Ушбу янги босқичнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастур орқали амалга оширилишини маълум қилди.

Бу ғояни оддий стратегик шиор эмас, балки жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, технологик ва маънавий тараққиётини ягона мантиққа бирлаштирувчи концептуал ёндашув сифатида тушуниш муҳим.

Бундан ўн йил аввал Ўзбекистон олий таълим тизимида асосий эътибор, аввало, мавжуд таълим дастурлари асосида мутахассис тайёрлаш, назарий билим бериш ва анъанавий ўқитиш усулларини такомиллаштиришга қаратилган эди. Бугун эса бу тизимда туб сифат ўзгаришлари яққол кўзга ташланмоқда: олий таълим муассасаси эндиликда фақат диплом берувчи маскан эмас, балки илм-фан, инновация, замонавий технологиялар ва ишлаб чиқаришни бирлаштирувчи муҳим интеллектуал марказга айланмоқда. Таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграцияси, дуал таълим, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, стартап­лар, халқаро ҳамкорлик ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга эътиборнинг кучайиши сўнгги йиллардаги барқарор ўзгаришларнинг амалий ифодасидир. Бу жараён олий таълим олдига нафақат билимли, балки замонавий технологияларни яратиш ва қўллашга қодир, ташаббускор ҳамда рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашдек янги вазифани қўймоқда.

Фарғона давлат техника университети каби техник, муҳандислик, иқтисодий ва инновацион салоҳиятни бирлаштирган олий таълим муассасаси учун мазкур вазифалар, айниқса, муҳим. Чунки янги тараққиёт даврида университет илм-фан, технология, ишлаб чиқариш, бизнес ва жамият ўртасидаги интеллектуал марказга айланиши лозим.

Асосий капитал

Биринчи миллий дастурнинг бош ғояси — билим ва малакани мамлакат тараққиётининг асосий капиталига айлантириш. Мазкур ёндашувнинг мазмун-моҳияти шундаки, замонавий иқтисодиётда асосий ресурс энди хомашё эмас, интеллектуал салоҳиятдир.

Университетимизда бу йўналишдаги вазифаларни амалга ошириш учун таълим мазмунини ишлаб чиқариш эҳтиёжларига янада яқинлаштириш, дуал таълимни кенгайтириш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, робототехника, Smart City, 3D моделлаштириш ва замонавий муҳандислик соҳалари бўйича компетенцияларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада аниқ мақсадли амалий ишлар бошланган. Жумладан, “Олийгоҳ кубоги” танловида сунъий интеллект, дронлар, киберхавфсизлик, 3D моделлаштириш, қиш­лоқ хўжалиги техникаси ва муҳандислик конструкциялари бўйича 352 талаба иштирок этди. Уларнинг 60 нафари ғолиб бўлди. 4 та стартап лойиҳа ­молиялаштиришга тавсия этилди. Бундай рақамлар ёшларда инновацион фикрлашни шакллантириш бўйича таълимдан амалий натижага ўтиш жараёнини кўрсатади.

Шунингдек, университетда ташкил этилган стартап маркази талабалар ва профессор-ўқитувчилар ғояларини амалий маҳсулотга айлантириш, акселерация, бизнес моделлаштириш, сунъий интеллект, робототехника ва АT кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган. Назаримизда, биринчи миллий дастурнинг университет миқёсидаги энг муҳим натижаси бундай бўлиши керак: талаба битирганда фақат назарий билимга эмас, балки бозор талаб қилаётган аниқ технология, дастур, лойиҳа ёки ишлаб чиқариш компетенциясига эга бўлиши зарур.

Соғлиқ — муҳим бойлик

Иккинчи миллий дастур аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлашга қаратилган. Президентимиз нутқида ­профилактикага асосланган тиббиёт моделига ўтиш, давлат тиббий суғуртасини кенг жорий этиш ва Ўзбекистонни замонавий тиббиёт, фармацевтика ҳамда биотехнологиялар марказларидан бирига айлантириш вазифалари белгиланди.

Дастурни олий таълим тизимидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки аҳоли саломатлигининг катта қисми инсоннинг турмуш тарзи, меҳнат шароити, экологик муҳит ва профилактик маданиятга боғлиқ. Техника университети нуқтаи назаридан, бу вазифа ишлаб чиқаришда меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлигини илмий асосда ташкил этиш, экологик муҳандислик, тоза ишлаб чиқариш технологиялари ва ресурс тежамкор тизимларни кенг жорий этиш, талабалар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби йўналишларда намоён бўлади.

Университетда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш вазифалари белгиланди. Демак, инсон саломатлиги масаласи университет учун фақат тиббий хизмат эмас, балки хавфсиз кампус, экологик тоза муҳит, соғлом меҳнат, спорт, психологик барқарорлик ва профилактик маданиятни бирлаштирган комплекс бошқарув тизимидир.

Юқори технология ва меҳнат унумдорлиги

Учинчи миллий дастур иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишга қаратилган. У техник университетларнинг иқтисодиётдаги ролини тубдан ўзгартиради. Яъни энди университет ишлаб чиқаришга тайёр кадр етказиб берувчи муассаса бўлиб қолмайди. Технология яратувчи ва уни тижоратлаштирувчи ­субъектга айланади.

Университетимизда бу йўналишда аниқ институционал асослар шаклланмоқда. Жанубий Кореянинг “AHA Co., Ltd” компанияси билан ҳамкорликда талабалар учун грантлар, дуал таълим, ишлаб чиқариш амалиёти, бандлик ва ишлаб чиқаришда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича қўшма лойиҳалар режалаштирилган. Хитойнинг “Speed-Fit Technology” компанияси билан қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган аэроинжиниринг технопаркини шакллантириш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш билан боғлаш ва дуал таълимни кенгайтириш ­масалалари муҳокама қилинди.

Университет делегациясининг Шаньдун музофотига ташрифи якунларига кўра, Фарғонада қишлоқ хўжалигига юқори технологияларни жорий этишга қаратилган технопарк ташкил этиш бўйича технологик ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Бундай мисолларнинг умумий мантиғи битта: университет — ишлаб чиқариш — инновация — инвестиция занжири шаклланмоқда.

Келгуси босқичда ҳар бир кафедра камида битта саноат корхонасининг технологик ёки бошқарув муаммосини илмий лойиҳага айлантириши мақсадга мувофиқ. Масалан, энергетика кафедралари энергия йўқотишларини камайтириш, машинасозлик йўналишлари автоматлаштириш, иқтисодиёт ва менежмент кафедралари эса харажатларни прогнозлаш, ресурсларни оптимал тақсимлаш ва рақамли бошқарув моделларини ишлаб чиқиши мумкин. Шунда илмий мақола ва диссертация ишлаб чиқаришдан узилган академик маҳсулот эмас, балки муайян иқтисодий қиймат яратадиган инновацион ечимга айланади.

Сув ва табиатга ғамхўрлик

Тўртинчи миллий дастур сув ва ­табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга ­қаратилган. Президентимиз нутқида сув тежовчи технологиялар қамровини кенгайтириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги сифат босқичига олиб чиқиш, шаҳар ва туман марказларида яшиллик даражасини ошириш мақсадлари белгиланди.

Фарғона водийси шароитида сув ва экологик хавфсизлик масаласи, айниқса, муҳим. Аҳоли зичлиги, саноат концентрацияси, ер ва сув ресурсларига юқори босим экологик муаммоларни илмий ёндашув асосида ҳал қилишни талаб этади. Университет бу ерда сув сарфини рақамли датчиклар орқали назорат қилиш, ақлли суғориш тизимлари, чиқиндиларни қайта ишлаш, саноат сувларини тозалаш ва қайта айланма ишлатиш, энергия тежамкор бинолар, “яшил” логис­тика, экологик мониторинг каби соҳаларда амалий технологик ечимларни таклиф қилиши мумкин.

Туркиянинг “Farmicca” компанияси билан ўтказилган музокараларда гидропоника асосида кўп қаватли вертикал ферма технологияларини Фарғона вилоятида жорий этиш масаласи муҳокама қилингани шундай ёндашувга амалий мисолдир. Бундай технологиялар сув сарфини камайтириш, юқори ҳосилдорликка эришиш ва чекланган майдонда самарали ишлаб чиқариш имконини беради. Шу боис, “яшил” технологиялар университет илмий сиёсатининг алоҳида йўналиши эмас, балки барча муҳандислик ва иқтисодий дастурларга кириб бориши керак.

Қонун устуворлиги мустаҳкам пойдевор

Бешинчи миллий дастур суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришга қаратилган. Президентимиз ҳуқуқий тарбияни тизимли ташкил этиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси, яширин иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқларини камситишга қарши курашни кучайтириш вазифаларини белгилади.

Қонун устуворлиги таълим муассасасида, аввало, бошқарувнинг шаффофлиги, академик ҳалоллик ва масъулият билан намоён бўлади. Университет муҳитида коррупцияга муросасизлик, плагиатнинг олдини олиш, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоялаш, адолатли баҳолаш тизими, тенг имкониятлар ва очиқ танлов механизмлари ҳуқуқий мада­ниятнинг амалдаги кўринишидир.

Маҳалла — ривожланиш эҳтиёжларини белгилайдиган ижтимоий институт

Олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришни назарда тутади. Президентимиз нутқида туман бюджети, инвестиция дастури ва инфратузилма лойиҳалари маҳалланинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантирилиши таъкидланган.

Бундай ёндашув илм-фан учун ҳам янги вазифани қўяди. Университет тадқиқот мавзуларини фақат назарий қизиқишдан эмас, балки ҳудуд ва аҳоли муаммоларидан келиб чиқиб белгилаши зарур. Масалан, муайян маҳаллада ичимлик сув, энергия таъминоти, чиқинди, транспорт, бандлик ёки кичик бизнес масаласи мавжуд бўлса, университетнинг тегишли кафедраси бу муаммони илмий-амалий лойиҳага айлантириши мумкин.

Муҳандислар техник ечим таклиф қилади, иқтисодчилар харажат-самарадорлик ҳисобини амалга оширади, менежерлар бош­қарув модели яратади, АT мутахассислар рақамли платформа ёки мониторинг тизимини ишлаб чиқади. Шундай ёндашув орқали университет ва жамият ўртасидаги масофа қисқаради. Келгусида Фарғона давлат техника университетида “маҳалладан — илмий ечимга” тамойили асосида ҳудудий муаммолар банкини шакллантириш мақсадга мувофиқ. Ҳар бир факультет ушбу базадан муаммоларни танлаб, талабалар битирув ишлари, магистрлик диссертациялари ва илмий лойиҳаларни амалий эҳтиёжлар билан боғлаши мумкин.

Тинчлик, дўстлик ва халқаро ҳамкорлик

Еттинчи миллий дастур Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик макони сифатидаги нуфузини юксалтиришга қаратилган. Олий таълим бу вазифанинг энг табиий майдонларидан биридир. Академик мобиллик, халқаро илмий лойиҳалар, қўшма таълим дастурлари ва талабалар алмашинуви нафақат билим, балки маданиятлар ўртасидаги ишонч ва мулоқотни ҳам кучайтиради.

Фарғона давлат техника университетида бу йўналишда сўнгги даврда фаол ишлар қилинмоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ректорларининг III форуми доирасида Фарғона давлат техника университети, Тўхтомаматов номидаги халқаро университет ва Ўш технология университети ўртасида қўшма таълим, академик алмашинув ва илмий лойиҳаларни назарда тутувчи меморандум имзоланди. Корея Рес­публикасининг SeoulTech университети билан сунъий интеллект, Smart City, робототехника ва киберхавфсизлик соҳаларида қўшма лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар стажировкасини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Бу каби алоқаларни фақат халқаро рейтинг ёки статистик кўрсаткич сифатида баҳолаш тўғри эмас. Уларнинг асосий қиймати янги илмий мактаблар, технологиялар, профессионал алоқалар ва талабалар учун глобал имкониятлар яратилишидадир.

Президентимиз белгилаган еттита миллий дастур мазмунини таҳлил қилар эканмиз, уларнинг барчасини бирлаштириб турувчи бош ғоя инсон қадрини билим, саломатлик, технология, экологик ­масъулият, адолат, маҳаллий ташаббус ва тинчлик орқали таъминлаш экани намоён бўлади. Бу нуқтаи назардан, замонавий университетнинг миссияси ҳам ўзгармоқда.

Фарғона давлат техника университети бу борада ўзига хос афзалликка эга. Университетда техника, энергетика, ахборот технологиялари, иқтисодиёт, менежмент, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларининг бир муҳитда бирлашгани катта имконият яратади. Масалан, “ақлли корхона” лойиҳасида муҳандис автоматлаштириш тизимини яратади, АT мутахассис алгоритм ёзади, иқтисодчи унинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблайди, менежер эса ишлаб чиқаришга жорий этиш моделини ишлаб чиқади. Бундай фанлараро ёндашув миллий юксалиш даври талаб қилаётган янги авлод университетининг асосий белгиси ҳисобланади.

Университетимизда энергетика соҳасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан ҳамкорликда дуал таълимни ривож­лантириш ишлари олиб борилмоқда. Унда 3-, 4-босқич талабаларининг назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни тармоқ эҳтиёжларига йўналтириш кўзда тутилган. Модель бошқа тармоқларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Ҳар бир факультет учун йирик саноат корхонаси стратегик шерик сифатида белгиланса, талабалар амалиётидан тортиб, илмий тадқиқот ва стартапларгача бўлган жараён ягона тизимга айланади. Ишлаб чиқариш корхонаси муаммони беради, университет илмий ечим ишлаб чиқади, талаба лойиҳа жараёнида касбий кўникма олади, корхона эса инновацион маҳсулот ёки технологияга эга бўлади.

Еттита миллий дастурни амалга ошириш жараёнида олий таълим муассасалари, айниқса, техника университетлари алоҳида ўрин тутади. Чунки дастурларда белгиланган деярли ҳар бир вазифанинг ечими билим, илм-фан, технология ва юқори малакали ­кадрларга боғлиқ.

Фарғона давлат техника университети муҳандислик, технологик, иқтисодий ва инновацион салоҳияти билан ушбу жараёнда фаол иштирок этиши учун зарур институционал имкониятларга эга. Университетда стартап марказлари, саноат билан дуал таълим, сунъий интеллект лойиҳалари, хорижий университетлар ва компаниялар билан ҳамкорлик, технопарк ташаббуслари ва ёшларни инновацияга жалб қилиш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилмоқда.

Миллий юксалиш даврида университетнинг асосий мезони уни қанча мутахассис битиргани эмас, балки қанча илмий ечим яратгани, нечта технологияни ишлаб чиқаришга олиб киргани, неча нафар ёшни замонавий касбга тайёрлагани ва ҳудуд тарақ­қиётига қандай амалий қиймат қўшгани билан белгиланиши лозим. Шундай ёндашувдагина таълим тараққиётга, илм технологияга, ғоя маҳсулотга, ёшлар сало­ҳияти эса мамлакатнинг реал иқтисодий ва интеллектуал қудратига айланади. Миллий юксалишнинг асл мазмуни ҳам ана шунда: инсоннинг билими, меҳнати, истеъдоди ва ташаббуси давлат тараққиётининг энг катта бойлигига айланишидадир.

Рустам ТОЖИЕВ,

Фарғона давлат техника университети ректори,

профессор