Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий касб ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш, аҳолини меҳнат бозори талабларига мос касбларга ўқитиш бандликни таъминлаш ва даромадларни оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шу боис, кейинги йилларда касбий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқув дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тақдимотда касбий таълим хизматларини кўрсатишда хусусий секторнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича янги чоралар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, келгуси уч йилда хусусий сектор улушини ошириш орқали халқаро стандартлар асосида очилган ўқув ва баҳолаш марказларининг сонини ҳозирги 50 тадан 200 тага етказиш, хусусий касбий таълим билан ҳар йили 500 минг нафар аҳолини қамраб олиш мақсад қилинган. Айни пайтда бу кўрсаткич 45 минг нафарни ташкил этмоқда.

Бунинг учун 300 дан ортиқ ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилиб, халқаро талабларга мослаштирилади. Камида 1 минг нафар ўқитувчи ва таълим усталарининг малакаси оширилади. Ушбу дастурларни молиялаштириш учун Бандлик жамғармасидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Тақдимотда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлар давомида билдирилган таклиф ва муаммолар ҳам кўриб чиқилди. Мулоқотларда тадбиркорлар томонидан хусусий касбий таълим марказлари учун божхона божи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар, имтиёзли кредитлар, айрим харажатларни компенсация қилиш, янги қурилган бинолар учун ташқи инфратузилмани бюджет ҳисобидан барпо этиш, ер участкалари қийматини фоизсиз бўлиб тўлаш, бўш бино ва майдонлардан фойдаланиш имкониятларини яратиш масалалари кўтарилган.

Шу муносабат билан хусусий касбий таълим ташкилотлари учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни божхона божидан озод қилиш, хорижий ўқитувчилар, мутахассис ва усталар учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш таклиф қилинди.

Шунингдек, 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Бино қурилиши ва таъмири, зарур ускуналарни харид қилиш учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 7 фоизи қоплаб берилади.

Хорижий мутахассислар ва малакали ўқитувчиларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади. Касбий малакани баҳолаш ускуналари ва дастурий маҳсулотлар харажатларининг 30 фоизи, хорижда тан олинадиган ва миллий касбий малака сертификатлари харажатларининг 50 фоизи миқдорида компенсация тўланади.

Шу билан бирга, бундай имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланган тадбиркорлар қурилган ёки ижарага олинган биноларнинг камида 60 фоизида касбий тайёргарликни ташкил этиши ва амалий машғулотлар ўтказиши шарт бўлади.

Тадбиркорларга сотилган ер учун тўловни 5 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш, бўш турган давлат объектларини камида 5 йилга ижарага олиш, техникумлардаги бўш бинолардан бепул фойдаланиш имконияти берилади.

Хусусий касбий таълим ташкилотларини ривожлантириш учун йил якунигача уларни жиҳозлаш дастурига 100 миллион доллар жалб қилинади. Битирувчилар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 5 миллион долларлик “Венчур жамғармаси” ташкил этилади. Шу йилдан бошлаб ҳар йили “касб ваучери” дастури учун 20 миллиард сўм ажратиб борилади.

Тақдимотда хусусий касбий таълим ташкилотлари уюшмасини ташкил этиш, унинг фаолиятини молиялаштириш ҳамда “Кўникмалар парки” экотизимини яратиш режалари ҳам кўриб чиқилди. Соҳа муаммоларини давлат идоралари билан биргаликда тезкор ҳал қилиш учун доимий ишлайдиган рақамли мулоқот платформасини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз тақдим этилган чораларни маъқуллаб, хусусий касбий таълимни ривожлантириш, ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш, аҳолини талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.