Бугунги жаҳон технологияси даражасида олинадиган бўлса, Марсга учириладиган экспедиция парвоз давомида кучли радиация, сийрак атмосфера ва ҳаёт учун шароитларнинг йўқлиги каби жиддий хавф-хатарларга дуч келиши мумкин, деб таъкидлайди В. Смислов. Бу тўғрида “Аргументы и факты” газетаси ёзади.
Унинг сўзларига кўра, амалга ошириладиган миссия учун мос келадиган космик кемада “Қизил сайёра”, яъни Марс сайёрасига парвоз тахминан саккиз-тўққиз ой давом этади. Экспертнинг таъкидлашича, экипаж парвоз пайтида катта дозадаги космик нурланишни олади.
“Марснинг ўзида ҳам инсон жиддий ҳимояга муҳтож бўлади. Сайёра атмосфераси Ер атмосферасидан юзлаб марта сийрак ва тахминан 95% карбонат ангидриддан иборат бўлиб, космик радиациядан ҳимоя қилувчи глобал магнит майдони йўқ. Ўртача ҳарорат –60° атрофида”,– дея эслатиб ўтади эксперт.
Унинг фикрича, ҳозирда сайёрани автоматик аппаратлар ёрдамида ўрганишни давом эттириш мақсадга мувофиқ, чунки бундай шароитда амалга ошириладиган парвоз амалда “бир томонлама чипта”га айланиши мумкин.
Аввалроқ SpaceX раҳбари Илон Маск беш-етти йилдан сўнг инсон илк бор Марсга қадам қўйишини маълум қилганди. Унинг аниқлик киритишича, бу, эҳтимол, 2030–2032 йилларда Ер–Марс ўртасидаги иккинчи ва учинчи парвоз оралиғида содир бўлади.
Кейинчалик техномагнат Марсни оммавий мустамлака қилиш бўйича ўз прогнозини ўзгартирди ва муддатни 30 йилга, яъни 2055 йилгача узайтирди.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Марсни оммавий эгаллаш учун камида бир миллион киши ва бир неча миллион тонна юк керак бўлади. Мутахассис қўшимча қилишича, мўлжалдаги одамлар ва юкларни Марсга етказиш учун 20 йил талаб этилади, деб хабар берди rambler.ru.