Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд давомида оқ рангли «Niva Legend» автомобили тўхтатилиб, текширувдан ўтказилди.
Автомашинанинг устки юкхонасидаги саккизта қопдан бирта айиқ ва учта ёввойи чўчқанинг тана қисмлари топилди.
Шунингдек, автомобилдан учта нарез стволли ов қуроли, MS-2112 русумли силлиқ стволли ов милтиғи, «Monza» русумли нарез стволли ов қуроли, 43 та 7,62 калибрли жанговар ўқ-дори, 56 та майда сочмали ўқ, 13 та якка жанговар ўқ, иккита бинокль, иккита овоз пасайтирувчи мослама, пичоқлар, фонарлар, болта ва бошқа буюмлар аниқланди.
Маълум бўлишича, ноқонуний ов оқибатида ҳайвонот дунёсига 679 миллион 800 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан ов қуроллари, ўқ-дорилар, рухсатномалар ва овчилик гувоҳномалари вақтинча сақлаш учун Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига топширилди. Автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилди.
Мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.