Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида фаолият юритувчи авиакосса раҳбари «Умра» зиёратига юбориш ҳуқуқига эга бўлмаганига қарамай, маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Саудия Арабистонига зиёратга юбориш эвазига 1150 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунга ўхшаш ҳолат Сирдарё вилоятида ҳам аниқланган. Гулистон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс 3 нафар фуқарони гўёки «Умра» зиёратини ташкил этиш ваколатига эга бўлган Тошкент шаҳридаги туристик фирма орқали Саудия Арабистонига юбориш эвазига жами 3150 АҚШ доллари талаб қилган.
Ушбу шахс сўралган маблағ ҳисобидан олдиндан 3,5 млн сўм олган вақтида ДХХ, ИЖҚҚД ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.