Маълум қилинишича, дастур доирасида ҳар йили 100 нафар мутахассисни ишга қабул қилиш режалаштирилган.
Танлов қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:
- шошилинч тиббий ёрдам шифокорлари (магистратура, ординатура дипломи ёки шу йўналиш бўйича сертификатга эга номзодлар);
- олий ҳамширалик иши йўналиши битирувчилари (бакалавр дипломи).
Номзодлар учун иш тажрибаси мажбурий эмас, аммо тажрибага эга бўлганларга устунлик берилади.
Дастур иштирокчилари Италиянинг Перужа университети ҳамкорлигида ташкил этилган итальян тили курсини 7 ой давомида онлайн тарзда ўқийди. Ўқиш харажатлари Миграция агентлиги томонидан қопланади ва курс давомида ойига 600 евро миқдорида маблағ ажратилади.
Тил курсини муваффақиятли якунлаган номзодлар Италиянинг Сардиния ҳудудида иш бошлайди. Асосий ойлик маош 3 500 еврогача бўлиб, қўшимча иш соатлари ҳамда тунги навбатчилик учун тўланадиган устамалар ҳисобига ойлик даромад 4 000–5 000 еврогача етиши мумкин.
Иш вақти ҳафтасига 38 соатни ташкил этади. Ходимларни турар жой билан таъминлаш, тушлик ва тиббий суғурта харажатлари иш берувчи томонидан қопланади.
Номзодлар учун ёш чегараси 50 ёшгача этиб белгиланган бўлиб, 40 ёшгача бўлганларга устуворлик берилади.
Дастурда иштирок этиш учун олий тиббий маълумотга эга бўлиш талаб этилади.