Рейд давомида Сирдарё тумани "Тараққиёт" маҳалласи ҳудуди учувчисиз учиш аппарати (дрон) ёрдамида кўздан кечирилди. Кузатув чоғида маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи ички каналларнинг бирида тунги вақтда резина қайиқда ноқонуний балиқ овлаётган икки нафар фуқаро аниқланди.

Қоидабузарлар тўхтатилиб, кўздан кечирилганда санчқи ёрдамида 8 дона илонбашара, 1 дона оқ амур ва 1 дона товонбалиқ (карас)ни ноқонуний овлагани аниқланди. Фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Иш материаллари кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судига юборилди.

Бундан ташқари, ашёвий далил сифатида резина қайиқ, санчқи, насос ва бир жуфт эшкак белгиланган тартибда олиб қўйилди ҳамда расмийлаштирилди. Суд қарори қабул қилингунга қадар ушбу ашёлар ҳудудий бошқарма омборига сақлаш учун жойлаштирилди.