодда “уйғотиб” юборган ва бу кўпчиликни сергак торттирганди. Бугун аксарият тошкентлик фаоллар, ўша маҳаллар фаолияти шаҳар ҳаёти билан боғлиқ бўлган, юраги тоза, виждони уйғоқ фахрийлар маданият, орасталик, саранжомлик ва бунёдкорлик завқи билан ишлаш ва яшаш борасидаги кўп тажрибаларни айнан Шавкат Мирзиёевдан ўрганишганини очиқ тан олишади, эътироф этишади. Сабаби, маҳалла ва кўчалар, хиёбонлар гўзаллиги, одамларни улуғ мақсадлар сари бирлаштира олиш бобида ушбу туман нафақат Тошкентда, балки мамлакатда энг олдинги сафда эди.
IV
Ўзи умуман бугунги айтмоқчи бўлган гапимиз Самарқанд ва Самарқанд руҳига қайта “жон бағишланиши” ҳақида эди. Лекин у ердаги қилинган ишлар, Шавкат Мирзиёевнинг қалбидаги жасорат, Ватанига, ўз тарихи ва миллатига бўлган сўнгсиз меҳр-муҳаббатни очиб бериш учун юқоридаги ҳикояларни ҳам айтиб ўтиш керак эди деб ўйладим. Зотан, у кишининг шахсияти ўз-ўзидан осмондан тушгандек пайдо бўлиб қолгани йўқ. У бугунги мавқеи — халқининг севимли Президентига айлангунича қанча заҳмат чекди, не-не бало-қазолардан омон чиқа олди. Бу Яратганнинг биз учун буюк бир туҳфаси, албатта.
Энди асосий мавзу — Президентимизнинг Самарқандда амалга оширган ишлари, у ердаги фаолияти ҳақида бафуржа гаплашсак. Негаки у кишининг айни шу вилоятдаги фаолияти, тажрибаси мамлакатимизнинг бугунги истиқболига тагзамин бўлди, десам, адашмаган бўламан.
V
Ўрта асрларда “Ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд” деган таъриф пайдо бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз, бундан фахрланиб юрамиз. Аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, бу қадимий кент ҳам худди инсон тақдиридек мураккаб йўлни кечиб ўтган.
Биргина мисол, гарчи 2001 йилда Самарқанднинг меъморий-тарихий ёдгорликлари ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилгани шаҳарнинг халқаро мақомини яна бир бор тасдиқлаган бўлса-да, ўша даврдаги реал манзара унинг шуҳратига соя солиб турар, халқаро ташкилотнинг эътирофи эса шунчаки унинг ёши ва шонли ўтмишига кўрсатилган ҳурмат рамзидек таассурот қолдирарди. Инфратузилмани қўйиб турайлик, оддийгина маиший маданият деган матоҳ ҳам шаҳар ҳаётига бегонадек эди.
Вилоят иқтисодиёти ҳам худди шундай оғир аҳвол — таназзулда эди. Саноат ва тадбиркорлик ривожланмаган, қишлоқ хўжалигида йиллар давомида йиғилган муаммолар анъанавий тус олганди. Энг ачинарлиси, 4 миллионга яқин аҳолининг атиги 7 фоизи тадбиркорлик билан шуғулланарди. Ва айни кўрсаткич, таассуфки, ҳудуд иқтисодиётининг ички имкониятлари тўлиқ ишга солинмаганидан, аҳолининг тадбиркорлик ва бизнес ривожига бўлган ишончи сўнганидан ҳам дарак берарди.
Ана шундай мураккаб бир паллада Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланди. У ўша пайтдаёқ яхши англаган эдики, бу нафақат тақдирнинг сийлови, балки вилоятда олис даврлардан тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий “мерос” қаршисидаги синов ҳам эди. Шу сабаб у кўпчиликка ўхшаб ишни кабинетдаги мажлислар ёки “телефон бошқаруви” амалиётларидан эмас, тўғридан тўғри одамлар орасига киришдан бошлади.
Тушунмовчилик бўлмаслиги учун бир гапни айтиб ўтай. У кишининг ишлари, фаолиятини худди ёнида тургандай ҳикоя қилишимнинг сабаби бор. Чунки Шавкат Миромонович вилоятга тайинланган илк дамлар ва ундан кейин ҳам мен деярли доимо ёнларида, ҳамнафас бўлганман. Шунинг учун аниқ эслайман, янги раҳбар илк иш кунини Самарқанд халқаро аэропортидаги ҳолатни кўздан кечиришдан бошлади (эҳтимол, бугун шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган янги аэропорт қурилиши шу маҳаллар у кишининг кўнглидан ўтгандир.) Ўшанда бир гуруҳ фаоллар ҳамроҳлигида йўл-йўлакай кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла пиёда айланиб, ҳудуднинг ҳақиқий аҳволи, одамларнинг кундалик дарду ташвишларини бевосита синчиклаб ўрганди.
Натижада шаҳардаги кўп йиллик лоқайдлик ва эътиборсизлик оқибатида йиғилиб қолган турли муаммолар бирма-бир юзага қалқиб чиқди. Айниқса, вилоятнинг оғир экологик ҳолати, кўчалар, маҳаллалар ва жамоат жойларида уюлиб қолган чиқиндилар Самарқандни тозалаш ва обод қилиш ишларини бирор кун ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифага айлантирганди. Муболағасиз айтганда, аҳвол, боя ўзим сўзим давомида шаҳар гигиенаси бобида кесатган, танишларимиз сафар таассуротларидаги мамлакатларникидан пеш эмасди. Шу боис, бу борада жиддий “кураш” бошланди. Бугун ободлик ва озодалик бобида ибрат намунасига айланиб кетган ҳодиса — биргина вилоят ҳокимлиги ва унинг атрофидан қарийб 70 та юк машинасида чиқинди олиб чиқилгани вазиятнинг нечоғлиқ аянчли тус олганини тасдиқлаб турарди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Аҳвол шу даражага етиб боргандики, мавжуд куч ва техника бундай кенг кўламли ободонлаштириш ишлари, қолаверса, мақсадни тўлиқ амалга ошириш учун етарли эмаслиги аён бўлди. Ана шунда шаҳар ҳудуди секторларга бўлиниб, ҳар бир маҳалла ва кўчага аниқ масъуллар бириктирилди. Кейинчалик бутун мамлакат миқёсида жорий этилган “Сектор тизими”нинг дастлабки намунаси айнан шу жараёнда шаклланди.
Хуллас, йиллар давомида қўқим (чиқинди) босиб кетган кўчалар ва маҳаллалар қисқа вақт ичида янгича қиёфа касб эта бошлади. Энг муҳими, ўзгаришлар фақат марказий кўчалар ёки вилоят маркази билан чекланиб қолмади. Илгари ҳеч бир раҳбар қадам босмаган чекка ҳудудлар, эътибордан панада қолган маҳаллалар ҳам янгиланиш жараёнига “тортилди”.
Кўпчилик яхши билади, шаҳар биқинидаги Фидойилар ва Сарбадорлар каби маҳаллаларда азалдан шу ерлик аҳоли “лўлилар” деб атайдиган юртдошларимиз истиқомат қилишади. Гарчи мавзудан чиқсам-да, гапим тушунмовчиликлар келтириб чиқармаслиги учун очиқ айтиб қўяй: ташқаридан қараганда, инсонга нисбатан гўё камситиш ёки миллий айирмачиликка ўхшаб туюладиган таъриф аҳоли орасидаги мутлақо ҳаётий муносабат аслида. Чунки халқимиз бирор ижтимоий жамоанинг “ким”лигини ифодалаш учун “қозоқлар”, “қирғиз”, “тожик” ёки янада традиционал қатламга ўтадиган бўлсак, “қўнғиротлар”, “барлослар” деган этник тушунчаларни бажонидил қўллайди ва бу айб ҳам, ҳақорат ҳам ҳисобланмайди. Айни концептдан келиб чиқсак, лўлилар ҳам ҳаммамиз қатори шу юртнинг фарзандлари саналади. Шу ўринда мен айтмоқчи бўлган фикр бу мулоҳазалардан анчагина фарқли, яъни Шавкат Миромоновичнинг инсонпарварлиги, одамларга бўлган юксак ҳурмати, меҳри билан боғлиқ масаладир. Самарқандни билган одамлар яхши хабардор, бу маҳаллаларда яшовчи аҳолида шу пайтгача на туғилганлик ҳақида гувоҳнома, на паспорт бўлган. Очиғи, ушбу амалиётни амалга ошириш ҳақида кимдир ўйлаб кўрганига ҳам шубҳа бор. Шавкат Мирзиёев эса уларга қонуний тарзда шахс, яшаш ва мол-мулк ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ва паспорт бериш тизимини йўлга қўйди. Ушбу юртдошларимиз ҳам ватанимизнинг чин фуқаролари бўлиш шарафига муяссар бўлишди. Маҳалланинг мактаб остонасини кўрмаган болалари илм даргоҳларига жалб қилинди. Аҳолининг идорама-идора юриб сарсон бўлишига сабаб бўлган оғриқли муаммолари югур-югурсиз айнан шу ернинг ўзида ҳал этилди.
Бир сўз билан айтганда, одамларнинг дардини эшитиш, муаммони жойида ҳал қилиш, энг муҳими, “Давлат — халқ учун” деган эзгу тамойил — ана шу давр бошқарувининг асосий мезонига айланганди.
VI
Эслатиб ўтганимиздек, Самарқанд фақат “Самарқанд”дангина иборат эмас. Ушбу топоним фақатгина меъморий артифакт ёки маданий меросдан ташқари, шу диёрда минг йиллардан буён яшаб келаётган миллионлаб одамлар — самарқандликлар ва уларнинг ҳаётини ҳам ифода этади. Шундан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, вилоят маъмурчилиги ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш кераклигини англаб етамиз. Чунки кўҳна шаҳарга нур ва шукуҳ берадиган энг муҳим сифат — халқнинг кайфияти, туриш-турмушидан розилик аломати бўлган, кўзларидаги қувонч ва шодлик учқунларидир. Айни нуқтаи назардан олиб қараганда, ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш ҳам ўта долзарб, ортга суриб бўлмайдиган вазифа эди вилоятда. Нимагаки, ҳудуддаги ўлда-жўлдалик, самарасиз қарор ва топшириқлар, ташаббуслар одамларни ишдан бездирган, давлат ва умумсиёсатга ишончини сусайтирганди. Шавкат Мирзиёев келганидан тахминан бир йил ўтиб, аниқроғи, 2002 йилнинг биринчи чорагида вилоят иқтисодиётида кескин ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди: саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 107,3 фоизга, халқ истеъмоли моллари эса 112 фоизга бажарилиб, барқарор ўсиш суръатлари қайд этилди. Албатта, бу натижа ортида одамларнинг қайта уйғонган ишончи, бошқарувга нисбатан тикланаётган умиди ётарди. Бироқ вилоятнинг асосий драйвери бўлган қишлоқ хўжалигидаги аҳвол ҳамон мураккаб эди: ер унумдорлиги, яъни бонитет даражаси кескин пасайиб, айрим ҳудудларда 10 баллгача тушиб кетгани ҳосилдорликка кескин таъсир кўрсатганди.
Айни вазиятдан чиқиш учун Шавкат Мирзиёев масалага илмий ва амалий нуқтаи назардан ёндашди. У кишининг ташаббуси билан кўпни кўрган оқсоқоллар, чуқур билим ва тажрибага эга мутахассислар ҳамда деҳқонлардан иборат “Маслаҳат кенгашлари” тузилди.
Ташқаридан қараганда, ортиқча довруқсиз бу ташаббус вилоят ҳаётида туб бурилиш ясади. Негаки, халқ тажрибаси ва кўмагига асосланган айни тузилма давлат билан халқ ўртасида узилган ришталарни тиклади. Бошқача айтганда, ушбу механизм ерга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш, мавжуд муаммоларни жойида таҳлил қилиш ва аниқ ечимлар ишлаб чиқишда муҳим омил бўлди. Шу ёндашув орқали ер унумдорлигини тиклаш — илмий ҳисоб-китоблар ва амалиёт уйғунлигида ҳал этила бошланди.
Мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш натижасида ҳар гектар сувли ерга 20,5 тоннадан маҳаллий ўғит бериш тизими йўлга қўйилди. Орадан қисқа вақт ўтгач, бу ишларнинг ижобий самаралари яққол кўрина бошлади — тупроқнинг биологик ҳолати яхшиланиб, ернинг табиий унумдорлиги аста-секин тикланди.
Ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида ҳудудларнинг табиий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, уларни ихтисослаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир туманнинг ўзига хос салоҳиятини очиш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда муҳим стратегик қадам бўлиб хизмат қилди.
Жумладан, Тойлоқ тумани ғаллачиликка ихтисослаштирилиб, шахсан вилоят раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан Украинадан серҳосил буғдой уруғлари олиб келинди ҳамда синовдан ўтказилди. Натижада гектаридан ўртача 50 центнергача ҳосил олинишига эришилди.
Самарқанд туманида илгари эътибордан четда қолган тошлоқ ва унумсиз ерлар ўрнида замонавий интенсив боғлар барпо этилди. Бу ташаббус ҳудуд қиёфасини ўзгартирибгина қолмай, қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматни ҳам сезиларли даражада оширди.
Иштихон ва бошқа туманларда маҳсулотларни сақлаш ва бозорга узлуксиз етказишни таъминлаш мақсадида замонавий музлаткичли омборхоналар қурилди. Бу эса сархил маҳсулотлар йўқотилишини камайтириб, фермерлар даромадини оширишга хизмат қилди.
Шавкат Мирзиёев томонидан ўша йилларда қишлоқ хўжалигида асос солинган тизимли ёндашув кейинчалик вилоят аграр тармоғининг муваффақият гаровига айланди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Зеро, бир вақтлар қатқалоқ ерга айланган, ҳосилдорлиги паст далаларнинг яшил боққа дўниши, бу шунчаки агротехник тадбирлар самараси эмас, балки деҳқон ва фермерлар кўнглига йўл топишнинг ўзига хос ифодаси бўлди.
Айтиш ўринлики, ушбу ислоҳотлар доирасида яна бир оғриқли муаммо — ҳудудларни обиҳаёт билан таъминлаш масаласи ҳам кун тартибига чиқди. Сир эмас, бир вақтлар Қўшработ туманидаги минглаб гектар ер майдонларининг “тақдири” бутунлай ёғингарчиликка боғлиқ эди. Ҳатто айрим вақтларда лалмикор ерлар сувсизликдан қақраб, тупроқ ёрилиб кетар, деҳқоннинг машаққатли меҳнати беҳуда сарф бўлганини кўриб, одамнинг беихтиёр ичи ачирди. Аммо олдинги раҳбарларда ҳам шундай куйиниш туйғуси бўлганми, йўқми, буни билмадиму янги ҳоким буни кўриб чидаб туролмагани бор гап. Айнан ўша йиллари Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси ва узоқни кўзлаб юритган сиёсати туфайли ҳудудда сел сувлари тўпланадиган “Оқчопсой” сув омборига тамал тоши қўйилди. Шу билан бирга, табиий манбалар ва мавсумий сел сувларидан оқилона фойдаланиш мақсадида “Оқтепасой” сув омборини барпо этиш ғояси ҳам илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар минглаб гектар лалмикор ерларни обиҳаёт билан таъминлаш, унумдорлигини ошириш ва ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган муҳим стратегик қадам сифатида тарихий аҳамият касб этди.
VII
Азал-азалдан сув барака ва фаровонлик рамзи сифатида эъзозланиб келинган. Эҳтимол, шу боис, халқимиз у билан боғлиқ кўплаб ибратли ривоятлар тўқиган, булоқ ва чашмаларга муқаддасот сифатида таъриф берган. Шунинг учун ҳам Самарқанд вилояти аҳлининг Сангин-Чашмасиёб, Сангарасон-Наводон, Обираҳмат, Обимашат каби булоқлар ва жилғаларнинг зилол сувларидан баҳра олган инсон “гуноҳларидан покланади”, деган мулоҳазаларига ҳеч ким шубҳа билан қарамайди, балки оқаётган сувдан қониб ичишга интилади.
Аммо минг афсуски, ўз вақтида маҳаллий сиёсатда тарихий ва одамлар азиз билган бундай булоқларни асраб қолиш у ёқда турсин, шаҳар аҳолисини оддий ичимлик сув билан таъминлаш ҳам энг оғриқли муаммога айланди.
Йиллар давомида эътибордан четда қолган сув қувурлари чириб, хизмат муддатини ўтаб бўлган, уларни зудлик билан янгилаш ҳам долзарб аҳамият касб этганди. Қолаверса, шаҳарда аҳоли нуфуси кун сайин ўсиб, мавжуд имкониятлар одамлар эҳтиёжини қоплай олмай қолганди. Вилоятнинг янги раҳбари обиҳаёт таъминоти тизимини ислоҳ қилиш, кўҳна кентнинг “қон томирлари”га қайта жон бағишлаш йўлида ҳам қатъий қадамлар ташлади — аҳоли тоза ичимлик сувдан муаммосиз баҳраманд бўла бошлади.
Бундан ташқари, тоза ичимлик сувни 3-4 километр масофадан ташиб ичган Нуробод туманидаги Сазағон, Тепақул ва Оқсой қишлоқлари аҳолисига янги сув қудуқлари қазилиб, уларнинг обиҳаётга бўлган талаби ва эҳтиёжи қондирилди. Бу жараён, ўз мазмун-моҳиятига кўра, вилоят аҳлининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон қадрини улуғлаш ва одамларнинг юзига табассум улашиш йўлидаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлди.
VIII
Ҳаммамизга маълум, Шавкат Мирзиёев Самарқандда кўп муддат қолмади: умумий ҳисобда икки-уч йил. Бироқ у киши қолдирган из, анъаналар мудом ўз аҳамиятини йўқотмаган. Яхши эслаймиз. Бир вақтлар мамлакатимизда таълим соҳасида турли ислоҳотларга қўл урилди, мажозий айтганда, бошимизни тўғри келган деворга бир-бир уриб чиқдик. Шундай билармонликларимиздан бири “коллежбозлик” сиёсати эди. Биз ушбу “таълим стратегияси”га шу қадар берилиб кетдикки, илҳомимиз тийиқсизлигидан, ҳатто, ўн-ўн беш чақирим атрофида бирорта уй бўлмаган дашту далаларга ҳам уч-тўрт қаватли коллежлар барпо қилиб ташладик.
Оқибати нима бўлди? Буни айтмасам ҳам барчамиз яхши тушунамиз, англаймиз. Бу ерда энг оғир йўқотиш ўрта таълим тизими соҳасида бўлди. Мактаблар қурилиши, уларга бўлган эътибор кескин тушиб кетди. Ҳамма жойда бўлгани каби бунинг оғриқли оқибатлари Самарқанд вилоятида ҳам кўринди. Ҳудуддаги қарийб 1050 та мактабнинг аҳволи ачинарли даражага келиб қолди. Яъни уларнинг деярли учдан бир қисми капитал таъмирга муҳтож, томларидан чакка ўтар, деворларини зах босган, синфхоналари эса ўқувчилар таълим олиши учун мутлақо яроқсиз ҳолда эди.
Бу ҳолат юрт келажаги, миллат тақдирини ўйлайдиган ҳар қандай одам кўнглини ташвишга солиши табиий эди. Шу боис, Шавкат Мирзиёев фаолиятининг тўртинчи кунидаёқ Пастдарғом туманидаги 72-мактабга борди. У ердаги манзарани кўриб, ҳар қандай инсоннинг юраги ларзага келиши тайин эди: хом ғиштдан қурилган, томсувоқли, совуқ кунларда иситиш имкони бўлмаган бу хароба масканда 200 нафар болажон тақдирнинг аччиқ синовига дош бериб, илм оларди...
Молиявий имкониятлар чекланган, маҳаллий бюджет деган тушунчалар худди сиёсий латифадек туйиладиган оғир бир шароитда вилоят ҳокими айни вазиятдан чиқишнинг энг тезкор ва мақбул йўлини топди — бўш турган қурилиш ташкилоти биносини мактабга мослаштириш ташаббусини илгари сурди. Бу фавқулодда қарор ўша вақтдаёқ Шавкат Мирзиёевнинг “йўқ”дан “бор” қила олиш қобилиятини намоён этганди.
Бино қисқа фурсат ичида чинакам ўқув масканига айлантирилди ва қиш остонасида ўқувчилар илк бор иссиқ ва ёруғ синф хоналарига кўчирилди. Ушбу эзгу ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида эса 2002 йилда шу ҳудудда муҳташам, икки қаватли янги мактаб биноси қад ростлади. Бугун ўша жой ўрнида барпо этилган замонавий, барча шароитларга эга таълим даргоҳида 700 нафарга яқин ўғил-қиз билим олмоқда.
Шу ўринда мен эътиборингизни муҳим бир нуқтага қаратмоқчиман. Шавкат Мирзиёев молиявий имкониятлар чекланган, мактаблар “коллежбозлик сиёсати” соясида қолиб кетган замонлар таълим тизимини қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос янги тизими — “ёрдамчи хўжалик” моделини жорий этди. Унга кўра, мактаблар қошида ҳомийлик ва ташаббускорлик асосида ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилинди. Улардан тушган маблағлар бевосита таълим муассасаларини ободонлаштириш, инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ўқув муҳитини юксалтиришга йўналтирилди.
Бундай ноанъанавий, аммо халқ манфаатини кўзлаган амалий қарорлар туфайли қисқа вақт ичида вилоятдаги юзлаб мактабларнинг моддий-техник базаси янгиланиб, эски ва хароб мактаблар ўрнида мутлақо замонавий қулай ва барча шарт-шароитларга эга таълим муассасалари қад ростлади.
Айниқса, шундай оқилона ёндашув туфайли Самарқанднинг турли гўшаларида қад ростлаган 20 дан ортиқ спорт иншоотлари, собиқ “Ремзавод”нинг ташландиқ ҳудуди ўрнида барпо этилган Олимпия захиралари спорт мактаби ҳамда “Ёшлар маркази” минглаб ўғил-қизларнинг орзулари рўёбга чиқадиган севимли масканга айланганини бугун алоҳида қайд этиш ўринли деб ўйлайман. Бугун кўпчилик самарқандликлар яхши эслашади: ўша кезларда Тойлоқ туманида 5 минг ўринли муҳташам стадион фойдаланишга топширилган эди.
Энг қизиғи, ушбу иншоотларнинг ҳеч бири давлат бюджети ҳисобидан қурилмаганди. Бу эса “Излаган имкон топар”, деган ҳикматли ибора нечоғлиқ ҳақиқат эканини амалда яна бир бор тасдиқлайди.
Шавкат Мирзиёевнинг устоз ва мураббийларга бўлган чексиз ҳурмати шунчалик эдики, у умуман имконияти йўқ даврда ҳам уларга муносиб шароитлар яратиб бериш йўлида ўзини қийнарди. Айнан шу эзгу ният ифодаси ўлароқ, Оқдарё туманидаги собиқ “Колхозстрой”нинг қаровсиз ҳудуди ўрнида замонавий “Устоз” санаторийсининг барпо этилиши вилоят раҳбарининг маърифат аҳлига бўлган чексиз ҳурмати ва юксак эҳтиромини яна бир карра намоён этди. Шу маънода айтиш мумкинки, бу масканнинг номи ҳам, моҳияти ҳам ўша кезлардаёқ кейинчалик муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган муҳим ҳаётий ҳақиқатни англатиб турарди: “Миллат тарбиячисини эъзозлаган халқнинг келажаги порлоқ бўлади”.
Сезиб турибман, мақоланинг сўнгги қисмлари сизни зериктирди. Энсангизни қотирган бўлса ҳам ажабланмайман. Руҳи, матндаги хронологик оҳанг совет ва ундан кейинги турғунлик йиллари кайфиятини эслатувчи айни йўналиш бугун ҳаётимизда фавқулодда “бегона”га айланиб қолгандек... Ҳолбуки, ўша даврда ғалладан хирмон-хирмон ҳосил олиш, қизиқчимиз айтганидек, “ерни чуқурроқ ҳайдаш” ва ҳатто мутахассислар ва деҳқонларгина тушуниши мумкин бўлган терминларни қалаштириб нутқ қилиш, мақола ёзиш нормал қабул қилинарди. Чунки даладан бошқа ўйлайдиган, гапирадиган, кўкрак кериб фахрланадиган ҳеч бир сифатимиз йўқ эди. Собиқ марказдан келиб далага қандай қадаб кетган бўлса, истиқлолга эришганимиздан кейин ҳам тафаккуру онгимиз узоқ йил эгатлар орасида қолди. Пахта ва ғалла, кенг маънода айтганда, зироатчилик ҳаётимизнинг барча жабҳасида ижтимоий-сиёсий культ сифатидаги таҳаккум — доминантлигини худди совет даврларидагидек акс эттириб турди. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, айни сафарбарлик ортида “стратегик аҳамият”дан бўлак яна бир муддао — жамиятни манипуляция қилиш истаги ҳам яширингандек эди. Яъни одам тинимсиз нимагадир ундаб турилса, матбуот эртадан то кеч зарбдорлик, дала ишлари, етиб бўлмайдиган “план” ҳақида муттасил гапираверса, бу ҳолат ҳар қандай эркин тафаккурга ҳам путур кетказади. Одамлар фикрини жамоавий тарзда бир нуқтага “йиғиш”, барча ўй-хаёлларни умумий бир ўзанга бўйсундириш, табиийки, шахсий фикрни жиловлайди. Ҳур фикрнинг шаклланмаслиги эса бизнинг классик ақидаларимизга уйғун келарди.
Умумий маънода озодлигимизнинг дастлабки чорак асрига жиддий қарайдиган бўлсак, эркинлигимиз назарий, ҳурриятимиз қайсидир маънода “қарам мустақиллик”дек туюлар эди. Кўча ва хиёбонларимизга осиладиган шиорларимиз ҳам буни бот-бот эслатиб турарди: “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузма!”. Айнан мана шу эскисини бузмай сақлаб қолиш “анъанаси” миллат ва давлат “коди” мақомидаги миллий рамзларимизда ҳам ўз “таровати ва теран гўзаллиги”ни акс эттиришга улгурди. Дейлик, мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам гербимиздаги чамбаракка алвон-ла ўралган “ифтихоримиз рамзи” бўлган пахта ва ғалла тасвирлари ўзгармади. Нега? Ҳолбуки, Президентимиз кўп бор айтганларидек, пахтадан оладиган даромадимиз ўша йиллари бир миллиард долларга етиб-етмаган. Шу ҳолича ҳам ушбу деҳқончилик маҳсулотлари бизнинг ижтимоий-маънавий идентлигимизни белгилаши керакмиди? Биз ўз асрий орзу-армонларимиз, улуғ ниятларимиз ва бу жаҳондаги руҳоний “ўзлигимиз”ни шу ўсимликлар сиймосида кўришимиз керакми?.. Албатта, бу мустақилликдан кейин ҳам бир оёғимиз мафкуравий жиҳатдан собиқ тизим харобалари узра қолиб кетганини англатади.
Мен бекорга бу тўғрида гапирмадим. Чунки айни нарратив “Мирзиёев даври” бизнинг дунёқарашимизни қандай ўзгартирганини яхши кўрсатиб бера олади. Масалан, сал аввал эслаганимдек, бир замонлар нафақат актуал, балки сиёсий аҳамият касб этган “қишлоқ хўжалиги” гурунглари бугун ҳаётимиздаги қўрли ўрнини йўқотди. Шунинг учун ҳам бу мавзуда ёзиш ва ўқиш эндиликда нафақат анъанадан чиқди, балки моҳиятан зерикарли, примитив бўлиб қолди. Онгимизда сокин амалга ошган, ҳали деярли таҳлил этилмаган айни янгиланишлар бизга бир нарсани очиқ эслатиб туради: бизда иттифоқ парчалангандан кейин ҳам эркинлик масъулиятидан хавотир ҳисси бор эди. (эҳтимол, бу сиёсий ҳокимиятни “йўқотиб қўйиш”дан қўрқиш бўлгандир). Жумладан, традиционал тутумлардан воз кечмаслик, бошқарув ҳамда жамият ҳаётидаги “анъанавий руҳ”ни сақлаб қолишга интилиш сезилар, шунинг учун шиорларимиз ҳам, ҳали айтганимдек, миллий озодликдан кўра кўпроқ яқин ўтмишга қайта чорлаётгандек туюларди. Вақт шуни кўрсатдики, мустақиллигимиз ва ўзлигимизни ифода этувчи символларимиз — давлат рамзларимиз моҳиятида ҳам ўтган асрнинг 90-йилларидаги сиёсий хавотир, қўрқув ва иккиланиш тажассум топган. Айни мавзудаги сўзимни якунлаб, шуни айтишим мумкинки, бу олмон файласуфи Эрих Фром тасвирлаган “Озодликдан қочиш” феноменига жуда яқин ҳодиса эди.
Айтилган мулоҳазалар бизнинг тасаввурларимизда бугун мамлакатимизнинг уч хил характердаги кўринишини акс эттириши билан ниҳоятда аҳамиятли: “совет Ўзбекистони”, “посткоммунистик Ўзбекистон” ва “Янги Ўзбекистон”...
IX
Ҳеч эсимдан чиқмайди: у киши Самарқандда ишлаётган даврларда ёнма-ён кетарканмиз, ҳазил аралаш савол бердим: “Гоҳ-гоҳида ухлаб ҳам турасизми, Шавкат Миромонович?!”.
У киши ўз одатига содиқ ҳолда жилмайиб жавоб қилди: “Манзилдан-манзилгача мошинада нима қилиш мумкин?”.
Суҳбатимиз гарчи мутойиба руҳида кечган бўлса-да, унинг замирида ҳақиқат яширин эди. Мен очиқ айтаман, шу пайтгача унинг қайси маҳал ухлаб ёки оёқ узатиб дам олишини ҳеч ким аниқ айтиб беролмаса керак. Юраги Ватан ва халқ дарди, меҳру муҳаббати билан уриб турадиган, ўз сурати ва сийратида МИЛЛАТ ШАВКАТИ тимсолини тобора ёрқин ифода этиб бораётган Шавкат Мирзиёевдан биз, келажак авлод, қолаверса, тарих ҳали кўп нарсани ўрганиши, сабоқ чиқаришига ўзида кучли эҳтиёж сезишига мен аниқ ишонаман.
Ҳеч бўлмаганда, биргина Ватанни, унинг тарихи ва ўз халқини севишни у кишидан ўрганиш, ўзлаштириб олишнинг ўзи ҳам оламни гулистон қилишга етадиган қудрат ва салоҳият солади қалбингизга.
Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган йилларда ҳам бу кўҳна заминдан узилиб кетмади. “Самарқанд руҳи”ни “сайқаллаш”, қолаверса, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти доимо эътиборида турди.
Ана шу эзгу қараш ва ёндашув Самарқанднинг маънавий ҳаётида туб бурилиш ясади. Шаҳарда Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темур, Бибихоним, Хожа Дониёл, Руҳобод, Ҳазрати Хизр, Расадхона, Даҳбед, Нодир девонбеги, Хўжа Аҳрор Валий ёдгорлик мажмуалари тарихий қиёфасига мос тарзда тикланди.
Энг муҳими, бир вақтлар қаровсизлик ва ноқонуний қурилишлар туфайли маҳаллалар ораси, кимларнингдир уй-жойи остида қолиб кетган муқаддас қадамжо — Имом Мотуридий ҳазратларининг қабри топилиши маънавий-маданий ҳаётимизда улкан воқеликка айланди. Улуғ алломанинг муборак номи, беназир илмий-маърифий мероси ва буюк таълимоти яна халқ қалбига юксак эҳтиром ва иззат-икром билан қайтарилди.
Мен шу ўринда бир ҳақиқатни рўйирост айтишни истардим: аслида ҳозирги Самарқанднинг қайта шуҳрат топиши ва дунё саҳнида яна “Ер юзининг сайқали” деган шарафли номга чин маънода муносиб кўрилиши айнан ўша вақтда бошланган мана шундай маънавий уйғонишдан куч-қувват олган, десам, сира янглишмаган бўламан.
Зеро, Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти раҳбари сифатидаги фаолияти даврида асос солинган маънавий уйғониш кейинчалик бутун мамлакат тақдири ва тараққиёт йўлини белгилаб берган улкан стратегик ислоҳотлар учун мустаҳкам асос бўлди. Муҳими, бу ўзгаришлар қуруқ шиор ёки баландпарвоз даъватлар сифатида эмас, балки халқимиз тафаккури ва қарашларини ўзгартирган ислоҳот сифатида уларнинг ҳаётига чуқур кириб борди.
Бугун халқимиз қалбида жо бўлган миллий ўзликни англаш ва миллат тарихи билан боғлиқ тушунчалар, маънавий қадриятларга нисбатан шаклланган юксак ҳурмат ва муқаддас қадамжолар, бебаҳо тарихий обидаларни бунёд этиш ҳамда уларни асраб-авайлашга бўлган дахлдорлик ҳисси замирида ўша йилларда ёнган миллий ғурур ва ватанпарварлик машъаласининг қудратли нурини кўриш мумкин.
X
Мақола аввалида Самарқанд гарчи бир неча минг йиллик тарихга эга бўлса-да, унинг шонли ўтмишида ўз номини қолдира олган бунёдкорлар саноқли деган эдим. Агар сиз бу ўтмиш гавҳари бўлган шаҳарга яқин орада бормаган бўлсангиз, энди боринг, унинг гўзаллигидан завқланинг, саҳнидан нур ёғилиб турган майдонлари, муаззам Имом Мотуридий, Имом Бухорий қадамжоларини зиёрат қилинг. Тарих ва бугун уйғунлашиб кетган “Боқий Самарқанд” ансамблини кўринг. Бозорлар, маҳаллалар, кўчаларни кезиб, одамларнинг юзу кўзига боқинг. Чор атрофда таралиб турган қадим ўтмиш ва замон оҳангларига қулоқ тутинг...
Шунда англайсизки, руҳиятингизда пайдо бўлган илиқлик, қалбингизга инаётган шукуҳ қадим Самарқанд руҳиятидир. Эҳтимол, ўша дам юрагингизда шаҳар тарихида из қолдирган Ватан фарзандлари номини яна узайтиришга иштиёқ пайдо бўлар...
У киши бугунгача босиб ўтган йўл одам қалбида шундай эзгу туйғуларни уйғотади. Зотан, бу йўл шарафли ва шавкатли йўлдир.
Бир пайтлар Уинстон Черчилль ўз замонасига ишора қилиб, “Биз улкан воқеликлар ва майда одамлар даврида яшамоқдамиз”, деган эди. Киноя аралаш айтилган айни маломат орадан бир асрга яқин вақт ўтса-да, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагандек. Айниқса, нолиш ва исмсиз нафрат тобора миллий қадриятга айланиб бораётган бизнинг бугунги кунларимизга ҳам тааллуқли бу гаплар, десам, ҳеч ҳам адашмаган бўламан. Хусусан, бу аччиқ таъна кўз ўнгимизда бўлаётган шунча ўзгаришлар, янгиланишларнинг қадрига етмаётган, кўриб кўрмаганга олаётган “майда одамлар”га тегишли, албатта.
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди, ўша пайтларда?! Афсуски, одам боласи тез унутади. Қадрига етиш, шукр қилиш деган оддий инсоний туйғуларни ҳам эсдан чиқаради. Кўз ўнгимизда юз бераётган катта ўзгаришларнинг фарқига бормайди ёки билиб туриб такаббурлик қилади.
Яқинда ёши саксонга бораётган бир танишим “фалончи қамалганди, ўғли лавозимга ўтирибди. Фалончи ишдан олинганди, уч ой ўтмай сал бундайроқ бўлса ҳам вазифага қўйилибди. Мен тушунмадим, нега бундай бўляпти?” деб сўраб қолди.
Очиғи, у кишидан хафа ҳам бўлмадим, гапига ҳайрон ҳам қолмадим. Негаки, битта у эмас, аксариятимизда шундай фикр бор: биров қамалдими, уруғ-аймоғи билан “супурилиши” керак, ишдан кетган одам нафақат сиёсий саҳна, ҳатто жамоатчилик назаридан узоқда, кўзга кўринмай юришга маҳкум...
Тўғри, илгари шундай эди. Бугун замон ҳам, сиёсат ҳам ўзгарди. Бироқ таассуфки, жамият буни тўғри англаб ололмаётир. Ҳаётимизда бўлаётган ўзгаришлар ва уларга муносабатимизни кузатиб туриб, баъзан бир нарсага ҳайрон қоламан: бизда ҳам фахр, Миллат ва Ватан зафарларидан қувониб ғурурланиш ҳиссиёти борми ёки бу туйғуларимизни ҳам мустабидлик тўфонларига “ем” қилганмизми? Шунча ишлар, ўзгаришу янгиланишлар бўлаётир, аммо аксарият ҳолларда уларга ёндашувимиз, ҳали айтган танишимникидек, ўта носоғлом...
Майли, тарғибот, Президент сиёсати, бугунги кунларимиз қадрини одамларга кенг ва бафуржа шарҳлаш, тушунтириб бериш амалиёти, бироқ бу ишларимиз ҳозирда кўнгилдагидек кечмаётгани алоҳида мунозара мавзуси. Аммо биз, тарихи минг йилларга тенг халқ, ўтмиши афсонага айланган юрт фарзандлари сифатида қалбимизда миллий ғурур туйғусини шакллантиришни ўрганишимиз бугун жуда долзарб деган бўлардим.
Мен ўтган йили Президентимизнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувида у кишига юзланиб, шундай мурожаат қилган эдим:
“Бундан 6-7 аср илгари бу юртда кўтарилган муаззам байроқ ўз атрофида жаҳонни бирлаштирган, ўзига қаратган эди. Бу, шубҳасиз, буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур қурган қудратли давлатнинг байроғи эди.
Орадан қарийб етти аср ўтиб, узоқ йиллар кўздан панада қолган ўша байроқ бугун яна ҳилпирай бошлади. Бу байроқ бугунги Янги Ўзбекистоннинг байроғидир.
Бугун жаҳон узра мағрур ҳилпираётган ушбу байроқни Сиз кўтардингиз, муҳтарам Шавкат Миромонович!”.
Мен бугун ҳам айни фикримда собитман!
Қудратилла РАФИҚОВ,
сиёсатшунос