Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида ДХХ ходимлари божхона органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказган.
Хусусан, Фарғона шаҳрида 1987 йилда туғилган фуқаро “Gazel” русумли юк автомашинасида олиб келинган умумий қиймати 778 миллион сўмлик 38 турдаги 45 960 дона дори воситасини яшаш хонадонига тушираётган вақтида тўхтатилган.
Шунингдек, унинг хонадони кўздан кечирилганда меъёрий талабларга зид равишда сақланаётган қиймати 468 миллион сўмлик яна 25 турдаги 16 535 дона дори воситаси аниқланган.
Шунга ўхшаш ҳолат Наманган вилоятида ҳам фош этилди. Тезкор тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи икки нафар фуқаро ўз уйида ҳамда Давлатобод туманидаги нотурар бинода хорижда ишлаб чиқарилган, мамлакатга ноқонуний олиб кирилган дори воситаларини сақлаб келгани маълум бўлди.
Кўздан кечириш жараёнида ушбу учта манзилдан тахминий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 453 турдаги 32 528 қути дори воситаси тегишли тартибда олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.