“Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–69-сон, 27.04.2026 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, болаларнинг жисмоний-ақлий ривожланишида кузатиладиган нуқсонларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида комплекс ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш мақсадида 2026 йил 1 июнгача босқичма-босқич “Эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилади.

“Эрта аралашув” хизмати доирасида:

ногиронлик белгиланган ёки жисмоний-ақлий ривожланишида нуқсонлари мавжуд 3 ёшгача бўлган болаларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик) томонидан “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритиладиган махсус электрон реестрга киритилган нодавлат ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатилади;

болаларга махсус педагоглар томонидан коррекцион (ривожлантирувчи) педагогик ёрдам кўрсатилади ҳамда даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари томонидан комплекс ривожлантирувчи реабилитацион машғулотлар ўтказилади.