Бугунги кунда фуқароларнинг “Умра” ибодатини адо этишлари учун кенг имкониятлар берилган. Аммо айрим шахслар томонидан фуқароларни “Умра” зиёратига белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда, ноқонуний йўллар билан юборишга уриниш ҳолатлари учраб турибди. Оқибатда, инсонлар зиёратга бориш умидида маблағ тўплаб, турли ваъда ва баҳоналар билан сарсон-саргардон бўлмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларга чек қўйиш юзасидан ДХХ томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида мунтазам равишда фаол тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Навоий вилоятида ўтказилган фаол тадбирда Қизилтепа туманида яшовчи, 1979 й.т. шахс гўёки “Умра” зиёратига юборувчи туристик фирмалардаги яқин танишлари орқали 2 нафар фуқарони зиёратга юбориш эвазига фирибгарлик йўли билан 2500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу шахсга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманган шаҳрида яшовчи, 1981 й.т. шахс ҳам ўзини туристик фирма вакили сифатида таништириб, 3 нафар фуқарони “Умра” зиёратига юбориш эвазига жами 3150 АҚШ доллари талаб қилади. Ўтказилган фаол тадбирда мазкур шахс олдиндан 1100 dollarni олган вақтда ушланган. Маълум бўлишича, у муқаддам бир неча маротаба фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган ва ҳозирда ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми бўйича пробация назорати остида жазо муддатини ўтаётган бўлган. Ҳозирда унга нисбатан ҳам ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқароларни ноқонуний “Умра” зиёратига юбориш билан боғлиқ яна бир фаол тадбир Қўқон шаҳрида ҳам ўтказилди. Унда туристик фирма раҳбари “Умра” зиёратини ташкил этишга ҳуқуқига эга бўлмай туриб, 2 нафар фуқарони муқаддас зиёратга юбориш эвазига жами 2300 АҚШ dollarini олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу шахсга нисбатан ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.